20 йилдан буён чет элларга гоҳ адабиёт фестивали, гоҳ ижодий резиденция ва саёҳатларга чиқиб юрган бўлсам, ҳар сафар “Ўзбекистонда ҳам шунақа халқаро фестиваль ва дастурлар борми?” деб сўрашади. Шунча йил “йўқ” деркан, роса хижолат бўлардим, энди эса баралла “Ҳа!” дея оламан. Чунки 2018 йилда илк бор мустақил дастур тузиб, ҳозиргача бир нечта катта-кичик фестиваль/резиденция ўтказолдим. Давлат бюджетидан бир сўм пул олмадик.
50 дан ортиқ хорижлик шоир, ёзувчи, рассом дўстларим Ўзбекистонга келиб кетди, таассуротларини ўз мамлакатларида бўлишди, кўргазмалар қилди, мақолалар, антологиялар чиқарди, ҳатто алоҳида бағишлов китоб ёзди. Ҳар гал учрашувлар, зиёратлар ташкил этишда оилам, дўстларим, волонтёрларнинг беғараз ёрдамига суяндим, ишончимни сўзсиз оқлашган улар, барака топишсин!
Ўтган йил ва шу йил чет элларга борганимда, шоир ва ёзувчи дўстларим “Пандемиядан аввал Ўзбекистонда зўр фестиваллар қилиб юрган эдинг. Яна ўшандай халқаро ижодий дастурлар қилиш имкони борми?” деб сўрашди. Мен эса, баралла “Ҳа!” деб юборибман! ????
Эндиям сенга суянчим деб қарасам бўладими, бағрикенг ва меҳмондўст халқим? Эндиям сизларга ишонсам, ёрдамингизга суянсам бўладими, қоракўз дўстларим? Шу йил октябрь охирларида Ўзбекистонга чет эллик машҳур шоир ва ёзувчиларнинг катта гуруҳи келмоқда! Айримлари учоқ билетларини ҳам олиб бўлди! Болгария, Австралия, Япония, Филиппин, Франция, Ҳиндистон, Туркия, Кения, Португалия, Ҳонгконг ва ҳоказо мамлакатлардан – дунёнинг ҳар қитъасидан бор!
Хўш, яна биргаликда, мустақил равишда, шаффоф тизим асосида бу меҳмонларни муносиб кутиб ола биламизми? Бизга Тошкент, Фарғона водийси, Самарқандда яшовчи мезбон шоир ва ёзувчилар, таржимонлар ва талабалар, энг яхши нарсаларни бошқалардан ўрганиш ва бўлишишни истовчи волонтёрлар керак! Бизга ўз мактаб, университет, кутубхона, хусусий ўқув маркази, уй-музейларида учрашувлар, мушоира ва маҳорат дарслари ўтказишни чин дилдан истовчи жиддий ҳамкорлар керак! Бизга антология ва таржима китоб чиқариш учун нашриёт керак! Бизга дизайнер ва видеографлар керак! Бизга бу уникал ижодий ташаббусларнинг ўта муҳимлигини халқимизга тушунтириб бера оладиган, хабар ва мақолалар, видеодастур ва постлар, очиқ интервьюлар қилиб тарқатадиган жасур журналист ва блогерлар керак!
Хўш, ким биз билан? Тафсилотларни шу каналимда кузатиб боринг!
Аъзам Обид