Эски гаплар ва ўлик адабий ғурур

“Замонавий адабиётимизни ривожлантириш мақсадида пойтахтимизда Адиблар хиёбони, Ёзувчилар уюшмасининг муҳташам биноси барпо этилди, янги ижод уйлари қурилди. Самарали ижод қилаётган адиблар имтиёзли асосда янги уй-жойлар билан таъминланди. Ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Зомин семинари қайта тикланди. 100 жилдлик “Туркий адабиёт дурдоналари”, 30 жилддан иборат “Мустақиллик даври навоийшунослиги”, “Қорақалпоқ адабиёти дурдоналари”, “Мард аскарга совға” сингари адабий мажмуалар нашр этилди.”
Иқтибос тугади.

Ҳеч қанақа янги гап ё ташаббус йўқ. Йиллар аввал хиёбон ва муҳташам бино қурилгани билан яна неча йил мақтаниш мумкин? Имтиёзли эмас, шунчаки уй-жойлар тақдим этилганлар-чи? Нима иш қилибди улар?

Истеъдодлиларнинг оҳи ҳисоботларга тушиб, уларга тегишли шароит ва кўмак берилгунча, ҳаммаси тумтарақай қўшни ва узоқ ўлкаларга меҳмон ишчи бўлиб қочиши ва ё мукофот-у имтиёзларга илиниши учун маддоҳга айланиши қолдими?

Қатор дурдоналар нашр этилибди-ю, ҳеч йўқ Навоийнинг бир дона китобини инглиз тилига таржима қилиш хаёлларига келмабди. Ижод уйи барпо этишибди-ю, биронта халқаро адабиёт фестивали, халқаро шеърият фестивали, ҳеч йўқ халқаро ижод уйи очиб, бу борада илғорроқ халқлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйишни ўйлашмабди.

Ҳа-я, бу ишларни ким ҳам қила оларди? Ҳукумат фақат бир ҳовуч маддоҳларнигина тан олса, қўлласа, мукофотласа. Адабиёт, санъат, кино ва театр мустақллиги деган тушунча ва ҳаракатлар бу ерларга ҳам етиб келгунча “Шуҳратин олам ичра пайдо қил, Олам аҳлин аларга шайдо қил” дегувчи Навоий ҳам унутилиб кетади.

***
Сиз бу борада қандай фикрдасиз?