Бугун “1000 КИТОБ” лойиҳаси бўйича тадбир бўлди. Бу йил учун 50 та таржима китоб босишмоқчи, асосан инглиз тилидан. Бирорта адабий китоб киритилмаган лойиҳада адабиётшунос ва навоийшунослар бош “экспертлар”экан. Кўп ишлар кичик, ёпиқ доираларда ҳал этилибди. Мана бу саволларни бердим: Ҳозиргача давлат бюджетидан неча пул олиниб, қанчаси сарфланди? Лойиҳа бўйича мустақил аудит текшируви бўладими? Китоблар учун муаллифлик ҳуқуқи қандай ва қанчага олиняпти? Лойиҳа жараёнида, нашриёт, таржимон ва ҳоказо хизмат кўрсатувчиларни танлашда манфаатлар тўқнашуви, таниш- билишчиликка қанчалик йўл қўйилмоқда? Жавоблар мана бу: Таржимонга ҳар саҳифа учун энг камида 20 доллар тўланяпти экан. (Масалан, 250 саҳифали китоб учун таржимонга 5000 доллар бериляпти.)
Муаллифлик ҳуқуқини олишга хорижликларга 500 дан 3800 долларгача тўланибди, айрим ҳолларда бепул рухсат берганлар ҳам бўлибди. Танланган 6 та нашриётга, лойиҳа координатори ва жамоа, муҳаррир ва бошқа хизматларга қанча ўтказилгани очиқланмади. Йил охирида ҳамма молиявий кўрсаткич янги ишга тушириладиган вебсайтга қўйиларкан. Мен ҳозир ўзбекистонлик ёшларнинг аксари юртимизда бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида нега, қандай дея савол беришни билмаслиги, тезроқ бу ердан учиб кетишни кўзлаётганини эслатиб, қайси мавзудаги китоб танлашда непотизм нима, мухолиф партиялар ҳақида, сўз эркинлиги, кучли фуқаролик жамияти, танқидий фикрлашни ўрганиш каби ўта муҳим мавзудаги китобларни ҳам таржима қилишларини таклиф этдим.
Китоблар чиққач эса, кутубхоналарга тарқатишдан ташқари, уларнинг тақдимотини ўтказиш (албатта, дастурхон ёзиб, 100 минг сўмлик сомса қўймай!) катта залларда ёшлар билан ўта долзарб мавзуларда ток-шоу, мунозара клублари, учрашувлар қилишни айтдим.
Энг қизиғи тадбир охирида бўлди: ўтган йили охирида чиққан қарор бўйича ҳали бу лойиҳага давлат бюджетидан бир тийин ҳам ўтказилмабди! Бу президент қарори эди ва орадан олти ой ўтди! Ёшлар ишлари агентлиги қайси пулга бу лойиҳани амалга оширмоқда? 20 миллиард қачон агентлик ҳисобига тушади? Ё умуман тушмасмикин?
Негадир асосан менга қараб гапиришди, илтимос, нигоҳингизни кўпроқ ўзингиз ҳисобдор бўлган халққа қаратингиз.