Асатилло Қудратов: Қуёш поёндози узра учрашув

                                                            Хотира  уйғонса гўзалдир

УЧРАШУВ

(ҳикоя)

АСАТИЛЛО ҚУДРАТОВ Бухорода туғилган. Тошкент Давлат университети, Давлат қурилиш академиясини тугатган. Катта тажрибали журналист сифатида кўп йиллардан буён “Бухарский вестник” газетасида ишлаб келмоқда. Мақолалари республика газета ва журналларида чоп этилган. Асатилло Қудратов бадиий ижод билан ҳам шуғулланади. Пьесалар, ҳикоялар ёзади. Бундан ташқари, у Бухоро тарихи билимдони бўлиб, сайёҳ ва дўстларига жонажон шаҳри ҳақида қизиқарли ҳикоялар айтиб берувчи дилкаш инсондир.

***

– Мени кўрмоқчи эканлигингни сезиб, сен билан учрашувга келдим…

– Салом, азизам. Сени кутиб турувдим. Келганингдан миннатдорман.

– Айт-чи, азизим, ҳаетинг қандай кечаяпти? Болаларимиз соғ-омонми?

– Тўғрисини айтадиган бўлсам, ўта тушкун ҳолатдаман, ёлғизман. Сени соғинаяпман. Ҳаётимда недир етишмаётгандек.

– Тушуниб турибман. Ўкинма,азизим. Айнан шундай бўлишини мен асло истамагандим…

– Болаларимизни сўрагандек бўлдингми? Улар соппа-соғ. Асло ташвишланма. Бугун улар ўз оилалари қувонч-ташвишлари билан банд. Кенжатойимиз Малика ўғил курди. Унга ажойиб бир исм танладик: Мир Али!

– Биламан, азизим, биламан.

– Биламан, дейсанми?

– Ҳа. Мен ҳаётлигимда кенжа қизимизга керакли маслаҳатларни бериб борганман. Неварамиз туғилгунга қадар қайси дори–дармонларни онаси ичиб туриши зарурлигини айтиб турганман. Шифокорман, ахир. Неварамиз чиндан-да чиройли. Келажаги порлоқ. Нимаси биландир хатто сенга ўхшаб кетади, азизим.

– Ростми?

– Ҳа, рост. Уйда, ишхонангда қандай  янгиликлар? Гапирсангиз-чи, ҳаммасини билишни истайман.

– Кел, яхшиси сен ҳақингда гаплаша қолайлик. Биласанми, ҳамон сени севаман – сени илк маротаба кўрган кунимни – Олоҳнинг буюк бир инояти ва неъмати деб қабул қилганман.

– Энди сенга бир гапни айтсам бўлади. Биласанми, ҳали участка шифокори бўлиб ишлаган кезларимдаёк сени илк маротаба… Сен менинг орзуим рўёби эдинг, ўшанда. Ўша маъсум дамлар ёдингда-ми, азизим?

– Албатта ёдимда. У хушнуд кунларни унутиб бўлармиди?! Мени севиб қолганингнинг боиси нима эди, ўшанда?

– Кўзларинг бошқаларникига сираям ўхшамасди. Сен менга мулойим нигоҳ билан, чин муҳаббат билан боқар эдинг. Тўйимизни бошқа кунга кўчирмоқчи бўлганинг ҳам кечагидек эсимда.

– Тўғри, шундай бўлган эди. Тошкентда ўқир эдим-да, ўшанда. Бутун ўй ва хаёлларим ўқиш билан банд эди. Тўйимизни ота-оналаримиз кўришини жуда-жуда истар эдилар…

– Бўлди, бўлди, кўп ҳам ўкинаверма. Барчаси яхшилик билан тугаган эди-ку!

– Азизам, байрам муносабати билан сенга бир совғани тақдим этмоқчиман.

