Навоий музейи кўчирилиши ҳақида унинг асарлари инглизча таржимони сифатида мен ҳам бефарқ эмасман.
Дод десак ҳам, ижтимоий тармоқларда ёзсак ҳам, ҳатто плакат кўтариб музей олдида турсак ҳам, қарор ўзгармаслиги аниқ. Лекин битта савол бор: янги музей учун биз, ҳа, мен ва сиз, нима қиламиз?
Менимча, энг оғир гапни аввало ўзимизга айтишимиз керак: ҳаммасига фақат бошқаларни эмас, ўзимизни ҳам айблашимиз шарт. Мен ҳам ўзимни қаттиқ танқид қила оламан. Чунки Навоий учун бугунгача қилганимдан ҳам кўпроқ иш қилишим мумкин эди!
Музейларга кўпроқ бориш, адабий тадбирлар ташкил қилиш, ёшларни етаклаб киришим учун кенгроқ имконим бор эди.
Хорижлик ёзувчиларни бир неча марта шу Навоий музейига олиб борганман. Афсуски, у ерда замонавий музей муҳитини эмас, йиллар давомида деярли ўзгармаган экспозициялар, совуқ хоналар ва жимликни кўрдим.
Гулнорани Турон кутубхонасини ёпганликда айблаш осон. Лекин кўпчилик билмайди: Турон кутубхонаси йўқолгани йўқ, у янги манзилга, Абдулла Қодирий ижод мактаби ҳудудига кўчирилган. Боринглар. Кўринглар. У ерни китобхонлар, учрашувлар ва адабий тадбирлар билан тўлдиринглар!
Асл муаммо бинода ё уларни кўчиришда эмас, балки ҳар биримизнинг музейлар, кутубхоналар ва адабиётга муносабатимиздадир балки?!
Бир неча йил давомида Ойбек уй-музейини ҳақиқий адабий платформага айлантиришга уриндим. Учрашувлар ўтказдим, кўргазмалар ташкил қилдим, ёшларни жалб қилдим, хорижлик меҳмонларни олиб бордим. Афсуски, ўшанда кўпчилигингизни ёнимда кўрмадим.
Йиллар давомида Алишер Навоий асарларини инглиз тилига таржима қилиб келяпман: «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», ғазаллар, уларга ёзилган шарҳлар. Уларни асосан ўз имкониятларим билан нашр эттиришга ва хорижда тарғиб қилишга ҳаракат қилиб юрибман. Ақалли: «Бу ҳам Навоий учун муҳим иш», дея бир оғиз қўллаб-қувватлай олмайсиз-ку.
Халқаро Алишер Навоий адабиёт фестивали ғоясини ҳам, Навоий шаҳрига UNESCO Адабиёт шаҳри мақомини олиш ташаббусини ҳам бир неча йилдан бери илгари суриб келяпман.
Қанисизлар?
Музей қаерда бўлишидан қатъи назар, эртадан бошлаб Навоий учун нима қиламиз?
Ё яна бир неча кун баҳслашиб, кейин бу мавзуни ҳам унутамизми?
Ёки Навоийни ўзимизга кенгроқ танитиш, дунёга олиб чиқиш учун бирлашамизми?
Музейларни, кутубхоналарни ва адабий масканларни ҳақиқатан ҳам жўшқин ҳаёт билан тўлдирамизми?
Навоийнинг мана бу сатрлари менга ҳеч тинчлик бермайди:
«Шуҳратин олам ичра пайдо қил,
Олам аҳлин аларға шайдо қил.»
Тўғриси, музей биноси учун эмас, Навоий учун қайғураман!
Моғор ва ис босган, совуқ деворлар учун эмас, маънавий муҳит учун қайғураман!
Чунки Навоийга, адабий меросга бўлган муҳаббат ҳайкаллар билан ҳам, бинолар билан ҳам эмас, амал билан ўлчанади!
Яхшилаб ўрганиш ва ўргатиш билан. Тадқиқот билан. Таржима билан.
Навоийни ўзимизга ҳам, дунёга ҳам танитадиган фестиваллар билан.
Музейларни тирик адабий масканга айлантириш билан.
Ва энг муҳими — бир-биримизни ўз вақтида қўллаб-қувватлаш билан!
Олов ўчгач эмас. Ҳаммаси тугагач эмас. Ҳозир!

