Шеърлар очиқ фазода янграсин

dvdimageЯпония фазо тадқиқоти агентлиги амалга оширган шеъриятга оид лойиҳа камина илгари қатнашган халқаро лойиҳалару дастурлар ичида энг ажойиби бўлган.

2007 йил Япониядан инглиз тилида уч мисра шеър ёзиб юборишим сўралган таклиф келди. Мавзу – юлдузлар, фазо, кенглик. Аввалроқ ёзган бир шеърим бор эди, шуни сал ўзгартириб, уч мисрага келтириб таржима қилдим ва кунчиқарликларга юбордим…

Танлов шарти бўйича бир иштирокчи (шоир бўлиши шарт эмас) мавзуга оид беш мисрали шеър битади, навбатдаги шоир унинг давоми сифатида уч мисра ёзади, кейингиси яна беш мисра ва ҳоказо, лойиҳа шу тариқа давом этади.

Камина ўшанда ер куррасининг турли бурчакларидан танлаб олинган турли миллат ва турли касб-эгалари (шоир бўлишиш шарт эмасди) ёрдамида тузилган шеърий баёзнинг дунёга келишида қатнашган.

Бугун ўша йилларни эслаб, яна қалбим завқ ва илҳомга тўлди. Етти-саккиз йил ўтибди, аммо шу кунгача бундай бир ғаройиб адабий лойиҳа қайта қаердадир йўлга қўйилганини эшитмадим.

Ўшанда, лойиҳада космонавтлар ҳам иштирок этган, япониялик фазогир Коичи Ваката очиқ фазода туриб шеър битган ва бу Ер планетасидан ташқарида ёзилган илк шеър дея эътироф этилганди.

Энг қизиғи шуки, йиғилган шеърлар дискка ёзилиб, космонавтлар орқали Япониянинг фазодаги махсус тадқиқот марказига юборилган, у ерда эса шеърлар баланд овозда саноқсиз юлдузлар фонида янграган.

Лойиҳа мақсади ва натижалари ҳақида яна ёзарман. Бугун биз яшаб турган заминда ана шундай янги, илҳомбахш, қизиқарли лойиҳалар бардавом бўлишини истайман.

Фейсбукдаги бир яхши дўстимизга “Самарқанд дарвоза” супермаркетида шеърият кечаси ташкил этиш таклифини киритгандим, мазмун-моҳиятини англамади чоғи, сал шаштимни пасайтирди. Аммо, ҳали ҳаммаси олдинда.

Дарвоқе, мна ўша фазода янграган уч мисрам:

Every night a star touches my eyelash
The light comes out of my eyebrows
Having knocked at the door of my soul

http://iss.jaxa.jp/utiliz/renshi/space2007/main_poem_e.html