Кўп ижод одамларини биламан: болаликдаги қоралама асарлар дафтаридан тортиб газета, журналда чиққан шеър, ҳикоя, мақоласигача авайлаб сақлаб қўяди. Уларга ҳавасим келади! Менинг ижодий архивим йўқ ҳисоби. Эски шеър ва ҳикоя дафтарларим, матбуотда босилган асарларим шаҳардан шаҳарга, бир тумандан иккинчисига кўчавериб, қайлардадир йўқолиб кетган.
Аммо ўзбек ва хорижлик муаллифларнинг ўзи дастхат ёзиб, совға қилган юзлаб китоблар уйимда бор.
Ва яна эски ёзувларимни ҳалигача сақлаб, ичидагиларни улашиб келаётган бир ажойиб, меҳрибон курсдошим, адабиёт ўқитувчиси бор: Раҳима опа! 35 йил аввал ёзилган, ўзимда йўқ шеърларни, ёзувларни шу опамнинг архивларидан топаман!
Кейинги 15-20 йилларда қоралаганим деярли ҳамма нарса сайтимда: http://azamabidov.uz/
Сизда-чи, ижодкор дўстим, ижодий ишлар архиви борми? Қачонлардир ўз қўлингиз билан ёзганларингизни қайсидир дўстингиз, ўқувчингиз ҳалиям сақлаб қўйган бўлса, қай аҳволга тушасиз?

