Истамбулдан салом ва дуолар!
Қадрдон дўстим, ёзувчи Моҳир Ўзтош билан Таксим маҳалласини кездик. 22 йил аввал АҚШдаги Айова дастурида танишгандик. Суҳбатимиз яна ўша унутилмас кунларга, дунёнинг турли бурчакларидан келган 35 нафар ижодкор билан кечган хотираларга қайтди.

Моҳир акага бирга ўтказган кунларимиздан сақланиб қолган қисқа видеолар ва суратларни кўрсатдим. Ҳозир 75 ёшда бўлган дўстим ўзининг ёшликдаги қиёфасини кўриб, жуда хурсанд бўлди. Бир неча дақиқа ичида биз яна ўша йилларга қайтиб қолгандек бўлдик.
Афсуски, ўша гуруҳимиз аъзоларидан бири, ҳиндистонлик Раживан энди орамизда йўқ. Қолганларни уларнинг мамлакатларида бирма-бир зиёрат қилишни ният қилдим.
Ҳаётимнинг энг катта бойликларидан бири турли қитъаларда мени кутиб турадиган дўстларим борлигидир!
Кадикўй соҳилида ёзнинг ҳақиқий нафаси. Мармара денгизида чўмилаётган ёшларнинг қувончи, кулгиси ва эркинлиги атрофга алоҳида кайфият бағишламоқда.
Уларга қараб туриб, болалигим ёдимга тушди. Ўша пайтларда биз ҳам кун бўйи Янгиариқ каналидан чиқмай, ўзимизни дунёнинг энг бахтли одамларидек ҳис қилардик.
Йиллар ўтади, одамлар ўзгаради, аммо сув ҳавзасининг жозибаси ўзгармайди. У эрк, хотиржамлик ва болаликнинг ширин хотираларини ҳадя этавераркан.
Истамбул “мушуклар шаҳри” деб аталиши бежиз эмас. Бу ерда мушуклар кўчалар, боғлар, қаҳвахоналар атрофида бемалол, чўчимай айланиб юради.
Ҳозир мана бу қўлбола уйчани кўриб, жуда хурсанд бўлдим. Бу истамбулликларнинг меҳр-оқибати ва жонзотларга бўлган ғамхўрлигининг ифодасидир.

Қани энди шундай меҳр ва эътибор Ўзбекистон шаҳарларида ҳам янада кенгроқ тарқалса!
Иссиқ кунларда маҳаллангиздаги кўча мушукларига озуқа ва сув қўйишни унутмадингизми?
Ишонинг, улар бу яхшилигингизни ҳис қилади ва эзгулик албатта ўзингизга ҳам қайтиб келади!
Истамбул Таксимидаги кабутар ва чайкалар шаҳарнинг ажралмас қисмига айланган.
Чайкалар баъзан одамларга жуда яқин келиб қўниши Босфор шамоли ва денгиз руҳини Таксимнинг ўртасига олиб келгандек туюлади.
Каптарлар эса майдонга алоҳида илиқлик бағишлайди. Болалар уларни қувиб югуради, сайёҳлар суратга олади, қушлар эса инсонлардан чўчимай эмин-эркин юради.
Таксим шовқинли мегаполис эмас, балки одамлар, табиат ва тарих бир-бири билан ҳамоҳанг яшайдиган жонли макон. Айниқса, шу яқиндаги масжиддан янграган азон садосидан руҳу жонингиз яйрайди.
****
***
Истамбулга таътилга келган Қибрис Ёзувчилар жамияти раиси Неше Яшин билан кўришдим. Эсласангиз, 2024 йили у ижодий резиденция дастуримизда қатнашиб, Ўзбекистон меҳмони бўлганди.

Неше билан Нозим Ҳикмат маданият марказига, нашриётга ва тарихий масканларга бордик, адабиёт, таржима, сиёсат, маданият ва халқлар ўртасидаги дўстликни ривожлантириш ҳақида суҳбатлашдик.
Неша Қибрис (Кипр) адабий ҳаётининг фаол намояндаларидан саналади. Унинг шеърларидан бири қўшиққа айлантирилган бўлиб, у Кипр авиакомпанияси самолётларида учиш бошланиши ва қўниш арафасида янграйди.
Бир куни самолёт экипажи Нешанинг ўзи ҳам йўловчилар орасида эканини пайқаб қолади. Бу ҳақда учувчига хабар беришади ва у Нешани кабинга таклиф қилиб, барча йўловчилар учун шеър ўқиб беришни илтимос қилади.
Истамбулдаги Султонаҳмат майдони, Айя София ва Кўк масжиднинг шундоққина ёнида ер остида яширинган яна бир ажойиб тарихий мўъжиза борлигини ҳамма ҳам билмайди. Бу — қадимий ер ости сув омбори, яъни цистерна.

Иншоот VI асрда Византия императори Юстиниан даврида қурилган бўлиб, асрлар давомида Истанбулни ичимлик суви билан таъминлашга хизмат қилган. Юзлаб мармар устунлар, сувда акс этган ёруғлик ва сокин муҳит бу жойни нафақат муҳандислик мўъжизаси, балки ҳақиқий санъат асарига айлантирган.
Бу ердаги машҳур Медуза бошли устунлар эса ҳали-ҳамон кўплаб афсона ва сирларга сабаб бўлиб келмоқда.
Ер устида миллионлаб сайёҳлар гавжум бўлган бир пайтда, ер остида минг йиллик сукунат ҳукм суради. Агар Истанбулга йўлингиз тушса, машҳур обидалар билан бир қаторда ана шу яширин тарихий хазинани ҳам албатта кўринг!

Июнь, 2026
