Ану Ўзбекистонни Россияга қўшиб олишни таклиф этган Захарнинг бир жойини заҳарламоқчи бўлганлар, катта хавф уни қўллаётган қарсакбозларда эканини кўрмаяпсиз чоғи. Чет эллардаги сарсон миллионлаб қоракўзларимиз ҳақида ҳали бирор яхши гап эшитган эмасмиз. Уларга ўз юртимизда шунчаки иш эмас, балки оиласини тебратишга етарли ойлик берадиган иш зарур. Шуни таъминлай олмас экансиз, баландпарвоз гапларингиз меҳмон ишчиларга ва Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигига отилаётган тошларга қалқон бўлолмайди, жаноблар!
Мен юртимизда баланд минбардан кўп чиройли гапларни айтиб, аслида ҳеч нарса қилмайдиган сохта ватанпарварларга ишонмайман. Аммо асл хавф ўша сохта овозларга қарсак чалиб турган ўзимизникиларда! Хавфнинг каттаси ичимизда экан, ҳушёр бўлайликки, улар турли бизнеслар, атом заводи барпо этиш ва иғво қўзғатиш йўли билан ичимизга кираётганларга эркимизни ҳам икки қўллаб топширганча, қарсак чалиб тураверади!