Финляндия Ёзувчилар уюшмаси раиси билан янги Ўзбекистон ва адабиёти ҳақидаги очиқ ва аччиқ суҳбатимиз “Parnasso” журналида босилди. Кимдир инглизча вариантини ўқимоқчи, таржима қилмоқчи ва адабий газета ё журналида босмоқчи бўлса, юборишим мумкин.
Агар бу каминадан бошқа ижодкор билан суҳбат бўлганда, УзА ё давлатга қарашли нашр тахминан мана бундай ёритармиди ё қандай? (Сиз ҳам вариантларни ёзинг!)
“Ўзбек адабиёти дунё бўйлаб кенг қанот ёзмоқда, эътироф этилмоқда! Муҳтарам Президентимизнинг адабиётимиз ривожига, чет элларда тарғиб этилишига, халқаро адабий муносабатларни кучайтиришга қаратаётган юксак эътибори ва ғамхўрлиги туфайли, Ўзбекистоннинг чин ватандоши, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени совриндори, бир неча шеърий ва насрий китоблар муаллифи Фалончи Писмадончиевнинг мамлакатимизда ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган мислсиз ислоҳотлар ҳақида дунёга машҳур, ЮНЕСКО ижодий шаҳарлар рўйхатига киритилган, жаҳонда энг тараққий этган мамлакат ҳисобланган Финляндия пойтахти, Европанинг энг ривожланган шаҳарларидан бири бўлмиш Ҳельсинкида чиқадиган нуфузли адабий журналдаги катта суҳбати 6 миллион одамнинг доимий мулоқот тили саналган фин тилида эълон қилинди!”
Ёзувчилар уюшмаси-чи?
“Ҳукуматимиз йиллар аввал халқаро адабий алоқаларни кучайтиришга оид чиқарган қарорини ҳаётга тадбиқ этган ҳолда, Уюшмамизнинг фаол аъзоси, “Шуҳрат” медали соҳиби, “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишони совриндори, асарлари ўнлаб хорижий тилларга таржима қилинган Писмандочининг жонажон Ватанимизда адабиёт соҳасида амалга оширилаётган каттадан-катта ютуқлар ҳақида фан ва таълим энг ривожланган, Ўзбекистон кўп соҳада андоза олаётган Финляндия пойтахтида 10 минг нусхада чоп этилувчи энг йирик адабий журналда шу мамлакат ёзувчилар уюшмаси раиси билан катта интервьюси нашр этилди.”
Ҳаваскор ижодкор:
“Асарларим Россияда инглиз тилида, Кореяда француз тилида, Туркияда япон тилида чиққанди. Мана энди Африка қитъасидаги Финляндияда ҳам босилди!”