– Азизим, сенинг ўзинг, вужудинг ва дунёда борлигинг мен учун улкан бир совға. Менга бошқа ҳеч нарсанинг кераги йўқ. Мен сени севгандим ва ҳамиша севиб қоламан. Ҳатто мени қарғаганингда ҳам, жаҳлим чиққанида ҳам севгимга содиқ бўлиб қоламан. Борлигингдан насимий ва муаттар бир ҳид уфурганида, қўлларинг баногоҳ қўлларимга тегиб кетганида қалбимдаги муҳаббатим тобора кучайганини такрор ва такрор ҳис этганман. Пойтахтда ўқиган ёки хизмат  сафарларида бўлган пайтларингда сени орзиқиб  кутганларим, кўзларингга тўйиб-тўйиб боқишни ҳар лаҳза истаганим рост. Тушкунликка тушганим ва зерикканимда эса кийимларингни, аниқроғи улардан ҳамиша таралиб турадиган такрорланмас бир туйғуни қўмсаганим ва шу тариқа ҳижрон азобига муайян муддатга дош берганим аниқ. Маълум маънода ғайри-табиий ҳолатга ўхшатмасанг бўлди, бу сўзларимни. Муҳаббатнинг  сеҳрли олами мени шу алфозда ўзига батамом забт этганди. Сенинг мағрур нигоҳинг, шунчаки бир қараб қўйишингдан менинг бутун вужудим, нозиккина бўй-бастим титраб кетарди гўё.

Катта бир муҳаббат олдида, илоҳий ва нозик туйғу қаршисида мен ёлғиз ва ожиз эдим. Бу улкан муҳаббат қалбимни ҳеч қачон тарк этмаслигига имоним комил.

– Сенсиз ниҳоятда зерикаяпмам – андуҳ ўтига дош бера олмаяпман, азизам…

– Йўқ, бунақаси кетмайди! Ғам-андуҳни юрагингдан итқитиб ташла. Ахир сен энди бахтиёр оиламизнинг ягона ва бирдан-бир суянчиғи, таянчисан, танҳо умидисан. Юксакликка интил, юлдузларга қўл чўз, меҳринг ила уларни забт эт. Болажонларимиз сенинг маслаҳат-ўгитларинг, амалий ёрдаминг ва қўллаб-қувватлашинг, турмушларидаги иштирокингга ҳамиша мунтазир ва интиқ. Оила муқаддас даргоҳ эканлигини асло унутма.

– Ўзинг ҳақингда гапириб бер, азизам. «Нариги» томонда зерикаётганинг йўқми?

– Сеҳрли, боқий дунёнинг гўзал бурчида мангу қўним топгандайман. Ўзга бир коинотда юргандекман. То-абад давом этувчи бу оламнинг ўзига хос осуда жозибаси, чиройи ҳам йўқ эмас. Пок руҳим аҳён-аҳёнда сизларни йўқлаб, шоду-хуррам бўлиши ҳам шундан бўлса керак. Вақти-вақти билан тушларингизга киришимнинг ҳам, ўтган кунлар фароғатини эслатиб туришимнинг асосий боиси ҳам худди шундан. Баъзи-баъзида ортга қайтишни, невараларимизни эркалатишни қанчалик истаб қолганимни бир тасаввур қилсанг эди.

– Қайта қолсанг-чи…

– Тушунсанг-чи, азизим. Бунинг сира иложи йўқ. Бу-сену-менинг ихтиёримизда эмас.

– Биласнми,азизам. Шанба ва якшанба кунлари танҳо қолишдан кўра каттароқ азоб йўқ экан. Тун деганлари нақадар оғир кечишини энди сезиб тургандайман. Қани энди, тезроқ тонг отса-ю, зил-замбил, оғир хаёллардан холи бўлсам. Одамлар ҳузурига ошиқсам. Сен мени тарк этгандан бери шанба-якшанба (фарзандларим  «ўзлари билан ўзлари овора» бўлиб қоладиган) кунларни кўришга кўзим йўқ. Қанийди, ҳаммаси аввалдан бошланса-ю, иссиққина кечки таомни сен билан бирга танаввул этсам. Қанийди…

– Тилложон, (сени хамон шундай деб аташга изн бер) туйғуларингни ҳадеб ошкор этишга ўрганиб қолаяпсан, шекилли.

