Австриядаги ўзбек шоири – Сиз уни танийсиз! У 27 йилдан буён шу ерда яшайди, қандай, нега келиб қолгани узун оғриқли ва ғамгин ҳикоя: муҳими у ҳаёт, умиди сўнмаган ва ёзишдан тўхтаган эмас!
Автобусга зўрға улгурдим, чиқишим заҳоти қўзғалди. Кечқурун бекатда шоир ва дўсти Ҳаннес кутиб туришган экан, уйларига келдик. Марғилонда туғилганман, Тошкент тумани, Наманганда катта бўлганман, дейди шоир ёшлигини эслаб. Сумалак гузаридан елкасига ортиб бозорга сандиқ ташиганини айтади; иш излаб Тошкент мардикор бозорига келгани, алебастрдан шифтларга гўзал шакллар ясаб, пул ишлагани йилларни хотирлайди.
Яна Ёзувчилар уюшмасида қоровул бўлиб иш бошлагани, қўлда ёзган ариза ва қоғозларини почтадан юбориб, кўп ўтмай Москвада ўқиш учун катта танловдан ўтгани, ўша шаҳарда 5 йил ўқиб, Ватанга қайтгач, ишини давом эттирганини қисқача ҳикоя қилади. Ора-сира савол ташлайман: мен ҳурмат қилган фалон шоир ё ёзувчилар ҳақида илиқ гапларни айтади.
Нариги хонага чақириб, немис, инглиз тилларида босилган китобларини, ўзбекча илк тўпламини бир-бир кўрсатади. Грац шаҳри ёзувчилари қароргоҳида боғбон бўлиб ишлаганини эслайди. Машҳур бастакор Томас Турнер бир туркум шеърларига куй басталаб, катта оркестр жўрлигида концерт уюштирганидан сўзлайди. Нота ўқишни биласизми, дейди. Йўқ, дейман; “аммо, нотага қарамай соз чалишни биламан.” Шеър айтиб беринг, дейман секин. “Мен Ватанга қайтаман бир кун”ни ўқийди шоир. “Унутма мени” қўшиғи учун шеърингизни ишлатганда, розилигингизни олишганми, дея сўрайман. “Ие, шеърларим қўшиқ қилинганини биларкансиз-да!” – жилмаяди шоир. Месенжерига Кумуш Раззоқова айтган қўшиқни юбораман. Яна қайси шеърларингиз қўшиқ бўлган? “Водиллик келин”да бешта қўшиқ. “Оқ булут”ни эшитганмисиз?” Вой, уям Сизнинг шеърингизмиди?Яна Ютуб линкини юбориб қўяман.
“Ўзбек ватандошлар ҳам борми бу атрофда, кўришиб турасизми?”- саволга тутаман. “Қайдам, бу ёққа келганимдан буён юзма-юз кўришиб турганим биринчи ўзбек сиз бўласиз.” Қўни-қўшниларни сўрайман, яхши одамлар, дейди. Эрталаб ва кечқурун уйи ёнидаги анҳор бўйида сайр қилишини гапиради. “Юрагим икки марта операция бўлмаганида, анавиларни кўтариб, машқ қилардим” дея полдаги гантелларга ишора қилади. Кейин “От-а, от, итваччалар!” шеърининг ёзилиш тарихидан сўзлайди, Намангандаги қонли воқеаларни эслайди. Бу шеърни биринчи марта кичкинтой жияним жуда маромига етказиб, ифодали ўқиб берганида эшитган эдим. Ютубдан Дадахон Ҳасан шу шеърга басталаган қўшиқни топаман, бирга эшитамиз.
Азонда майин қор ёғиб турган ўрмонлар оралаб илдамлаётган автобусга чиқарканман, шоиримиз бекатда қўл силкиб қолади. Яна кўришамиз, Худо хоҳласа. Ўзбекча қўлбола палов пишириб бераман, дейман, кўзларим жиққа ёшга тўлиб. 85 ёшни қоралаётган, узун, учлари орқадан боғланган сочлари оппоқ шоир – Ёдгор Обидни беминнат бағрига олган, ўлимдан сақлаб қолган ўлка ва ундаги саноқли, чин дўстлари билан қолдираман.
Вена-Грац, Австрия, 2024 йил апрель