Сизда адабий ғурур борми, хонимлар ва жаноблар?
Сизнингча, мана бу янгилик учун қарсак чалишимиз керакми?
Менимча, йўқ. Сал бошқачароқ ўйлаб кўрайлик-чи:
1000 та китоб таржимаси бу ҳазилакам иш эмас. Бу шунчаки сон эмас, балки “машҳур” сифати юкланган сон. Демак, таржимага танланадиган китоблар ҳеч йўқ дунё китоб бозорига чиққан бўлмоғи, муаллифлари ҳам таниқли бўлмоғи керак. Бу чет эл адабиётидан 1000 нафар янги муаллиф дегани! Агар бир йилда 50 та янги асар таржима қилиниб босиладиган бўлса ҳам, 1000 та китоб учун 20 йил керак бўлади, яъни бу лойиҳа 2023 йили бошланиб, 2043 йили тугайди. Шундайми? Энди қўшимча саволларимни берсам:
Муаллифлик ҳуқуқи нима бўларкин?
Ўғринча таржима ва нашр ишларига йўл қўйилмайдими?
Тендер шаффоф бўладими? Мустақил нашриётлар тендерда қатнашишга қўйиладими?
Бир йилда 50 та асар таржимаси учун таржимон етарлими? Ким улар? Бир бет асар таржимасига қанча тўланади?
Харажатлар бюджетдан ечиладими?
Ва энг муҳими: ҚАЧОН ЎЗБЕКЧА АСАРЛАР ДУНЁ ТИЛЛАРИГА ТАРЖИМА ҚИЛИНИШИ ҲАҚИДА БОШ ҚОТИРИШАДИ?
Менимча, ким(лар)дир бюджетдан катта маблағ ундир(аёт)ганга ўхшаяпти…
Аслида, қайта босаман дейилса, ўзбекчага таржима асарлар етарли эди. Аллақачон танганинг иккинчи томонини ўйлашса бўларди.
2024 йил охирида натижасини кўрармиз ва халқ пуллари қайга кетди, деб сўрармиз. Сиз ҳам жим турманг, китобхон ва ижодкор дўстларим! Фикрларингизни шарҳларда ёзинг!
***
Кечаги 1000 та китоб ва мобил илова ҳақидаги қарорни ўқиб чиқдим. Тушунарсиз жойлари кўп, атайин шундай қилинганмикин ё?
Матбуот анжуманлари, очиқ микрофон ва халқ ҳузуридаги бошқа тадбирларда масъулларнинг (жумладан Ёш ижодкорлар кенгаши нодавлат нотижорат ташкилоти (Меҳриноз Аббосова?)нинг лойиҳа ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этиши, лойиҳа бюджетини очиқлаши, аввал ёзган саволларимизга жавоб беришини кутамиз.
Маълумот учун: ушбу лойиҳа учун 2023 йил учун 20 миллиард сўм ажратиларкан. Эртага 1 декабрь. Шунда 1 ойдаги иш учун 20 миллиард ажратилаётган бўладими ё қандай? Тушунтирворинглар!
***
“Ёшлар учун 1000 та китоб” лойиҳаси бўйича якшанба куни Ойина.уз ташкиллаштирган чатда масъуллар мавжуд маълумотларни душанба куни (яъни кеча) очиқлашларини айтишганди. Хусусан, экспертлар кенгаши аъзолари, 2023-2024 йилда таржима учун танлаб олинган 100 та китоб рўйхатини эълон қилишлари керак эди. Бугун Ёшлар ишлари ва Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги сайтларини кўрдим, ҳали бу ҳақида бирорта маълумот йўқ. Бошқа жойда эълон қилинса, бизгаям айтворинглар.
Масъуллар ўша куни камина ва бир нечта иштирокчи саволларига билганларича жавоб беришди, айрим саволлар очиқ қолди. Лойиҳа ҳали катта давраларда фаолроқ муҳокама қилиниши, сайқалланиши керак ва кенг жамоатчилик назоратида бўлмоғи жуда муҳим.
