Бугун журналист, олима, жамиятшунос Маркета Мур ўзининг “альма-матери”, 1911 йили очилган Ҳонгконг университети (HKU) билан таништирди. Бу ердаги биринчи олий таълим даргоҳи, HKU дунё рейтингида 50 та энг яхши университет рўйхатида туради, 30 мингга яқин талабаси бор. Кутубхонаси, музейлари, ҳовли ва боғлари ўта гўзал, илк қадимий биносининг шифти баланд, зиналари ёғочдан, тарихнинг ёқимли иси келади.
Асли чехиялик бўлган Маркета билан ўтган йили Ўзбекистонга қилган сафари, хусусан, қуриётган Орол, дунёга очилиши жуда қийин бўлаётган адабиёт ҳақида гаплашдик.
Ҳонгконгда жуда кўп кўрфазлар – қуруқликка уланган, уммонга олиб чиқувчи сув йўллари, соҳиллар бор. “Бей” (bay) дейишади. Менга “бой” деб эшитилади. Бу кўрфазга яқин жойларда яшовчилар ҳар томонлама омадлидай кўринади: ҳам тоза сув, ҳам яшил ўрмонлар ва боғлар, ҳам мусаффо ҳаво, ҳам қулай транспорт. Шукур деб яшамоқ учун ҳамма нарса бор!
Ҳатто шунча яшиллик ичра ҳам, автомобиллар ва автобусларни электрлаштиришган! Мана бундай қулай воситаларгача аккумуляторда. Бўлмабди! Кислородимиз етарли-ку деб, балонларни, ўтинларни ёқиб, ҳаммаёқни тутатиб ташлашмайдими-а биздан ўрнак олиб?! Ергача эгилиб-қайрилиб кетса-да, барг ёзишда давом этаётган дарахтлар бор. Баъзи инсонлар ҳам шундай: золимлар зулмига қарамай, гуллашда давом этаверади.
Трамвайда Ҳонгконг оролидаги Виктория чўққисига 8-10 дақиқада чиқилади. Бу темирйўл 1888 йили ишга туширилган, пастдан чўққигача масофа қарийб 1400 метр. Чиқиб ё тушиб бориларкан, бутун шаҳар кафтдагидай кўринади. Чўққи кўнгилочар ўйинлар майдонлари, Мадам Туссо мумҳайкаллар музейи, кинотеатр, кафе-ресторанларга тўла.
Ҳонгконг резиденция дастури ҳам тугай деб қолди. Бир ой кўз очиб-юмгунча ўтди. Қадрдон бўлиб қолган бу жойлар ҳали кўп соғинтиради. Аллоҳ насиб этса, яна қайтамиз.
Доктор Нг Тор Тай номидаги халқаро уй бир ой ичида тўртта мамлакатни озми-кўпми кезиб толиққанимда чарчоқ чиқарадиган беминнат ошёним бўлди.
Фусункор боғлар-у ўрмонлар, катта-кичик ям-яшил ва ифорли парклар, ёруғ хиёбонлар, гавжум кўчалар, метро ва автобуслар, ўқув даргоҳларида тоза нигоҳларим қолди. Яхши одамлар даврасида гоҳ кулгум, гоҳ қайғум, гоҳ шодлик, гоҳ армоним тинмай янграб турди, алҳамдулиллаҳ!
Яхши қол, яхшироқ одам бўлишимга гувоҳ бўлган дилтортар шаҳар – Ҳонгконг! Ҳамиша бор бўл! Яна бошқа кўплаб ўзбек ижодкорларга қайноқ ва ифорли бағрингни оч!
Бир ой ичида зериктириб қўймадимми? “Халқаро ижодкор” бўлишга сал бўлсаям илҳомлантиролдимми? Фойдали нимадир ўрганолдингизми? Нима?
Денгиз устига қурилган Ҳонгконг-Макау кўприги 55 км. Бу эса олийгоҳни парк билан боғловчи митти кўприк. Моҳият бир хил: бузиш эмас, боғлаш, яқинлаштириш. Мен сизларни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи кўприкман. Бундай кўприклар қанча кўп бўлса, шунча яхши! Биласизми, нега? Яшаш ва ўлим осонлашади! Ўзингиздан рози-рози кетасиз!
Кузатувчиларим орасида ё ийманиб, ё ғурурлари йўл қўймай, савол беролмай турганлар бор. Қўрқманг, мен сизнинг бирор нарсангизга эга чиқмоқчи эмасман. Эсингизда бўлсин, мен ҳамиша биринчи ҳам бўлмоқчи эмасман. Мен сизларга илғорроқ, кучлироқ бўлишда, керак бўлса, биринчилардан бўлишда ёрдам беришим мумкин холос.
Фақат гоҳида ёрдамимни эслаб, дуо қилиб қўйсангиз бас. Нимадир нотўғри қилаётган эсам, юзимга айтаверинг. Ҳаммага омад!
Февраль-Март, 2024 йил, Ҳонгконг-Манила-Макао-Пекин