24-29 июнь кунлари Туркиянинг бетакрор, ям-яшил ва соҳилбўйидаги Муданья шаҳрида халқаро ижодий фестиваль бўлиб ўтди.
Франция, Испания, Ироқ, Албания, Сербия, Тунис, Морокко ва бошқа мамлакатлар, Туркиянинг турли вилоятларидан шоир, ёзувчи, драматург, рассом, фотографлар келган жуда гўзал анжуман.

Муданья Мармара денгизининг жанубий соҳилида жойлашган, 2500 йилдан ортиқ тарихга эга шаҳарчадир. Рим, Византия ва Усмонийлар даврида муҳим денгиз портига айланган, у орқали Бурса ташқи дунё билан боғланган.
Денгиз бўйидаги сайргоҳлар, балиқчи қайиқлари, тарихий усмоний уйлари ва сокин муҳити Муданьяга ўзига хос жозиба бағишлайди.

Тирилье эса Муданьядан бир неча километр ғарбда жойлашган, гўё очиқ осмон остидаги музейни эслатувчи қадимий қишлоқдир. Зайтунзорлар бағрида жойлашган бу гўзал масканда одамлар милоддан аввалги VIII асрдан бери яшаб келади.
Тор тош кўчалар бўйлаб сайр қилар экансиз, юзлаб йиллик юнон уйлари, қадимий черковлар, монастирлар, фавворалар ва тарихий бинолар сизга Византия ва Усмонийлар давридан сўзлаб беради.
Тирилье айниқса машҳур зайтунлари ва сифатли зайтун мойи билан танилган бўлиб, табиат, меъморчилик ва тарихнинг бетакрор уйғунлигини намоён этади.
Мана шу тарихий Муданья ва Тирилье шаҳарчаларида Халқаро адабиёт фестивали ўтаркан, дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёзувчилар, шоирлар, рассомлар, фотографлар, кинематографчилар ва маданият намояндалари бир жойга тўпланиб, адабиёт, санъат ва маданий мулоқот байрамини яратмоқдалар.
Асрлар нафаси уфуриб турган кўчалар ва Мармара денгизининг мусаффо соҳилида кечаётган ушбу фестиваль маданият ва ижод чегара билмаслигини яна бир бор намоён этиб, янги дўстликлар ва янги ҳикояларга илҳом бағишламоқда.

Тирильеда 13 мамлакатдан келган ижодкорлар билан суҳбатлашар эканман, турк халқ қўшиқлари ва куйларини тинглаш менга ўзбек фольклорини янада яқинроқ ҳис қилиш имконини берди. Икки халқ мусиқасида ҳам соғинч, муҳаббат, озодлик, садоқат, табиатга меҳр ва инсон қалбининг энг нозик туйғулари куйланади.
Адабиётда ҳам ўхшашликлар кўп: халқ достонлари, ривоятлар, мақоллар ва шеърият авлоддан-авлодга ўтиб, миллий хотирани асраб келмоқда.
Бу фестивалда айниқса турк ёзувчилари мазза қилишмоқда: уларга дунёнинг турли бурчакларидан келган ижодкорлар билан мулоқот қилиш катта илҳом манбаи бўлди. Турли тилларда сўзлашсак-да, адабиёт ва мусиқа ҳаммамиз учун умумий тил эканини яна бир бор ҳис қилдим.

Тирильенинг тарихий кўчалари ва Мармара денгизи соҳилида янграган турк куйлари, ижод ҳақидаги самимий суҳбатлар ва шеърхонлик кечалари қалбимда унутилмас хотираларга айланди. Ва ҳар галгидай ўйлайман: Ўзбекистонда яна қачон шундай тадбирлар қиларкинман?
Муданья ва Тирилье халқаро адабиёт фестивалини маҳаллий ҳокимият — беледие қўллаб-қувватламоқда. Шаҳар бошқони инглиз тилини мукаммал биладиган жуда самимий инсон экан. Бу менга давлат хизматчилари учун хорижий тилларни билиш қанчалик муҳим эканини яна бир бор англатди.
Энг муҳими, у адабиёт, маданият ва санъатнинг ривожланишига чин дилдан ишонар экан. Турк ижодкорлари қанчалик яйраётгани, бу шаҳарлар дунё кўз ўнгида қайноқ ижод шаҳарлари сифатида танилиб бораётганини сезмоқда.

