Ҳонгконглик ёзувчи Йи ВОНГ ва Аъзам Обид суҳбати
Йи ВОНГ – ёзувчи, эссенавис, драматург, муҳаррир – Ҳонгконгда туғилган. “Катта шаҳар ишқ ўйинлари”, “Лам Йип учун тўрт фасл”, “Ямоқ”, “Янги ҳикоялар” китоблари, кантон тилидаги опера театрида намойиш этилган “Бизга ўхшаш аёллар” ҳамда “Масъуд оила” мультимедиа концерти учун ёзилган либреттолар муаллифидир. 2018 йили у Ҳонгконгда санъатни ривожлантириш бўйича таъсис этилган мукофотга лойиқ кўрилган. Асарларида кўпинча Ҳонгконг бой тарихи ва маданиятини қаламга олади.
Аъзам ОБИД: Йи, суҳбатга рози бўлганингиз учун раҳмат! Айтинг-чи, ҳозир Ҳонконгда ёзувчи ё шоир бўлишнинг юки қандай?
Йи ВОНГ: Ҳонгконгда ёзувчи ё шоир бўлиш бу ўз санъат-ижодинг учун қилаётган ҳар бир ишингни чин дилдан севиш дегани. Ишончим комилки, ҳонконглик ижодкор ҳамкасбларимнинг аксарияти “адабиёт биз қандайдир фойда олиш ёки шон-шуҳрат учун шуғулланадиган нарса эмас”, деган фикрга қўшиладилар, чунки бу каби шиддатли ва материалистик шаҳарда адабиёт орқасидан на униси ва на бунисига эришиб бўлади, қайтанга бошқа кўплаб машғулотлар борки, улар билан машғул бўлиш кўпроқ наф келтириши мумкин. Айнан шунинг учун ҳам ҳонгконглик ёзувчиларнинг ўзлари танлаган санъатга бўлган муҳаббати ва садоқати соф ва жўшқиндир, яъни биз қимматли вақтимиз ва кучимизни бошқа кўплаб муносиброқ нарсаларга сарфлаш ўрнига, бизни таслим бўлишга ишонтирмоқчи бўлган ҳар қандай ҳаракатга қарамай, алоҳида вақт ажратган ҳолда ижод оғушига – қайта ва қайта ёзув столларимиз ва китоб жавонларимизга қайтамиз. Аслида ҳам, сокин ва қатъиятли меҳнат натижасида юзага келувчи адабий мевалар бундай қилишимизга арзийди. Тарих ва бошқа маданиятларга ҳурмат ўлароқ, хилма-хил тафсилотлар ва дунё воқеларига эътибор қаратувчи жуда кўп ноёб овозлар ва хаёлий ҳикояларнинг юзага келганини кўриш қандай мароқли!
Мен ўзим 15 йилдан ортиқ вақтдан бери бадиий адабиёт билан шуғулланиб келмоқдаман, шу кунгача нашр этилган тўртта китобим талабалик даврим ва ё расман ишлаб юрганим чоғларда қоғозга тушган. Бу китобларга кирган асарларнинг барчаси аввал қайсидир газета ё журналда босилган. Ўша пайтлар эрталаб соат 3 да уйғониб, университетга боришдан олдин нимадир ёзишга ҳамда якшанба куни чиқадиган газета учун ҳикояларни тезроқ топшириш учун кечки соат 6 дан кейин дарҳол ишдан уйга чопишимга тўғри келарди. Мен ўз ҳаётимнинг бошқа соҳаларида “интизомли одам” бўлишим шарт эмас деб ҳисоблайман, лекин ёзиш, бадиий ижод ортидан келадиган қувонч ҳисси мени деярли барча бўш вақтимни ўзим севган санъатга сарфлашимга мажбур қилади.
Аъзам ОБИД: Сиз ўтган йили АҚШдаги машҳур халқаро Айова ижодий дастурида иштирок этдингиз. Дастур Сизга ёқдими, ундан ўзингиз учун қандай хулосалар чиқардингиз?
Йи ВОНГ: Кўпдан буён Айова университетидаги кузги ижодий резиденцияда қатнашиш орзуим бор эди, ўша орзу ниҳоят рўёбга чиқди. Мен катта тажрибали бундай халқаро адабий ҳамжамиятнинг бир қисми бўлганимдан фахрланаман, қолаверса, жаҳон адабиётини ўрганиш ва ўз ижодимга кўпроқ эътибор қаратиш учун ҳали кўп нарсалар қилишим кераклигини сезаман. Мен Айовада хорижлик ёзувчи ва шоир ҳамкасбларим, уларнинг ижоди ҳақида билиб оламан, дея умид қилгандим, лекин бу ижодий жараёнда ўзим ҳақимда қанчалик кўп нарсаларни ўрганганимдан ҳайратдаман. Ушбу дастур менга бошқа ёзувчиларнинг дунёқарашлари ва уларнинг ўз ишларига қандай ёндашишларини кўриш орқали ўз ижодимдаги одатлар ва нуқтаи назарларим ҳақида фикр юритиш, янги адабий тажрибалар йўлидаги барча “заруратлар” ҳақида ўзимни ҳам синаб кўриш учун бир имкон бўлди. Айова дастури мени дунё ижод аҳлидан ўрганишни давом эттирган ҳолда ўз ижодим билан ҳамиша олдинга интилишда янада дадилроқ ва жасурроқ бўлишга ўргатди.
