Саёҳат учун маблағ қаерда?

Дунё бўйлаб саёҳатларим акс этган суратлардан улашиб борарканман, бир дўстимиз сўраяпти: Бундай саёҳатлар учун катта пул керак, сиз маблағни қаердан олардингиз?

Бу саволга қисқа жавоб бермоқчи эдим, аммо бир оз кенгайтирб ёзсам, кўпчиликка фойдали маслаҳат бўлиши мумкин.

Камина чет элга саёҳатни 1988 йилдан бошлаганман. Биринчи марта Қримдаги “Артек” халқаро болалар оромгоҳига бориш учун икки қаватли катта учоққа (jumbo jet) ўтирганим эсимда. “Артек”ка жамоат ишларида фаоллигим, ўқишдаги аъло ютуқларим учун бепул йўлланма билан тақдирлашган. Мактаб, шаҳар ва вилоят ўқувчилари ҳаётидаги деярли ҳамма жамоат тадбирларида қатнашардим, математика, физика, адабиёт бўйича фан олимпиадаларига борардим, катта-кичик саҳналарда шеър ўқирдим, солист бўлиб миллий ва эстрада ансамблларида қўшиқ айтардим, радиода бошловчи эдим. Саҳналарга чиққанда ҳеч оёғим қалтираган эмас :grinning:

Кейинги сафарлар эса озроқ чет тилини билганим ортидан бири бирига уланиб кет(моқда)ган. Масалан, 2004 йилда АҚШдаги Айова резиденция дастурига борганман, ҳамма харажатларни қоплашган. Бир жойга борсам, у ерда таниш-дўстлар орттираман, қайтганимдан кейин ҳам улар билан хабарлашиб тураман, шу тариқа борди-келди йўлга қўйилади.

Баъзан каттароқ халқаро анжуманга Ўзбекистондан кимни таклиф қилсак, деб ўйлашади, Интернетдан ахтаришади, экспертлардан сўрашади, ва… сал-пал дунёга чиқиб юрган каминани топишади.

Кўп ҳолларда ижодий сафарларим билан боғлиқ харажатлар — учоқ билети, тураржой, озиқ-овқатни ташкилотчи ўз зиммасига олади. Гоҳида каттароқ анжуманга бориб, спикер бўлсангиз, яъни алоҳида тақдимот, маъруза қилсангиз, мушоирада қатнашсангиз, символик гонорар ҳам тўлашади.

Айрим ҳолларда, адабиёт фестивалига илгари учрашган баъзи дўстларим ҳам бораётган бўлса, камина учоқ билетини сотиб оламан (агар жуда қиммат бўлмаса), қолган харажатлар таклиф этган томон зиммасида.

Гоҳида бирор халқаро тадбир ташкилотчиси Сизни бирор жамғарма билан боғлаб қўяди ва ўша жамғарма барча харажатларингизни қоплаб беради. Менга Амстердамдаги Шаҳзода Клаус фонди ёрдам берган. Одатда, ривожланган (бой) давлатлар катта анжуманларга таклиф қилишса, сиздан бир сўм ҳам сўрашмайди.

Кўпинча, узоқроқ бир мамлакатга бориш учун яна бир мамлакатда тўхташингизга тўғри келади (транзит). Бу имкониятдан ҳам фойдаланиб, аэропортдан ташқарига чиқаман, бир-икки кун тураман. Кўп мамлакатларда танишим, дўстларим бор, уларнинг уйларига бораман, ҳеч йўқ кафеда бир пиёла чой ичамиз.

Ва ё Европага борсам, фақат бир мамлакат билан чекланмайман. Шенген зонасида 27 давлат бор, яъни Шенген визаси билан бемалол, масалан, Германиядан қўшни Франция ё Нидерландияга ўтишингиз мумкин. Мен кўпинча автобусдан фойдаланаман: анча арзон 😉

Яна бир томони шуки, қайси мамлакатга борсам, асосан инглиз тилида мулоқот қиламан, аммо Колумбияга бориш учун испан, Францияда юриш учун француз, Германияда яшаш учун немис тилини атайин ўрганганман, ва ҳоказо. Чет элликлар ҳам, худди бизда хорижлик ўзбекча гапирса суюниб кетганимиз каби, уларнинг тилида сўзлашганим учун жуда хурсанд бўлади.

Яна, бу дунёда иложи борича бошқаларни яхши кўриб, самимий муносабатда бўлиб яшаш ва сафар қилиб ўтказишни ният қилганман. Кимнидир қойил қолдириш мақсадим эмас, шунчаки имконият бўлганда чин дилдан фойдаланаман холос. Энг муҳими, кўрган-билганим яхши ва фойдали нарсаларни бошқалар билан бўлишиб яшаш одатим бўлди: Алҳамдулиллаҳ, йўлларим очиқлигини шундан деб биламан.

Биринчи чет эл саёҳатим 13 ёшимда бўлган, энди 50 ёшни қоаралаяпман, яъни ким учундир кўпдай туюлаётган саёҳатларим амалга ошиши учун 37 йил керак бўлди. :grinning:

Мароқли ижодий сафарлар сизларга ҳам насиб этсин!

Яна бошқа саволларингизни ҳам юборинг, эринмай жавоб бераман!