Менимча, маданият ва адабиётни маҳаллий ҳокимиятлар молиявий қўллаб-қувватлаш жуда муҳим. Албатта, бундай ёрдам ижодий жараёнга аралашмасдан, унинг мустақиллигини сақлаган ҳолда амалга оширилиши керак. Бу борада Туркия тажрибасидан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп.
Биздаям шундай ҳокимиятлар ва ҳокимлар чиқармикин?
Шеърият ва тасвирий санъатни бирлаштирган ажойиб кўргазма. Улудоғ университети талабалари ва устозлари хорижлик ҳамда туркиялик шоирларнинг шеърларини ўқиб, ҳар бирига ўз тасаввурлари асосида расм чизишган. Кўргазмада шеърлар нафис тарзда чоп этилган, уларнинг ёнма-ёнига эса шу шеърдан илҳомланган расмлар жойлаштирилган.
Мен учун ҳам “Шоирнинг дилдори” номли шеъримнинг шундай гўзал тасвир билан бирга намойиш этилаётганини кўриш жуда ҳаяжонли ва қувончли бўлди. Бу университет билан ёзувчи ва шоирлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ажойиб намунасидир. Лойиҳани Зелиҳа хоним ташкил этган.

“Бир кўприкман” шеъримни турк актёри, драматурги Гурол Тонбул ўқиди.
Туркиядаги оммавий ахборот воситаларининг адабиёт ва маданиятга бўлган юксак эътибори таҳсинга лойиқ. Халқаро адабиёт фестивали бошланмасидан олдиноқ ўнлаб турк нашрлари тадбир ҳақида материаллар эълон қилди.
Фестиваль бошланганидан кейин эса унинг ҳар бир куни қизиқарли репортажлар, интервьюлар ва очиқ, самимий ёритишлар билан кузатиб борилмоқда.
Турк нашрлари ижодкорларни, китобни ва маданий-адабий ташаббусларни жамиятга яқинлаштиришда муҳим кўприк вазифасини бажармоқдалар.
Ўзбекистондаги аҳволни ўзингиз биласиз.
Камина кичик, аммо кучли ва садоқатли жамоам билан ўтказиб келаётган халқаро ижодий тадбирларни бизникилардан кўра кўпроқ чет эл ОАВлари ёритади.
https://www.gemliksonnokta.com/icinden-muzik-gecen-oykuler-umudayaz-26da-dinleyicilerle-bulustu/
Соҳилбўйидаги халқаро фестиваль яхши инсонлар, самимий табассумлар ва турли мамлакатлардан келган ижодкорларнинг мулоқотлари билан тўлди.

Таржима ва сўзнинг қудрати ҳақидаги мулоқот айниқса таъсирли бўлди. Ҳар бир сўз ортида қанчалик катта дунё яширинганини, тиллар орқали инсонлар бир-бирини қанчалик яқинроқ ҳис қилиши мумкинлигини чуқурроқ англайсиз.
Кеч тушганда Мармара денгизидаги “адабиёт кемаси”даги сайр эса кунга алоҳида бир сеҳр қўшди. Куннинг якуни эса шоир, драматург Ҳасан Эркек ёзган Жумҳурият достони асосидаги спектакль билан якунланди.
Турк матбуоти халқаро адабиёт фестивалини ёритишда давом этмоқда.
https://www.gemliksonnokta.com/umudayaz-2026da-siir-desenlerle-yeniden-yorumlandi/
***
Дарахтлар – энг улуғ неъмат.
Бу юзйиллик чинорларни қаранг!
Ҳеч ким заҳарли ис чиқаряпти деган баҳона билан кесиб ташламаяпти.
Тирилье қишлоғи ҳақидаги қадим ва замонавий ҳикояларни ям-яшил бағрида сақлаб, авлоддан-авлодга узатмоқда улар.

Эскишеҳир, Истанбул, Измир, Бурса ва Туркиянинг бошқа шаҳарларидан келган ижодкорлар билан фикр алмашишдан шод бўлдим.
Кечга яқин барчамиз Мармара денгизи узра қуёш ботишини томоша қилдик. Осмон рангларини фақат қалб билан ҳис қилиш мумкин эди.

