Индонезия — дунёдаги энг йирик ороллар давлати. Мамлакат таркибида 17 мингдан ортиқ орол бор. Агар ҳар бир оролда бир кундан меҳмон бўлсангиз, ҳаммасини кўриш учун 50 йил керак бўлади!

Индонезия аҳолиси 280 миллионга яқин бўлиб, 240 миллиондан ортиғи мусулмон. Бироқ унинг бойлиги фақат ороллари ёки аҳолиси сонида эмас. Бу ерда юзлаб миллатлар, тиллар ва маданиятлар бир мамлакат остида яшайди. Шу сабабли Индонезияни бир давлат эмас, балки минглаб ҳикоялардан ташкил топган улкан дунё деб аташ мумкин.
Сўнгги ўн йилликларда Индонезия Жануби-Шарқий Осиёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётларидан бирига айланди.
Жакарта — Индонезиянинг юраги. Бу ерда миллионлаб одамлар ҳар куни ҳаракатда: кимдир ишга шошади, кимдир орзуси ортидан югуради, яна кимдир янги имкониятлар излайди.

Жакарта тирбандликлари билан ҳам машҳур. Лекин ҳаётнинг тезлиги эмас, унга бўлган муносабат муҳимроқ экан. Одамлар қаёқларгадир шошилади, аммо табассум қилишни ҳам унутмайди.
Жакарта катта шаҳарлар ҳақидаги бир ҳақиқатни эслатади: тараққиёт осмонўпар биноларда эмас, балки келажакка ишониб яшайдиган, меҳнаткаш, камтар, изланувчан одамларда намоён бўлади.
Индонезия маданий юраги — Йогякартага келдим. Уни Жогжа ҳам дейишади.

Йогякарта мамлакатнинг энг ноёб шаҳарларидан бири. Бу ерда султон Ҳаменгкубувоно сулоласи ҳали ҳам рамзий ва маданий нуфузга эга бўлиб, ҳозирги султон ўнинчи бир вақтнинг ўзида Йогякарта губернатори ҳам ҳисобланади.
1946–1949 йилларда шаҳар Индонезиянинг вақтинчалик пойтахти бўлган. Шу сабабли у алоҳида “махсус вилоят” мақомини сақлаб қолган.
Бугун Жогжа қадимий анъаналар, санъат ва талабалар ҳаёти уйғун яшайдиган, Индонезиянинг ҳақиқий маданий марказидир.
Дўстим Ниа Амира билан Йогякартадаги султон саройини зиёрат қилдим. Бу жой фақат тарихий сарой эмас, балки ҳали ҳам тирик маданий марказ ҳисобланади. Сарой ҳудудида анъанавий мусиқа, рақс ва турли маросимлар ҳозиргача сақланиб келмоқда.

Бу ерда ўтмиш ва бугун уйғун яшайди. Гид йигитчадан султон ишга қўриқчилар билан борадими деб сўрайман. Йўқ, халқ уни ҳурмат қилади, ҳамма қатори машинасида ишга бориб, яна сарой-уйига қайтади, дейди.
Султоннинг беш нафар қизи бор экан. Ўрнига ё катта қизини, ё ўғил жиянини тайинлаши ҳақида ҳар хил гаплар тарқаётган эмиш.

Омма учун очиқ бўлган саройда аввалги султонлар ҳаётига бағишланган кичик музей-кўргазмалар бор.
Биринчи марта мотоцикл таксида (мототакси) юрдим! 😁 Бу ерда биздаги Яндексга ўхшаган Grab орқали такси чақирилади.
Мототакси энг қулай транспорт: тирбандликда машиналардан анча тез ҳаракат қилади, кўчаларни ғизиллаб “кесиб” ўтади ва вақтни тежайди. Қисқа масофалар учун айниқса идеал вариант; одатда жуда арзон ҳам.
Йогякартада бу нафақат транспорт, балки кундалик ҳаётнинг бир қисми эканини сезиш мумкин.
Султон оиласига қарашли резиденция омма учун танишишга очиқ экан.
Бир қисми ҳатто ресторанга айлантирилибди. Султон саройидаги хоналардан бирида ўтириб, турли буюм ва суратларни томоша қилганча қаҳва ҳўплаш, муз солинган шарбат ичиш мумкин.

Диққат! Индонезиянинг Ява оролидан кўрсатамиз!
Адабиёт, маданий хилма-хиллик, ижодий саёҳатлар ҳақидаги суҳбатимизга таклиф этаман!
🗓️ 2026 йил 22 июнь, душанба
⏰ 09:00 – 10:00 (Ява вақти – Ўзбекистондан икки соат олдинда)
📺 Жонли эфир: JOGJA BELAJAR YouTube каналида!
Ява ороли, Йогякарта шаҳрида ёзилган эрталабки подкастимиздан митти лавҳа
Jogja Belajar Radio (JBR) подкасти меҳмони бўлдим. Бу платформа таълим, саводхонлик, адабиёт, маданият ва медиани ривожлантиришга қаратилган ташаббус бўлиб, турли соҳалар вакилларини мазмунли мулоқотга чорлаб келади.
Суҳбат давомида китобхонлик маданиятини юксалтириш, адабиётнинг инсон тафаккурини бойитишдаги ўрни, ҳамда таълим ва маданият орқали халқлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш масалалари ҳақида фикр алмашдик.
Мен учун Индонезиянинг маданий пойтахтларидан бири саналган ушбу шаҳарда саводхонлик, адабиёт, хусусан Навоий ижоди ва таълим ғояларини тарғиб қилиш, шунингдек, халқаро маданий ҳамкорлик имкониятлари ҳақида сўзлаш катта мамнуният бахш этди.

