Одам бўлар эдик бизлар ҳам

Одам бўлар эдик бизлар ҳам –
Юлғичларга,
Каламушларга, Сўрғичларга,
Болакушларга

Битталабмас, минглаб, милёнлаб
Қарши турсак, муштдек, баробар.
Ҳайдамоққа ким қилур журъат?
Отилгайму милён, биродар?

“Нега?” – Савол сўрсак жамулжам,
Юртда эсса танқидий ўйлар,
Ҳақпарварга тутолсак елка,
Уяларму
хушомадгўйлар?

Мисол: сарой шеърбозларинмас,
Эрк истаган адабиётга,
“Санъат учун увол халқ пули!”
Деганларни алишсак ётга.

Ва ё халқ деб қамоққа кўчган
Ўғлон онаизори-ла жаъм
Катта бошлиқ дарбозасини
Қўрқмай тақиллатсак дамо-дам.

Юлғичларга,
Каламушларга, Сўрғичларга,
Болакушларга

Битталабмас, минглаб, милёнлаб
Қарши турсак, муштдек, гурро-гурс.
Биз ҳам Одам бўлардик балки,
Бешикоят,
Беҳуд,
Беафсус!