Венадан сал ташқарига чиқаркан, ўзингизни ям-яшил табиат бағрида кўрасиз.
Марказий Европада жойлашган Австриянинг 9 миллион аҳолиси бор, 60 фоизини Альп тоғлари қоплаган, давлат тили – немис. Грац, Зальцбург, Линц, Инсбрук каби шаҳарлари бор. Пойтахт Вена ва унинг атрофларида 3 миллион киши яшайди. Бу – Австрия парламенти. Эшиклари ланг очиқ. Бу ерда темир панжара билан ўралиб, махсус қўриқланадиган бинони учратиш қийин.
Пойтахт Вена манзаралари. Кўҳна қасрлар, бой тарих иси келган саройлар, суратлари катта ва шифти баланд залларни тўлдирган музейлар, ўқув даргоҳлари, яшил хиёбонлар – томоша ва сайр қилиб тўймайди одам.
Шаҳар ичидаги асосий транспорт – трамвай ва ерости метроси (у-бан). Веналиклар жуда хушмуомала, тўхтатиб саволга тутсангиз, эринмай жавоб беришади, йўл кўрсатиб қўйишади.
Тоғ ва булоқлар суви Венадаги водопроводга уланган, бу ерда сувни уйда ҳам, кўчаларда ҳам фильтрламай бемалол ичиш мумкин!
Вена асосан мусиқа шаҳри сифатида машҳур. Йирик бастакорлар Моцарт, Бетховен, Штраус, Шёнберг шу ерда яшаб, ижод қилган. Уни кезиб, ўтмишга тушиб қолгандай бўласиз. От араваларга чиқиб, музейлар кварталига кирганча тарих қўйнидан чиққингиз келмай қолади. Қизиқ фактлардан бири шуки, Венада кўршапалакнинг ўндан ортиқ тури бор, аммо кўп аҳолининг бундан хабари йўқ.
Австриядан турли соҳалар бўйича Нобель мукофотига лойиқ кўрилганлар 20 дан ортиқ, шулардан иккиси адабиёт соҳасида Нобель олган: Элфрида Елинек ва Петер Ҳандке.
2024 йил апрель