Олтин эмас, Остин мерос

Олтин эмас, Остин мерос

4 йил аввал Намангандаги “Олтин мерос” жамғармасига чет эллик ижодкорларнинг катта гуруҳини олиб бориб, у ерда кўргазмага қўйилган қадимий буюмлар, қўлёзмаларни кўргандик. Аммо ўшандаям бу жой анча таъмирталаб эди.

Бугун япон шоир дўстимни ўша жойни кўрсатишга олиб бориб, ҳафсалам пир бўлди. Олтин мерос тамоман остин меросга айланибди, қаровсиз ташлаб қўйилибди. Сал нарироқдаги Машраб кинотеатри эса ҳожатхонага айланган…

Эски қўлёзмалар, осори атиқаларни битта хонага қулфлаб ташлашибди. Чамаси таъмирлаш ишлари бошланган, аммо иш чала-чулпа қолдириб кетилган.

Ўзи Наманганда чет эллик ижодкорга кўрсатиб, фахрланадиган бирор маскан бор-йўқлигини ҳеч ким билмайди. Машраб, Усмон Носир номидаги ва ё мундайроқ санъат ё адабиёт музейи бўлсин, деган гаплар бирор кишининг хаёлига ҳам келмайди.

Биламан, бу аҳвол фақат Наманганда эмас, исталган вилоятга боринг, меросимизни асраб-авайлаш билан боғлиқ ишлар ҳеч қониқарли даражада эмас. Тошкентдаги Навоий номидаги адабиёт музейи-ку нураб, музлаб ётибди!

Ҳокимиятлар, маданият, санъат, адабиётни ривожлантиришга масъуллар, сизларда на ватанпарварлик, на уят бор! Юраверинг кеккайиб! Миллий меросимиз остин-устун бўлаверсин! Чўнтагингиз олтинга тўлаверсин!