“Хато”. Асатилло Қудратовдан яна бир ҳикоя

Ҳаёт чорраҳаларида

Хато…

(Ҳикоя)

Бу хунук  хабарни  менга ким етказганини  энди эслолмайман. Чунки  мен ишда  эдим. Гулноранинг ўлимини эшитиб, музлаб қолдим, худдики устимга тоғдан оқиб келаётган шаффоф бир челак сувни кимдир устимга қуйгандай ўзимни сездим.

– Қачон? Қаерда? Нима сабдан?

Уяли телефонни қўлимга олдим-у, Гулноранинг телефон рақамини теришга тушдим. Аммо ҳеч жавоб йўқ эди. Такрорма-  такрор тердим, лекин жавоб битта: «Ҳозир сиз сўраган  абонент  жавоб беролмайди, илтимос, кейинроқ телефон қилинг!» Ва иккинчи жавоб: «Сиз нотўғри рақамни тердингиз!»

Ёппирай, нима қилай, телефон жавоб бермаяпти. Ишхонадаги ҳам жавоб бермайди. Фақат битта йўл қоляпти, у ҳам бўлса, чипта  олиб, Тошкентга зудлик билан бориш. Телефон гўшагини олдим-у, темир йўл шоҳбекати кассасига қўнғроқ қилдим.

– Алло!

– Ҳа, лаббай!

– Чиптахонами?

– Ҳа, эшитаман!

– Менга Тошкентгача битта чипта керак эди. Энг якин йўналишига!

– Қайси вақтга?

– Энг яқин вактга.

– Яхши… Ҳозир кўриб бераман!

Қисқа танаффусдан сўнг, яна овоз эшитилди: “Чипта  бор, олиб кетишингиз мумкин. «Афросиеб» поездига бўладими?

  • Ҳа, албатта, бўлади! Раҳмат, миннатдорман!

Уйдагиларга мен зудлик билан Тошкентга боришимни айтдим ва сумкани қўлимга олдим-да, вокзал томон йўл олдим. Поезд белгиланган вақтда Бухоро шоҳбекатидан жўнаб кетди. Проводник жойимни кўрсатди. Бориб ўтирдим. Поезд секин-аста юриб кетди. Қачон поездга минсам, одатда унинг деразасидан табиат манзарасини томоша қилишни хуш кўрардим. Энди эса хаёлимга фақат Гулноранинг қиёфаси, фақат у кўз олдимга  келарди. Учрашганимиз, дўстона суҳбат қилиб айланиб юрганларимиз  эсимга тушарди. Қизиқ! Хаёлимда негадир унинг мулойим кулишлари, ҳазиллари. Гоҳида менга телефон қиларди ва майин овоз билан:

– Ишларингиз яхшими? Соғлигингиз жойидами? – деб сўрарди.

– Ҳурматли йўловчилар! Поездимиз Самарқандга етиб келди!

Наҳотки Самарқандга, бир зумда, гўзал бетакрор шаҳарга келдикми?! Самарқанд шарофати билан мен 21-асрнинг  бошида Гули билан танишдим. Чиройли «Афросиёб» меҳмонхонасида бир ҳафталик анжуман пайтида – мен унга тикилиб қарардим, у бўлса менга гоҳида кўз ташларди, гоҳ кўзларини олиб қочарди. Кечқурунлари эса гўзал Самарқандни айланарканмиз мен тарихдан хабарим борлигидан тарихий обидалар ҳақида завқ билан  гапириб берардим. Гулнора эса табассум  билан индамай ёнимда аста- секин қадам  ташлаб борарди. Гоҳида савол берарди, гоҳида эса тарихий обидаларни қандай бунёд этишганини  гапириб  беришимни сўрарди. Мен бўлсам, ўша пайт шунақа чиройли, гўзал, иффатли аёлга гапиришдан хурсанд ва бахтиёр эдим…. У ҳам, мен билан жимгина юриб, гоҳида сочларини қўллари билан силаб қўярди. Гоҳида менинг  гапларимни маъқуллаб, табассум қилиб кўзларини юмиб оларди. Бир учрашувимиз эсимга тушди.

– Саъдилла-ака, менинг  оилам бор, сизнинг ҳам оилангиз бор, сизга мен билан гоҳида учрашишимиз, сухбат қуришимиз… бу сизга керакми?…

– Гулижон! Мен тушунуб турибман – биз ҳеч қачон бирга бўлолмаймиз, аммо мен сиз билан сўзлашмасам, негадир бошқачароқ бўламан, хаёлан сизни  қўлингизни олиб, осмонга учгайдай бўламан …бошқа ҳеч нарса керак эмас.