– Азизам, туйғуларнинг нозиклиги-ю шаффофлиги ҳам шунда-да. Ҳеч кимга изҳор этилмайдиган, дил қулфига йўл топа олмайдиган шунчаки бир оддий муносабатнинг  кимга кераги бор?!

– Батамом ҳақсан. Фикрингга қўшиламан. Ҳижрондан кейинги висолни орзиқиб кутишга тайёрман. Ҳозирча эса мени унут. Гоҳи-гоҳида эслаб турсанг бас.

– Бутун умрим  бўйи ибодат қилишга, Оллоҳдан сени қайтариб беришни сўрашга  рухсат бер.

– Уриниб кўраман, Тилложон. Энг муҳими ўзингни, фарзандларимиз ва невараларимизни асраб-авайла. Улар доимий кўмакка ва эътиборга муҳтож.

– Кетиб қолишга шошилма, азизам. Илтижо қиламан, шошилма. Яқинда бир аёлни учратиб қолдим. Эгнида сен мудом кийиб юрадиган пальто рангидаги кўк кўйлак. Бошқа бир аёлга ҳам кўзим тушганида худди сени кўргандек бўлдим. Ҳозирги пайтда хаёлларим шу даражада чувалашиб кетганки, ҳар лаҳзада сенинг нафасингни сезиб тургандайман, қалбимнинг қўрини, юрагим меҳрини, кафтимнинг тафтини сенга кўшқўллаб тутиб тургандайман. Кўнглимнинг нозик торларини фақат сен учун чертиб тургандайман. Сенинг чақнок кўзларинг, ўтли нигоҳинг мени ҳар лаҳза кузатиб тургандек, гўё.

– Сени тушуниб турибман, азизим. Бироқ, мени ҳам тўғри тушунгин. Ёруғ дунёда бир-бирига ўхшаш чеҳралар, қолаверса кийим-кечаклар озмунчами?! Биргаликда кечган ширин ҳаетимизнинг сўнгги йилларида сенга етарли даражада меҳр кўрсатмаганим ва эътибор бермаганим учун мени кечир! Сендан  эса пок муҳаббатим ҳаққи-ҳурмати тоабад миннатдорман. Сенга етказган жабру-ситамларим учун мени кечира олсанг, мамнун бўлган бўлардим.

– Ҳечқиси йўқ, Норжон, ўзингни ҳадеб қийнайверма. Қўлимдан келадиган барча ишни қилганимга қарамай, начора, такдир экан, мени барибир тарк этдинг. Баъзи бир «дўстларим» сени тезроқ унутишим кераклигини айтишаяпти. Афсуски,бу менинг қўлимдан келмайди. Ўзинг ўйлаб кўр ахир, бир ёстиққа бош қўйиб, оз эмас-кўп эмас 30 йиллик умр давомида бир йўла 3 фарзандни вояга етказган, шунча неварани оқ ювиб, оқ тараган ҳамдард ва дилкаш инсонни, сендек мўътабар аёлни, камсуқум ҳамда вафодор ёрни унутиб бўлармиди?! Муҳаббатим – қисматим эканлигини бугун аниқ ҳис этиб турибман.

Орадан йиллар ўтади. Бироқ, сенинг кумуш табассуминг, ҳаё ва ибога тўла ним қарашларинг, чақноқ кўзларинг мен билан бирга қолади. Сен-севгим-севгилим бўлиб бир умр мен билан бирга хаёлан бўлса-да яшайверасан. Руҳиятимдаги фариштам ҳам – ўзингсан.

