Орол ва Солтон денгизлари

Ўтган куни Калифорниядаги қуриб-сўлиб бораётган денгиз ҳақида ёзаман, дегандим. Хуллас, Орол денгизи билан тақдири ўхшаш бу Солтон (Salton Sea) отли денгизнинг. Суви одатий денгиз сувига қараганда икки карра шўрроқ. Шу боис ўта мослашувчан балиқлар, ўсимлик ва қушларгина ҳозир у ерда яшаб қолмоқда, қолганлари ё нобуд бўлган, ё кўчиб кетган. Оролбўйи аҳолиси каби у ердан ҳам аҳоли унумдорроқ ерларга кўчган.

Аммо…
Солтон денгизи усти ва атрофида кезганимиз 2013 йилда ўша атрофда яшовчи ва ишловчи бир киши билан қилганим суҳбат ҳеч эсимдан чиқмайди. Исми эсимда йўқ, лекин юрагим тўлиб мен унга Орол ҳақида сўзладим. “Қандоқ фожиа!” дедим ўзимча. Ва суҳбатдошимнинг жавобидан сергак тортдим!

“Сиз бу муаммога фожиа деб қараркансиз холос, биз эса йўқ. Тўғри, денгизнинг қуриши ўта нохуш ҳодиса. Аммо биз фожиа экан деб қараб ўтирмаймиз. Бу биз учун “имконият” ҳам” деди! Сўнг қақшаб, шўрлаб ётган ҳудудда қад ростлаган термоэлектростанцияни кўрсатди! Улар қуриб қолган ер остидан буғ тортиб, унинг ёрдамида станция қуришган, ўша ҳудуддаги катта маҳаллаларни электр токи билан таъминлашга ўтишган экан…

Баъзан фожиа деб билганимиз воқеа-ҳодисалар ортида қандай катта имкониятлар ётганини билмаймиз. Ҳар бир ишда ҳикмат бор.

“Мулк” (Таборак) сурасини эсланг. Менга унинг охирги ояти Орол ва унга тақдирдош денгизлар ҳақида айтилгандай туюлаверади:

«Айтинглар-чи, агар сувларингиз ерга сингиб кетса, сизларга ким оқин сувни келтирур? Ўзидан бошқа ҳеч ким!»