– Жуда ошириб юбордингиз-ку, Саъдилла ака. Қўйсангиз-чи, бунақа гапларингизни, – деб Гулнора куларди.

Бир жойда ўқиган эдим. Агар сизга бирор аёл ёқиб қолса, унинг овозини қалбинг эшитади. Ва ўша «овоз» билан телефонсиз ҳам гаплашингиз мумкин экан. Қизиқ, бу ҳақда эшитганим йўқ,балки бу чин, ҳақ гапдир… Ширин хаёлларимни  проводник қизнинг  овози бузди.

– Амаки! Тошкентга етиб келдик, нарсаларингизни эсингиздан чиқарманг!

– Ҳа, албатта!

Темирйўл шоҳбекати ҳар галгидай гавжум эди. Одамлар поезддан тушиб, автобекат томон борар эдилар, баъзилари эса таксилар қўналғасига қараб   йўл олишарди. Мен ҳам йўловчилар оқимига қўшилиб, вокзалдан чиқдим. Ниҳоят такси турар жойга келдим.

– Ассалому алейкум! Йўл бўлсин! Амаки! Қайси томон бормоқчисиз! Этинг, обборамиз!

– Бўшмисиз?

– Ҳа! Любой этган жойизга обориб қўяман.

– Ростданми?

– Албатта!

– Булмаса, дўстим, қабристонга!

– Қабристонга??? Тушунмадим?-  бояги ҳайдовчининг кўзлари катта-катта очилиб, ҳайрон боқарди. – Қўйсайнгиз-чи бунақа ҳазилингизни!..

– Ҳа, ҳа, қабристонга. «Сагбан» қабристонига.

– Шундай демайсизми! Акагинам!

Манзилга етгунча шофёр катта кўзлари билан менга қарарди. Аммо унинг кўзлари «савол сурагандай» караб турарди. «Нимага айнан қабристонга?» “Зарурият бор”, деб  жавоб  берардим унга.

– Ана ока, келдик! Олмазор тумани, «Сағбон» қабристони.

– Раҳмат! Пулингизни олинг.

Ҳайдовчи индамасдан пулни олиб, чўнтагига солди ва машинасини ҳайдаб кетди.

Куз фаслининг иккинчи ойи – октябрь. Куз, жуда сеҳрли фасл, буни бежиз айтишмаган. Эрталаб салқин бўлса ҳам, сарғайган, қизарган барглар, аста – секин пастга тушарди, оёқ остидаги хор-зор хазонлар. Хазонрезги. Офтоб чиққан, ўз фазифасини бажаришга тушган эди. Аста-секин ҳарорат баланд  бўлишининг эҳтимоли бор эди. Ҳаво шунақа беғубор эдики, худди боланинг ўпичидай. Лекин  менинг хёелимда тоза, муссафо об-ҳаво эмас; фикрларим фақат Гули бевақт оламдан ўтгани билан банд эди. Бир шоир сатрлари эсимга тушди:

«Эсингдами сен туғилган он,

Ҳамма хандон эди, сен эса гирён.

Шундай яшагинки, кетар чоғингда

Ҳамма гирён қолсин, сен эса хандон!»

Истиқболимга қабристон қоровули чиқди, нуроний чол, бир оёғи сал оқсаркан. Чиройли соқоли унга ярашган, негадир зиёли кишига ўхшаб кетарди. Балки бир вақтлар катта ишда ишлагандир, ёки зиёлар оиласидандир. У билан кўришдик.

– Ассалому алайкум, отахон!

– Валейкум ассалом, ўғим! Нима бўлди? Намунча саҳар чоғи қабристонга келдингиз? Бирон қариндошингиз оғир аҳволдами? Ёки бирор кишингиз  бандаликни бажо келтирганми?

– Ҳа, отам! Битта дўстим бевақт оламдан ўтди.

– Ҳа, бўтам! Дўстингиз ўлим шаробини ичипти-да. Дўстингизнинг исми нима эди?

– Гулнора! Шунақа исмли аёлни шу яқин кунларда дафн қилишдими?

– Гулнора дейсизми? Ҳа,тўғри, бир- икки кун бўлди шекилли… Бир аёлни кўмишганди – бечора бу дунёни ёш тарк этди.

Бу сузларни эшитиб  юрагим қисилиб кетди. Демак хабар тўғри экан-да.

– Аёл кўмилган жойни кўрсата  оласизми?

– Майли, ўғлим, юринг, кўрсатаман сизга ўша жойни.

Оёқларим бирданига кучсизланиб қолди. Гўеки  бу менинг  оёқларим эмас, худди бир пахтадан  ясалган қўғирчоқ оёқлардай  зўрға ҳаракат қиларди. Қабристоннинг энг охирида – йулакнинг чап томонида янги қабр, унинг  устида ёзув ҳам бор эди.