– Азизим, сендан қанчалик миннатдор эканлигимни билсанг эди. «Дўстларингга» эса кўп ҳам эътибор бераверма. Уларнинг йўриғи бошқа. Сен ҳақиқий ва чин дўстларинггагина суянгил. Ишонгил, улар сени ҳеч қачон ора йўлда қолдириб кетишмайди. Қувонч-ташвишларингда бирга бўлишади. Шу боис, ёруғ келажагинг ҳали олдинда. Ёлғиз қолиб кетмаслигингга мен чиндан-да ишонаман. Мени  айтди дейсан, кўп ўтмай сен ажойиб бир инсонни учратасан. Унга  дил қулфингни оч, у ҳам сени тушунсин. Негаки, ёлгизлик фақат яратганга ярашар.

– Норжон, боқий дунга равона бўлишдан олдин мен билан хайрлашмадинг ҳам… Шифокор-реаниматологлардан ҳам, консилиум ташкилотчиларидан ҳам умидим катта эди. Афсуски…

– Фоний дунни тарк этиш нақадар оғир, азобли ва қўрқинчли эканлигини кўпчилик тасаввур эта олмаса керак. Ўша нохуш дамларда  мен сен билан хаёлан хайрлашган эдим. Мендам рози бўлишингни Оллоҳдан ўтиниб сўрагандим.

– Сени Оллоҳ чорлагани ростми? Сен кетгандан кейин ҳам асраб-авайлаганларинг – ёқимтой мушукчаларингни  унутганимиз йўқ. Улар айниқса ширин-шакар фарзандларимиз-у жондан азиз невараларимизнинг доимий  ардоғида.

– Тўғри айтдинг, Оллоҳнинг ўзи мени ҳузурига чорлади. Мушукчаларим учун  сенга раҳмат! Улар ҳар доим бўлганидек, ҳозир ҳам бир-биридан ажойиб бўлса керак-а?! Илтимос, фарзандларимиз ҳақида гапир.

– Муҳаррамжон қизимизда бир ўғил, бир қиз вояга етаяпти. Иброшка ва Меҳринисо ҳам, қолаверса Акбаржон ўғлимизнинг биз Азамат деб атаган шўх-хандон фарзанди ҳам ота-онаси ва бувижону-бобожонисининг ягона орзу-умидлари-ю, чексиз севинчу-қувончларидир.

– Қимматли вақтингни олганим учун узр, азизим!

– Йўқ, йўқ, хижолат бўлма, азизам.

– Тилложон, қалбимдаги муҳаббатим билан фоний дунёни тарк этганим рост.

– Сен уз оламингда ёлғиз эмассан. Боқий оламда мангу қўним топганлар билан биргасан. Мен эса танҳоман. Юрагимдаги ҳадсиз-ҳудудсиз оғриқ-азоблар-у ҳеч қачон тинмайдиган кўз ёшларим билан (улар юрагимнинг туб-тубигача оққани, ҳижроннинг аччиқ зардобига айлангани аниқ) яшаб келмоқдаман. Чок-чокидан сўкилган қалбим  бугун садпора…

– Ўз севган жуфти ҳалолим ҳаётимни ажиб афсонага айлантириш орзусида эканлигини билардим. Ҳаётим фожиа ёки эҳтиросларга тўла экан деб, ўйлама тағин. Қувонч-ташвишларга лиммо-лим ҳаётимда униси ҳам, буниси ҳам ўз ўрнига эга.

– Мен сен билан бирга Атлантика ёки Ҳинд океани қирғоқларидаги сўлим масканларда, денгиз бўйида мириқиб дам олиш орзусида эдим…

– Изтироб чекма, азизим. Барчасининг ўз вақтида амалга ошгани маъқул. Гарчи жисмонан ёнингда бўлмасам-да,пок руҳим билан сенинг ҳузурингга ошиқавераман, турли бало-қазолардан сени асрайвераман.

– Фариштасифатим. Маънавий ҳимоячим ва таянчим…

– Тўғри топдинг. Денгизу-уммонлар оша сени «кутавераман». Қуёшнинг олтин поёндозчасида кутаман. Энг баланддан туриб сенга кўз тикавераман.

