Икки шеър таржимаси

ЯНЛАН Ю

(Хитой-Канада)

Ялпоқбарг

 

Ёзув столимнинг қаршисида ул

Ҳар гал бош кўтарсам тушар кўзимга

Тебранмас, сокин.

Ҳар битта япроғи скрипка мисол,

Неча куй, яллалар унда яширин.

Ўйинга тушарлар фақат тушимда

Оҳиста-оҳиста суяб бир-бирин.

Саҳар кўзим очсам атрофда сеҳр,

Мусиқий ноталар ер билан битта,

Новдалар ўнгида туғилади шеър…

Тинмай машқ қилурлар

Ёниқ маҳорат,

Завқ олиб, шавқ сочиб толиқмаслар ҳеч.

Мен-чи, кечмоқдами шунчаки фурсат?

Ва ёхуд улардай топурман таскин,

Ҳамон ўзгаришлар ичдами фақат,

Ташда кўрингани тебранмас, сокин.

 

***

КАРЛОС РАМОС

(Португалия)

Сафардафтар

 

Офтоб ямлаб ташлаган девор

Кавагида унар чечаклар

Оғизлари ланг очилади

Бул айёмнинг мовий рангига

Шовуллаган сув нигоҳида

Кашф этилмай маънолар қолгай

Митти томчиларни кўрсатмайди тонг

Кўздан ғойиб бўлар дафъатан

Қўлларимни қўйгум деворга

Ичиндаги сукут-жимжитлик

Тоғ-тошларнинг саси, садосин

Баҳру денгиз тафти ва яна

Сир-тилсимни сезгум ногаҳон

Очиқ осмон бағрига уни

Қандоқ битмоқ мумкин билмасман.

Юмаман-у қароқларимни

Узиб олгум тоза қўл билан

Шу шеърни.

 

(Аъзам Обидов таржимаси)