«МАДДОҲЛИК МАКТАБИ» ОЧИЛМОҚДА! – Абдужаббор Исомиддин

   Абдужаббор ИСОМИДДИН

«МАДДОҲЛИК МАКТАБИ» ОЧИЛМОҚДА!

(мулоҳазали ҳажвия)

Мундай ўйлаб қарасам, замон мақтовчиники, мақтовбозники бўлиб кетяпти. Биттагина имзоси анчагина нарсани ҳал қилиб ташлайдиган катта-кичик амалдор борки, мақталишни, эъзозланишни хоҳлайди, чуқур ҳурматланишни ва эътибор топишни истайди. Чунки бошқа нарсалари ошиб, тошиб ётибди-да.

Танқид эскилик сарқитига айланиб боряпти. Танқид қиладиганларнинг ариғида оқиб турадиган суви қурияпти. Шунинг учун ҳам, кўп танқидчилар тирикчилик мақсадида мақтовбозликка ўтиш ҳаракатига тушиб қолишди.

Фақат, битта лекини бор: мақталувчилар мақтовчиларнинг сийқаси чиққан, эски андозадаги мақтовларидан зериккандайлар гўё. Ҳаммага бирдай қўлланаверадиган мақтовлар, ҳамду-санолар уларни тузукроқ яйрата олмаётгандек туюляпти менга.

– Хўш, нега малакали маддоҳлар тайёрлайдиган курслар ташкил этмаслик керак? – дедим ўзимга ўзим. Ахир замонавий маддоҳликнинг ривожига ҳисса қўшмаслик виждонсиз одамнинг иши эмас-ку! Дарҳол ишга киришдим.

Бу курснинг номи «Маддоҳ-бизнес» бўлади! «Маддоҳ-бизнес» курсларини муваффақиятли битирганлар малакали маддоҳ бўлиб етишадилар. Ана ундан кейин маддоҳликни бизнесга айлантирадилар. Қарабсизки, ишлар беш-да!

Ҳозир ким кўп – мақталувчи кўп. Ҳамма мақталувчи ҳам ўзини сифатли ва жозибадор мақташларини хоҳлайди.

Мен бу фикримни битта мақтовни чексиз қадрлайдиган амалдор танишимга айтгандим, у яйраб кетиб, бир неча маслаҳатлар ҳам берди.

– Зўр идея! – деди кафтларини завқ билан бир-бирига ишқаганча. – Айни кунларда малакали маддоҳларга ҳар бир идорада, ҳар бир амалдорда эҳтиёж бор. Фақат, сиз тайёрлайдиган маддоҳлар тоифаларга бўлинса, яхшироқ бўларди. Сабаби, мақтов мақталувчининг жамиятда тутган ўрнига мос ҳолда бўлиши керак. Катта мадҳларни, масалан, арзимаган амалдорга қўлланса, мақтовчининг малакаси камлигини исботлаб қўяди, ёки аксинча. Сиз махсус маддоҳларни алоҳида тайёрланг, ишонаманки, уларнинг харидорлари ниҳоятда қўли очиқ бўлишади…

Бу маслаҳатлардан сўнг «Маддоҳ бизнес» курсини ташкил этиш фикрим янада қатъийлашди ва калламда яна қўшимча ғоялар туғилди. Шундай қилиб, биз малакали маддоҳлар тайёрлашда қуйидагиларга эътиборни кучайтирамиз:

тайёрланадиган маддоҳлар ҳар қандай разил одамни ҳам шундай мақтайдиларки, атрофдагилар ва ҳатто мақталувчи ҳам ўзининг чакана одам эмаслигига ишона бошлайди;

«Маддоҳ бизнес» курсларида чекланмаган миқдорда маддоҳлар тайёрлаймиз ва қарабсизки, танқид – тарихда қолади. Танқидчиларнинг гапига ҳеч ким эътибор бермайдиган бўлади. Кўчада, уйда, ишхонада, бозорда, мозорда… ҳамма бир-бирини мақтайди.

Тасаввур қиляпсизми, ҳаёт бирданига гўзаллашади! Адолатсизлик, ҳақсизлик, ёлғончилик, сурбетлик, тилёғламалик, иккиюзламачилик, хиёнат ва ҳоказолар мақтов жунбушида, мақтов фонида кўринмай кетади. Сиз бу мақтовлар жозибасига, сеҳрига мафтун бўлиб, оҳанрабосига берилиб, ўзингизга қилинаётган жамики ҳақсизлик ва ёмонликларни сезмай борасиз. Нафақат сезмайсиз, ҳатто уларни ёқтира бошлайсиз, севасиз, мафтун бўла борасиз…

Хуллас, хонимлар ва жаноблар, яқинда «Маддоҳ бизнес» курсидан жуда катта маддоҳлар галаси… ие, кечирасиз, маддоҳлар гуруҳи малакаланган ҳолда эътиборларингизга ҳавола этилади. Марҳамат, уларни сотиб олинг, мақталинг ва ҳузур қилинг! Айтиб қўяй, малакали маддоҳлар сони чекланган. Ҳозироқ буюртма беришга шошилинг!

…Шу эълонни тайёрлаётган пайтимда, (юқорида айтганимдай) маслаҳат берган оғайнимиз қўнғироқ қилиб, ҳозирда жуда кўпчиликда хусусий маддоҳга эҳтиёж борлигини айтиб қолди. Яъни, маддоҳ маддоҳга эҳтиёжи бор одам билан тун-кун бирга бўлади. Керак бўлса, эрни хотинга, хотинни эрга мақтайди!

Шунинг учун, келинг, яна битта реклом қилиб қўяйлик:

«Мақталишни хоҳлайсизми? Унда бизга мурожаат қилинг».

«Мақталсангиз амалда узоқ турасиз!».

«Мақталсангиз гуноҳ, айб, нуқсон ва ҳатто жиноятларингиз ёпилиб кетади».

«Мақталинг ва мақталганлар билан бирга бўлинг!».

«Мақталсангиз, етарсиз муродга!».

Яна бир эслатма:

ташкил этилаётган «Маддоҳлар мактаби»га умидли сурбетлар;

савоб ва гуноҳнинг фарқига бормайдиганлар;

товонлар таъмини фарқлайдиганлар (яъни, кўп товон ялаганлар);

ўта айёр, ўта мунофиқ шахслар қабул қилинади.

Талабгорлар синов асосида қабул қилинади. Биринчи шарт шуки, улар ялмоғиз кампирни ва шайтонни ижобий сифатлар билан таърифлаб беришлари керак…