– Қуёш поёндозчасида, деяпсанми?

– Биласанми, болалигимда дадам билан бирга денгизга саеҳат қилган эдик. Отам оғир касал эди. Мен уни жуда яхши кўрар эдим. Биз денгизга етиб келгач, отам хомуш тортиб қолди. У ўз касаллиги ҳақида менга деярли ҳеч нарса айтмаган. Назаримда умри поёнига етиб бораётганини сезиб турарди. Отам негадир қўлларимдан маҳкам ушлаб оларди. Кечқурунлари у билан бирга денгиз кирғоғи бўйлаб сайр қилишни ёқтирардим. Ана шундай оқшомларнинг бирида у ботаётган қуёш томонга қараб, заррин нурлардан пайдо бўлган кичик поёндозни менга кўрсатди ва кетиб қолиш вақт-соати

етиб келганини билдирди. Тонг саҳарлаб қуёшнинг заррин нурлари билан бирга осмон сари юксалиб бориш учун ҳам айнан шундай қилиши кераклигини менга маълум қилди. Ўшанда  мен болагигимга бориб отам сўзларига балки унча аҳамият бермагандирман. Бироқ, бир нарса аниқ: ўша оқшомда мен отам мени алдамаганини, ҳақиқатни рўй-рост ошкор этганини, дунёда мунофиқлик ва изтиробга ўрин бўлмаслиги кераклигини тушуниб етгандай эдим.

– Қизиқ, нега бу ҳақда энди гапираяпсан?!

–  Фурсати келмаган бўлса керак.

– Норжон, биласанми, азизам, қисқагина суҳбатимиз баҳонасида бутун бошли умрни бошдан кечиргандайман. Қалбимдаги жароҳат – ҳижрон ўти энди ҳеч қачон сўнмаса керак. Муҳаббат ва ўлим ҳамиша ёнма-ён деганларича бор экан.

– Тилложон, ўтиниб сўрайман, ҳадеб ғам-андуҳ чекаверма. Такрор айтаман: гоҳи-гоҳида мени эслаб турсанг бўлгани. Буткул унутмасанг бас. Йиллар оша мени сев. Шундагина ёлғизлигим сезилмайди. Энди эса хайр. Кетар чоғим бўлди.

– Норжон, шошмасанг-чи! Илтимос қиламан – кетмагил. Биргина саволимга жавоб бер.

– Қайси саволингга?

– Буёғи энди нима бўлади ахир?!

– Қалбингга қулоқ сол, жоним. Фақат соф қалбинггина сенга энг тўғри йўлни кўрсатади ва ҳеч қачон алдамайди.

– Жиддий айтаяпсанми?

-Албатта! Уйланишинг керак, Тилложон. Шундагина сени тушунадиган,сен эса тушунтира оладиган киши ҳаётингда пайдо  бўлади. Бу муҳим ишни зудлик билан ҳал қилиш қийин, албатта. Бироқ, кейинга қолдириш ҳам ярамайди. Шу боис, кўнглингга хуш ёқадиганнинг кўнгил торларини ҳам черта  бил. Шундагина, ҳаммаси жойида бўлади. Истасанг, бу борада сенга ёрдамлашиб юборишим мумкин. Изн берсанг бўлгани.

– Наҳотки?!

– Ҳа. Нима деб ўйловдинг?! Ишонмасанг, майин ёмғирнинг дур янглиғ дераза ойнасида жилваланаётган кўз ёшига монанд шаффоф томчиларига боқ. Улар менинг сенга юбораётган дил номаларим, бардавом ҳаётга бўлган муҳаббатингни кучайтирувчи омиллардир. Ҳозирча эса хайр. Хаёлан бўлса-да яна.  Ортига қайтмаган кемалар бўлмагандек, мен ҳам бир кун ҳузурингга йўл оламан. Фақат… бошка бир аёл тимсолида. Уни сев ва ардоқла.

2015 йил