Тифлис, июль, дўстлар

Бу шаҳар Кавказ тоғлари бағрида жойлашган, қадимий ва жуда бой тарихга эга марказлардан бири бўлиб, асрлар давомида турли империялар, савдо йўллари ва маданиятлар кесишган нуқта сифатида шаклланган.

Унинг кўчаларида бир вақтнинг ўзида ҳам ўрта асрлар руҳи, ҳам замонавий ҳаёт нафаси сезилади: тош йўлаклар, эски балконли уйлар ва қадимий ибодатхоналар янги архитектура билан ёнма-ён яшайди.

Машҳур шоир Шота Руставели руҳи бу эрксевар шаҳарда кезиб юргандай.

V асрда қирол Вахтанг Горгасали иссиқ булоқларни топиб, пойтахт қуришга қарор қилган шаҳар “Тбилиси” (Тифлис) номи “иссиқ” маъносини англатувчи “тбили” сўзидан келиб чиққан.

Эски шаҳарнинг тор ва қия кўчалари, балконли уйлари ва тош йўлакларида ўтмиш нафаси уфуради.

Руставели проспекти каби марказий кўчалар шаҳарнинг юраги ҳисобланиб, у ерда театрлар, музейлар, Гуржистон миллий кутубхонаси ва китоб дўконлари жойлашган.

Тифлисдаги қадимий, муҳташам Ёзувчилар уйида китоблар, эски фотосуратлар ва ижодий муҳит билан тўла бир дунёга тушгандек бўлдим.

Бинoни XIX аср охирида машҳур саноатчи ва хайриячи Давид Саражишвили қурдирган ва шу уйда яшаган.

У ўз даврида нафақат тадбиркор, балки Саидносир Миржалилов каби санъат ва адабиётни қўллаб-қувватлаган зиёли инсон сифатида танилган.

Кейинчалик бу уй адабий муҳит марказига айланиб, ёзувчилар ва ижодкорлар учун очиқ майдон бўлиб қолган. Тифлис халқаро адабиёт фестивалини ҳам шу ерда ишловчи ижодкорлар ташкиллаштиради.

Тифлисдаги кўп бинолар деворида шундай лавҳлар кўрдим: “Бу бинода фалон йилдан фалон йилгача машҳур ёзувчи, бастакор, рассом ёки олим яшаган”. Яна Шота Руставели кўчасида унинг ҳикматли сўзларини ўқийсиз.

Бу услуб тарихни музей ичига қамаб қўймайди, балки уни кундалик ҳаётга олиб киради. Одамлар кўчада юрганида тасодифан қизиқ тарих ва маданият билан учрашиб қолади.

Бундай анъанани бизда ҳам жорий қилиш жуда маъноли бўларди, айниқса Навоий каби буюк мутафаккирлар номидаги кўчаларда. Бинолар деворларига қисқа иқтибослар, илҳомлантирувчи сўзларни жойлаштириш орқали кўчаларни “тирик маданий макон”га айлантириш имкони бор.

Тифлисдаги давлат муассасалари бинолари давлат ва халқ ўртасидаги муносабатни яққол акс эттириб тургандай.

Масалан, мамлакат қонунлари қабул қилинадиган Парламентга бемалол яқин келиш, зиналарида ўтириш мумкин. Қалин ва баланд темир панжаралар йўқ.

Ташқи ишлар вазирлиги эса шундоққина кўча юзида, шаҳар ҳаёти билан ёнма-ён.

Гуржистон халқига эркинлик, демократия ва фаровон ҳаёт йўлида омад тилайман.

Тифлисга келишимга яна бир сабаб 22 йил аввал Айова ёзувчилар уйида ён қўшним бўлган гуржи ёзувчиси Сулхан Жорданияни топиш эди.

Интернет, ижтимоий тармоқ, техника воситаларига умуман қизиқмасди. Ҳаёт бўлса, бу йил 88 га киради.

Йиллар аввал Тифлисдаги Халқаро Қора Денгиз Университети инглиз тили бўлимида дарс берарди. Ўқув даргоҳига қўнғироқ қилдим; у ерда йўқ экан. Атрофдагилардан суриштирдим, дараги чиқмади.

Гуглдан яхшилаб қидирдим. Бир манба Сулхан Жордания 2005 йили Германияга кетиб, 2013 йили немис фуқаролигини олган деяпти.

“Эҳ, биз ўлганлар, қачон уйғонамиз?” номли инглизча романини ўқиганман. Қаерда бўлсаям, соғ бўлсин, кўп яшасин! Германияга борсам, Аллоҳ бизни қайта ижодий давраларда учраштирсин!

Тифлисда дўстим Ана Кордзая-Самадашвили ва замонавий санъат куратори Магда Гурули билан учрашдим. Ана — Грузиянинг энг машҳур адибаларидан бири, таржимон.

Магда Гурули эса 20 йилдан бери халқаро кўргазма ва маданий лойиҳаларни амалга ошириб келаётган энг фаол кураторлардан биридир.

Бу учрашув мен учун яна бир сабаб билан ҳам жуда қадрли бўлди. Бундан ўн йил аввал Берлиндаги адабий резиденция дастурида Ана билан бирга ижод қилгандик. Ўша даврада қозоғистонлик таниқли ёзувчи Айгул Кемелбаева ҳам бор эди.

Биз кўришган “София Мельникованинг фантастик тамаддихонаси” оддий қаҳвахона эмас, балки Тифлиснинг машҳур эркин ижод анъаналари билан боғлиқ маданий макондир. Унинг тарихи 1917 йилда очилган шоир ва рассомлар йиғинига бориб тақалади. Маскан ўз номини ёш актриса ва илҳом париси София Мельниковадан олган. Кейинчалик авангард санъаткорлари унга бағишлаб машҳур китоб ҳам чиқарганлар.

Бугун у ўша руҳни давом эттириб, ёзувчилар, рассомлар учрашадиган жонли маданий ўчоқ сифатида яшаб келмоқда.

Июль, 2026