Ҳозирча билиб олганларимизнинг айримлари:
Лойиҳа доирасида бестселлерлар таржима қилинмас экан; ишни асосан нашриётлар амалга ошираркан, хусусан таржимон танлаш, китоб учун муаллифлик ҳуқуқини олиш нашриёт зиммасида; давлатга қарашли ва мустақил нашриётлар тендерда бемалол иштирок этиши мумкин; таржима учун фундаментал асарлар танланаркан. Биринчи тузилган рўйхатда адабий асарлар йўқ. Рўйхатга киритилган асарларнинг деярли 100 фоизи инглиз тилида ёзилган, демак инглизчадан таржима қилинаркан.
Чат охирида айтган илтимос/таклифларим:
Ҳеч йўқ бундай адабий-маънавий лойиҳа қилаётганлар, сизлар ҳалол бўлинглар, халқ пулига хиёнат қилманглар!
Экспертлар, таржимонлар рўйхати қаторида ҳар бир сўм бюджет пулини ҳам қайга, қанча, нимага йўналганини ҳамма кўриб туриш имкони бўлсин. Бунинг учун (тузиладиган) очиқ платформани ҳар доим янги маълумот билан тўлдириб турилсин.
Масалан, рўйхатда Ҳарвард олими ёзган китоб бор экан. Уни ким учун таржима қилмоқчимиз? Фаол ва илғор ўқувчилар, талабалар, олимлар учун бўлса, улар ўша асарни инглиз тилида ўқий олмайдими? Тор доирага мўлжаллаб таржима қилинадиган асарлар учун бюджетдан маблағ ажратиш шартми? Ёки Адиб Холид китобини таржима қиламиз, дейишди. Унинг китоби таржима қилиб бўлинган-ку.
Ваниҳоят: адабий ғурур борми сизларда, хонимлар ва жаноблар? Миллий ғурур таркибида катта адабий ғурур ҳам бўлмоғи керак! Сизда адабий ғурур йўқ, масъуллар! Қачонгача жаҳон адабиётини таржима қилишга халқ пулини ажратасиз-у ўзбекни дунёга бериш ҳақида ҳеч ўйламайсиз? Ҳеч қайси давлат ҳадеб бизга ўхшаб халқ пулини бошқа давлат адиблари, муаллифлари китобини таржима қилишга сарфламаяпти. Ривожлан(аёт)ган давлатлар ўз муаллифларининг асарларини бошқа тилларга таржима қилишга кўпроқ урғу беришади.
Бизда эса ҳатто Навоий асарлари ҳам 1 фоиз таржима бўлганмас — бу миллат учун уят! Мисол учун, кўп бўлмади, Сингапур Президенти турмуш ўртоғи Навоий ижодига қизиқиб қолиб, инглиз тилида бир дона китоб топиб беришни илтимос қилди, аммо топиб беролмадик… Қайдан ҳам топайлик ахир? Сал миллат шаънини ҳам ўйлармисиз, раҳбарлар?
Лойиҳани амалга оширишда эса ҳаммага омад тилайман. Жамоатчилик, айниқса ижодкорлар ва ОАВ унинг қандай бораётганини яқиндан кузатиб, кўз-қулоқ бўлиб туришни эсдан чиқаришмаса яхши. Илоё омадли, ҳалол лойиҳа бўлсин!
***
Ауууу, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёш ижодкорлар уюшмасидагилар! Йил тугаяпти-ку. “Эртага”, “яқин орада” деганингиз қачон? Қачон экспертларингизнинг бу йилги 50 та китоб рўйхатини эълон қиласизлар?
Ойина.уздаги дўстлар, эртага дейишганди-ку, а? Ё Афандимикин булар ҳам?
Жамоатчи фаоллар, китобхонлар, ижодкорлар, агар ўша рўйхатни кўрган бўлсангиз, менгаям юбориб қўйинг, ёки шарҳларда ёзинг, илтимос.
***
Ойина.уз ташкиллаштирган аудиосуҳбат: https://www.youtube.com/watch?v=GOgI9efCD6M