Мен кези келганда “йўқ” дея олишни ҳам ўргандим. Айова дастури директори Кристофер Меррилл биз билан илк учрашув чоғида вақтимизни тежаб сарфлашни маслаҳат берди. У дастур амалга ошираётган бирор нарса биз ўзимиз қилаётган ишдан муҳимроқ эмаслигини, дастур доирасида қайсидир тадбирга бориш-бормасликни ўзимиз ҳал қилишимиз мумкинлигини айтди. Муҳаррир, судья, маъмур, ўқитувчи ва ҳоказо бўлиб бир-бирига ёрдам берадиган адабий муҳит ҳукм сурган ердан келган ёзувчи сифатида ўша пайт чиндан ҳам мен бир ижод одами ўлароқ ўзим қилмоқчи бўлган нарсани амалга ошириш учун жуда заиф эканимни ҳис қилдим. Жамоамдаги кўплаб ёзувчилар менга олдингизга доимий равишда талаблар қўювчи бугунги дунёда ўз вақтимни тўғри сарфлаш ва куч-ғайратимни сақлаб қолиш қанчалик муҳимлиги ҳақида турли йўллар орқали сабоқ беришди. Айовага бормаганимда, бу нарсларни ўрганиб олмаган бўлардим.
Аъзам ОБИД: Сизнингча, замонавий/муваффақиятли ёзувчи ё шоир билиши керак бўлган учта муҳим нарса нима?
Йи ВОНГ: Ўз ижодим мисолида ўрганганим учта муҳим нарсани келтиришга ижозат берсангиз:
1) Аввало, ўзингизга содиқ бўлинг. Ҳар доим атрофингиздаги одамлар сизга (меҳрибонлик ёки бошқа йўл билан) ҳамма нарсани ўз хоҳишларига кўра қилишингизни сўрайдилар, аммо Сизнинг ўз ноёб овозингиз ва нуқтаи назарингиз Сизнинг ижодингизга ўзига хослик бахш этади. Қайси маслаҳатларни қабул қилиш ва қайси ташқи овозларга эътибор қилмасликни аниқлашни ўрганиш – мен доимо устида ишлашим керак бўлган нарсалардир.
2) Ўзингизга ғамхўрлик қилинг. Агар менинг фаровонлигимнинг бирон бир жиҳати (жисмоний, ҳиссий, ижтимоий ва ҳ.к.) сезиларли даражада бузилган бўлса, яхши асар ёзишни деярли имконсиз деб биламан, шунинг учун мен доимо тик ва тўғри ўтиришни, дўстларимга қўнғироқ қилишни унутмайман, шахс сифатида ўсиш ва ўз устимда ишлашни канда қилмайман.
3) Тирикликдан завқланинг, хурсандчилик қилинг! Айтмоқчиманки, биз ижодни деб кўз нуримизни йўқотамиз, бўйин оғриғидан азоб чекамиз. Агар қариб-қартайгунимизча ҳаёт ва ижоддан имкон қадар кўпроқ завқланиб қололсак, йўқотганларимизга арзирди.
Аъзам ОБИД: Сизнинг адабий агентингиз борми? Ҳонконгдаги адабий агентликларнинг аҳволи қандай?
Йи ВОНГ: Ҳозирда менинг адабий агентим йўқ, лекин таржима қилинган китобларим халқаро бозорга чиқиши ва чоп этилиши учун шундай агентга эга бўлишни жуда хоҳлардим. Ҳонконгда хитой тилида ижод қилувчилар учун адабий агентларга эга бўлиш маданияти ҳали унчалик шаклланган эмас. Ҳар ким ўз лойиҳаси билан хоҳлаган нашриётига мурожаат қилиши мумкин. Таржимонлар, кинорежиссёрлар ва бастакорлар ҳам бевосита муаллиф билан боғланиб, ҳамкорлик ҳақида музокаралар олиб боришлари мумкин. Менимча, бу ҳонконглик ёзувчиларни халқаро нашриёт бозорида ноқулай аҳволга солиб қўяди, чунки бу ердаги кўплаб ёзувчилар адабий агентлар мавжудлигини ва уларнинг хитой тилида сўзлашувчи бозордан ташқарида нашр этилишида қанчалик муҳим эканлигини ҳали яхши билишмайди.