Йогякарта нафақат Индонезиянинг маданий пойтахти, балки тропик мевалар жаннати ҳамдир. Бу ерда бозорлар ва кўча дўконлари манго, папайя, ананас, қизил ёки сариқ-қизғиш рангли, майин “сочсимон” тиканчалар билан қопланган рамбутан, мангустин (тўқ бинафша қобиқли, ичи оқ ва юмшоқ бўлакчалардан иборат “мевалар маликаси”), салак (қўнғир, илон терисига ўхшаш қобиқли, қарсилдоқ ва ширин-нордон таъмли “илон мева”) ва дуриан (ташқи кўриниши тиконли, ичи кремсимон-сариқ, ҳиди жуда кучли бўлган “мевалар қироли”) каби экзотик мевалар билан тўла. Иссиқ иқлим ва унумдор тупроқ туфайли бу мевалар йил давомида етиштирилади.
Жогжада сайр қилар эканман, ҳар бир бозор ранглар ва ҳидлар дунёсига ўхшайди. Айниқса, дурианнинг кучли ҳиди туфайли у ҳақда метро ва жамоат транспортида “ейиш тақиқланади” деган белгиларни ҳам кўриш мумкин.
Ўзбекистонда қовун-тарвуз роса пишгандир?

(Сурат Интернетдан олинди)
2000-йиллар бошида Тошкентдаги Индонезия элчихонасига бориб, шоир ва ёзувчилари ҳақида маълумот сўрагандим. Маданият ишлари атташеси Гоенаван Муҳаммад отли шоирнинг шеърларини топиб берган, ўша йиллари таржима қилгандим.
Эртага бир эшик очилгай:
ўша туманликдан отар тонг,
Асрнинг осуда кулгуси билан
Мен кетиб бораман ҳаю-ҳай.
Бу шоиримиз ҳозир 84 ёшда. Йигирма йилча аввал қилганим таржималарни мана бу ерда ўқишга таклиф этаман: http://azamabidov.uz/?p=659
Лекин Индонезияда шоир дўстим Насруддин менга ҳозирги замон адабиётидаги яна бир улкан номни таништирди: Сутаржи Калзум Баҳри. Бугун у 85 ёшга тўлди.

Кўпчилик уни нафақат Индонезиянинг, балки бутун Жануби-Шарқий Осиёнинг энг таъсирчан шоирларидан бири деб ҳисоблайди.
1941 йилда Суматра оролидаги Риау вилоятида туғилган Сутаржи шеъриятга бутунлай янги нафас олиб кирди. Унинг фикрича, сўзлар фақат маъно ташувчи восита эмас, балки ўзининг руҳи, оҳанги ва мусиқасига эга тирик мавжудотдир. Унинг машҳур “Шеърий эътиқод” (Kredo Puisi) манифести Индонезия адабиётида ҳақиқий бурилиш ясаган асарлардан бири ҳисобланади.
Сутаржининг ижодида қадимги малай ва ява анъаналари, халқ дуолари, мантралар ва оғзаки ижоднинг таъсири яққол сезилади. Уни баъзан “Индонезия шоирларининг раиси” деб ҳам аташади.
***
Тепаликлар бағрида жойлашган Султонлар қабристони (Имогири) Ява ороли тарихидаги энг муқаддас жойлардан бири экан. XVII асрда қурилган бу мажмуада султонлар ва уларнинг оила аъзолари дафн этилган.
Қабристоннинг айнан тепалик устида барпо этилгани бежиз эмас: яваликлар қадимдан баланд жойларни руҳий оламга яқин деб билганлар.

Имогири билан боғлиқ қизиқ анъаналардан бири шундаки, султонлар вафот этганидан кейин уларнинг жасадлари махсус маросимлар билан саройдан бу муқаддас тепаликка олиб келинган. Бу сафар баъзан бир неча соат, ҳатто бир кундан ортиқ вақт давом этган. Яваликлар учун бу оддий дафн эмас, балки ҳукмдорнинг бу дунёдан маънавий оламга ўтишини ифодаловчи муҳим маросим ҳисобланган.
Қабристонга олиб чиқувчи юзлаб зиналар ҳам инсоннинг ҳаёт йўли ва руҳий юксалишининг рамзи сифатида талқин қилинади. Бу масканда инсон ўтмиш, анъана ва вақтнинг қадри ҳақида ўйлаб қолади.
Зиёрат учун ҳурмат юзасидан махсус кийим кийдиришар экан.
***
Жакартада метрога чиқишим билан тозалик ходимларининг биридан (у ерда метро ҳаракатланаётганда ҳам тинмай тозалаб, дезинфекциялаб туриларкан) фалон ерга кетадиган метрога чиқдимми, деб сўрадим. У бош ирғади. Мен эса ўриндиққа ўтириб, поезд силжишини кута бошладим.
Орадан беш дақиқа ўтар-ўтмас, ҳалиги ходим мени излаб яна қайтиб келди. Маълум бўлишича, ўтирганим вагон манзилим томон кетмас экан. Жакарта атрофидаги баъзи поездларда йўлнинг маълум қисмида поезд таркиби иккига ажратилиб, бир нечта вагон бир йўналишда, қолганлари эса бошқа йўналишда ҳаракатланаркан.

Ходим шуни пайқаб, мени атайлаб қидириб топибди ва тўғри вагонга ўтишимни айтди. У бўлмаганда бутунлай бошқа манзилга бориб, эсанкираб қолишим мумкин эди. 😄
Мени ҳайратга солган жиҳат унинг вазифаси фақат тозаликка қарашмас, балки йўловчи тақдирига ҳам бефарқ эмаслиги бўлди.
Сафарлар давомида кўпинча диққатга сазовор жойлар эмас, балки одамлар ва ана шундай кичик яхшиликлар эсда қолади!
Июнь, 2026 йил