– Мана, ўғлим, айтган одамингиз қабри. Дўстингиз шу ерда дафн қилинган.

Кўзларим  тиниб кетди, улардан ёш қуйила  бошлади. Тоза ёзувга кўзим тушди. Нимагадир  исми тўғри, лекин фамилияси ва отасининг  исми бошқача эди.

– Отахон, нега  фамилияси бошқа, Усмонова деб ёзилган? Унинг  асл  фамилияси Мусаева эди-ку. Отасининг  исми  эса Анвар. Бу ерда бошқа киши кўмилган, менинча.

– Балким…Яна билмадим.

– У киши катта лавозимда ишлардилар…

– Тўғри, бу ерда етган одам ҳам кичкина лавозимда ишламаган. Ўша куни бу ерга жуда кўп одам келди, ҳаммалари мансабдор шахслар. Ўша куни оёқ қўйишга ҳам жой йўқ эди, ана шунақа, ўғлим. Буни ҳаёт дейдилар. Бизнинг умримиз карвон каби – кимдир олдин,кимдир кечроқ оламни тарк этади…Бардам бўлинг, ўғлим! Сизга сабр, токат тилайман!..

Юришга мадорим қолмади. Йўлакчадаги  ўриндикка кўзим тушди. Бир пас ўтирмасам, ҳаяжондан йиқилиб кетишим ҳеч гап эмас. Хаёлимда қайсидир ҳикояда ўқиганим  гаплар кечди: қабристонни зиёрат қилиш, фақат марҳумлар руҳини шод қилиш дегани эмас; ўзинг руҳан покланасан, кўнглингда бор ғуборларинг тўкилади. Енгиллашасан, нопок туйғулар тарқайди. Атрофингдагиларга фақат яхшилик қилиш  иштиёқи  бутун  борлиғингни  қамраб  олади. Чол  хаёлимни  тарқатиб  юборди…

– Юринг, ўғлим, чой дамлаб бераман.

– Раҳмат, отахон!

Аста-секин чол билан бирга қоровулхона томон йўл олдик. Хаёлимда мени кимдир  чақиргандек  бўлди. Туюлди шекилли… Йўқ,  аник  эшитдим – балки мозийдан  садодир…

-Саъдилла ака!

Ажабо, бу Гулининг  овози-ку ахир!

-Саъдилла ака, мени  эшитмаяпсизми?

Қўлимдан кимдир қаттик тортди. Орқамга қарадим… Кўзларимга ишонмадим. Наҳотки бу Гули бўлса! Кўзларимга ишонмадим.

– Қабристонда саҳар чоғида нима килиб юрибсиз?- сўради мендан Гули.

– Мен-ми?

-Ҳа, сиз! Бирор қариндошингиз бу ерда ётибтими?

– Йўқ, мен, мен, мен…нохуш  бир  хабарни эшитиб, бу ерга келгандим. Кимдир ёлғонданми, ёки атайлабми, сизни оламдан ўтди, деб  менга хабар берди.

-Йўғ-э…Наҳотки?!

– Ҳа, рост. Сизга телефон қилсам, гўшакни олмадингиз. Ишхонангизга бир неча марта қўнғироқ қилдим, аммо жавоб йўқ эди. Шунинг учун Тошкентга  келдим. Бугун  эрталаб поезддан тушдим – ва шу жойга келдим. Буни қарангки, бир неча кун олдин бу ерга  дафн қилинган аёлнинг ҳам исми Гулнора экан.

– Қўл телефоним ишламай қолди – тузатишга устахонага бергандим. Ишхонанинг  телефони – ремонт ишлари туфайли бир неча кундан  бери ишламайди. Ўлган одам  бизнинг  танишимиз, узоқ қариндошимиз бўлади.

Мен индамай Гулига қарадим, Гули эса менга. Оллоҳга шукурлар бўлсинки, бу хабар хато экан. Гули эса отаси ва онаси билан  кечагина вафот этган  марҳуманинг қабрини  зиёрат қилиб,  ишга бораркан. Хабар берган котиба Тошкентдаги Саъдилла  акага хабар бермасдан, адаштириб  менга қўнғироқ қилган. Шундан кейин телефон линиясини  таъмирлаш ишлари бошланган…

Ҳает менинг назаримда янада гўзаллашиб кетганди. Аввал Гулини йўқотгандим  ва  яна Худога  минг шукурки  Гулини, ўзимнинг  Гулимни  топдим.  Уни менга Худо яна  кайтариб  берди.

                                                                                          Асаттилло Қудратов, Бухоро