Яхшиямки, ҳозирда Ҳонконгдаги ёзувчилар тобора мамлакат ташқарисида жойлашган адабий агентларни қидириш йўлига ўтмоқдалар, улар билан шартнома тузмоқдалар ва уларнинг китоблари (ҳам бошқа тилларга таржима қилинган ва ҳам хитойча асл нусхалари) чет элларда жуда яхши натижаларга эришмоқда. Умид қиламанки, нашр, таржима орқали тобора кўпроқ одамлар Ҳонконг адабиёти ҳақида кўп нарсаларни билиб олишлари мумкин. Адабий агентлар ва муҳаррирлардан шуни илтимос қилардимки, ўзларига қизиқ ҳонконглик ёзувчилар билан ҳам боғланишса, ҳамкорлик ўрнатишса, бизникилар ҳам улар билан мулоқотдан хурсанд бўлишарди!
Аъзам ОБИД: Ҳонконгда одамлар китоб ўқишни яхши кўришадими? Сизларда шеъриятга қизиқиш сусайиб кетмаганми?
Йи ВОНГ: Ҳонконг китобхонлиги билан машҳур эмас ва бу ерда камдан-кам ҳолларда кимнингдир омма олдида китоб ўқиётганини учратасиз. Шунга қарамай, Ҳонконгда китоб ўқишни ва адабий асарлардан завқланишни яхши кўрадиган одамлар етарли, айнан уларнинг китобга бўлган иштиёқи адабий саҳнамизни бақувват ва гўзал ижодий ҳолатда сақлаб туради. Ашаддий китобсеварлар дарҳол кўзга ташланмас, аммо улар ўзлари ишонадиган ёзувчилар, шоирлар, ноширлар ва китоб сотувчилари учун ҳамиша ўз ёрдамларини таклиф этишга тайёр туришади.
Мен шеърият ҳар доим жамият ҳаётининг кўз илғамас бир четида бўлганини ҳис қиламан, аммо Ҳонконг адабий доираси учун шеърият ҳар доим алоҳида ўрин тутади. Ҳонконг адабиётини севувчи ҳар бир киши, эҳтимол, Люн Пинг-кваннинг таомлар ва саёҳат ҳақидаги шеърларини, Си Сининг дунёни меҳр ва болаларча ҳайрат билан кузатувчи хаёлий шеърларини ва Ям Гонгнинг кантон тилидан ўзига хос жозибали тарзда фойдаланиб битган шеърларини ўқиган бўлиши мумкин. Ҳонконг шоирлари доимий равишда ўз асарларини хитойча аслиятда ёки таржимада ёзадилар ва нашр этадилар. Мен севиб ўқиган, яқинда нашр этилган хитойча-инглизча икки тилли китобларнинг баъзилари мана булар: Си Сининг «Жониворлар карнавали» (Женнифер Фили таржима қилган), Ҳо Фук-яннинг «Коронавирус пайтидаги ишқ» (Тереза Шен таржимаси), Ям Гонгнинг «Тошни силжитиш» (Жеймс Шеа ва Дороти Це таржима қилган) ҳамда Дерек Чунгнинг “Ўзи йўқ Ча Ча Чаан Тенг» (Мей Ҳуанг таржимаси). Агар шеъриятни ёқтирсангиз, маслаҳатим шуки, Ҳонконг шоирлари ва таржимонларининг ишларини ҳам бир кўздан кечиринг!
Аъзам ОБИД: Марказий Осиё адабиёти ҳақида бирор нарса биласизми? Ўзбекистон адабиёти тўғрисида, масалан?
Йи ВОНГ: Мен ҳали Марказий Осиё адабиётини, жумладан Ўзбекистон адабиёти намуналарини ўқиш имконига эга бўлмаганимни айтишга бироз уяламан, лекин биламанки, бу халқларда жуда кўп ажойиб шеър ва афсоналар мавжуд ҳамда улар узоқ тарих давомида кўплаб тиллар ва маданиятлар таъсирида бўлган. Албатта, менга шарқ шеърияти, масалан, Румий шеърлари ва “Минг бир кеча” эртаклари таниш. Айова резиденция дастурида қозоғистонлик Айгерим Тайжи билан танишганимдан хурсанд бўлдим, у ижодида табиат рамзларидан моҳирона фойдаланадиган шоира экан. Айова дастури давомида мен ғазал жанри ҳақида, унинг Марказий Осиёда ҳам машҳур жанр эканлиги ҳақида билиб олдим. Умид қиламанки, тез орада Марказий Осиё ва Ўзбекистон адабиётидан қилинган яхши таржима китоблар қўлимга тегади ва бу минтақа адабиёти ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўламан!
Аъзам ОБИД: Самимий жавоблар учун раҳмат, дўстим!
2024 йил Ҳонгконг -Тошкент