Кунимиз мусиқа ва шеърият кечаси билан якунланди. Мен ҳам турк, ўзбек ва инглиз тилларини уйғунлаштирган янги шеъримни ўқидим.
Тирильенинг сокин оқшоми остида ҳар бир шеър, ҳар бир куй ва ҳар бир табассум тинчлик, дўстлик ва инсонийлик узра қўйилган навбатдаги гўзал имзо бўлиб туюлди.
***
Танишинг: Бесник Мустафай
Албаниянинг собиқ ташқи ишлар вазири ва Париждаги элчиси, бугунги замонавий албан адабиётининг таниқли ижодкорларидан бири. У элчи бўлиб ишлаган йилларини эсга оларкан, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги элчиси қароргоҳида ўтказилган палов зиёфати ҳақида илиқ хотираларини сўзлаб берди.

Суҳбатимиз давомида яна бир ҳақиқатни ўйлаб қолдим: адабиёт ва дипломатия кўпинча бир йўлда учрашади. Қирғиз халқининг буюк адиби Чингиз Айтматов ҳам дипломат сифатида ўз юртига хизмат қилган.
Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси бўлган Алишер Файзуллаев ҳам бадиий асарлар ёзиб туради. Яна Фарҳод Арзиев бўларди.
Яқин келажакда ўзбек шоир ва ёзувчилари орасидан элчилар, дипломатлар етишиб чиқса, дунёнинг турли мамлакатларидаги ҳаётий тажрибалари асосида янги, юксак савиядаги асарлар яратиш имконига эга бўлар эдилар. Аммо бу хаёл холос.
***

Туркиянинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Бурса Усмонийлар давлатига пойтахт ҳам бўлган. Унда кўчалар, уйлар, боғлар асрлар давомида шаклланган бой маданий мерос ҳақида ҳикоя қилади. Ипак матолар савдоси билан машҳур бозорлари ва яшил адирлари Бурсани нафақат Туркия, балки бутун дунё учун муҳим маданий марказга айлантирган.
Бурсада сайр қилар эканмиз, масжидлар, мақбаралар, музейлар ва анъанавий бозорлар орқали шаҳарнинг бой тарихи билан озроқ танишдик.
У инсонни ўтмишни қадрлашга, бугунни беҳуда бой бермасликка ва келажак учун янги кўприклар қуришга чорлаётгандай.
***
Муданья фестивали иштирокчилари орасида ёш мактаб ўқувчисининг ҳам борлигидан суюндим. У катта адиблар, драматург ва таржимонлар суҳбатларини тинглар, ижодий муҳитни ҳис қилар, ўз ижодий келажагини шакллантириб борарди. Бу Туркиянинг ёш авлодни адабиёт ва маданиятнинг халқаро майдонига эрта олиб чиқишга қанчалик катта аҳамият бераётганини кўрсатади.

Қани энди, Ўзбекистондаги ижод мактаблари ўқувчилари учун ҳам шундай имкониятлар берилса. Мен уларни халқаро адабий учрашувларга олиб бориш, маҳорат дарслари ташкил этиш, дунё ёзувчилари билан учраштириш ва ўзим тўплаган халқаро тажрибани улар билан баҳам кўришни жуда истардим. Чунки келажак адабиёти айнан шу илҳомланган ёшлар қўлида камол топади.
Қани, қайси ижод мактаби биринчи бўлиб мен билан ҳамкорлик қилишни бошлар экан?!
Мармара денгизи соҳилида, тўлин ой нурлари остида беш кунлик “Умудаяз” халқаро ёзувчилар фестивали ўзининг гўзал якунига етди. Бу бебаҳо кунлар мен учун янги дўстлар орттириш, турли мамлакатлардан келган ижодкорлардан ўрганиш учун зўр имконият бўлди.

Тирильеда яна учрашгунча яхши қолинг, турк дўстлар!
Иншааллоҳ, яқин келажакда Ўзбекистонда ҳам ана шундай халқаро адабий ва ижодий анжуманларни яна бирга ташкил этиш насиб этсин!

