“Ким зўр” танлови
Йил сўнгида бошланди тағин
“Ким зўр таклиф айтар?” танлови,
Ҳокимларнинг очилди жағи
Тошди сахийлигу сийлови!
Бири деди: Кимки зиёда
Озар бўлса тўлайман милён.
Яна бири: “Юрсанг пиёда
Бергум Дубай-чипта, ё Чимён!”
Бошқасидан гап тарқар ҳамон:
“Ким ажримни камайтирса, бас,
Пулга тўлар қуп-қуруқ ҳамён!” –
Ваъдалардан халқ сармаст, хуллас…
Шунда чиқар элбоши: “Балки
Ғолиб бўлгум танловларингда.
Келгуси гал – таклифим шулки —
Қатнашмайман сайловларингда!”