Европа бўйлаб автобусда саёҳат

12366911_10153315244637602_632065088_n

Умримни адабиёт, санъат, маданият, маънавият соҳаси вакиллари билан мулоқотга, имкон туғилди дегунча саёҳатга, атрофимдаги инсонларни, дўсту ёрларимга яхшироқ, самимийроқ муносабатда бўлишга сарфлаш одатим бўлди.

Атайин “Ўзбекистон Ҳаво Йўллари”дан чипта олдим: бошқа оз сонли авиакомпанияларга қараганда арзонроқ, қулайроқ, асосийси ўзимизники, маблағ ўзимизга қолади.

“Элчимисиз?” – сўради аэропортда паспорт назоратчиси. “Йўқ, шунчаки оддий ходим.” Кулворай дедим. “Оқ йўл!”

Франкфуртга қўнганимизда, майин ёмғир қуяр, ҳаво унча совуқ эмасди. Олдиндан бронь қилиб пули тўланган меҳмонхонани ахтариб, пиёда шаҳар кўчаларида кездим, турк ошхоналари, бир еврога анчагина мева ва егулик сотиб олса бўладиган дўконларни ораладим; масжид марказий вокзалдан унча узоқ эмас, трамвайлар бирдай, таблода кўрсатилганидан бир дақиқаям кечикмасдан катта-кичик кўчаларга қайрилиб кетмоқда.

Поезд, автобус, учоқ чипталарини интернет орқали, онлайн бронь қилиш ва сотиб олиш харажатларни камида бир ярим, гоҳида икки-уч бараварга камайтиришига гувоҳ бўлдим. Европага саёҳат қилишни истаганлар банкдан валюта картаси очиб олса иш анча осонлашаркан.

Мўъжазгина меҳмонхонада (пулига яраша) бир кеча тунаб, азонда трамвайга ўтириб, автобекатга келдим. Бир кун аввал интернет-кафеда сотиб олганим чиптани Амстердамга кетадиган яшил автобус ҳайдовчисига кўрсатдим, телефонига штрих кодни суратга олганди, онлайн рўйхатдан ўтганимни тасдиқлади, чемоданимни юкхонага жойлаб, автобусга чиқишимга изн берди, жуда хушмуомала экан. Ажойиб: бепул вай-фай, мусиқа, радио эшитиш, фильм кўриш имконияти бор мўъжаз экран ҳар йўловчи учун алоҳида, таъбга кўра қаҳва, чой, ширинлик ё мевани бир ярим-икки еврога сотиб олса бўлади.

12380371_10153315251432602_2052707220_n

Ўрнимга жойлашиб олгач, ойна пардасини суриб, кўчага қарадим, ҳали ғира-шира, ёмғир тинган. Келиб чиқиши осиёлик бир оила коляскада фарзанди билан автобусга яқин келди, чиптасини кўрсатди, аммо ҳайдовчи штрих кодни текширгач, коляскада ухлаб ётган гўдак учун ҳам чипта зарур шекил, уларга бир неча соатдан кейин йўлга чиқадиган навбатдаги автобусга чиқишни маслаҳат бериб, биз билан кетишга рухсат бермади. Йўл-йўлакай бир нечта бекатда тўхтаб, йўловчиларни тушириб ё салонга олиб, Дюссельдорфу кичик шаҳарчаларни томоша қилиб, тушдан кейин Голландияга кириб келдик.

Йўллар жуда текис, мамлакатларни боғловчи йўллар янада равон, автобус ойнасидан одамларни, ёшу қариларнинг кайфиятини, уйларни, кенг далаларни кузатиб кетиш мароқли. Айниқса, дарахтлар ўзга олам, уларга қараб тўймайсан, тури, туси хилма-хил, кўплари ҳали баргларини тўкмаган, айримлари яшиллигини йўқотмаган. Ватанда ижарада юрганимда биринчи қаватдаги кичик гулзорда ўсадиган, бир йилда икки маротаба гуллайдиган шафтоли кўчати эсимга келди негадир.

12388141_10153315251147602_1940548417_n

2004 йили АҚШ сафаридан қайтган куним пойтахтдан туғилган юртимга боргандим. Болаликдан бирга катта бўлган қадрдоним уйимизга ташриф буюраркан, “лой кўчалардан кела туриб, энг сершовқин ва ривожланган мега шаҳарлардан бири саналган Нью-Йоркдан асфальт кўрмаган шундоқ жойларга қайтиб келиб қолганингдан қай аҳволга тушдинг экан, деб ўйладим”, дея кулдирганди. Орадан ўн йилдан ортиқ вақт ўтибдики, ўша кўчалар ҳануз асфальт кўрмади, бунинг устига газ, свет дегани ўта камёб нарсага, ачинарлиси, бу маҳаллий аҳоли учун нормал ҳолга айланди. Ҳар не бўлса ҳам, Ватаннинг қора тупроқ йўлларидан қўймасин, дейман-у ўзимзнинг содда ювош ўзбегимдан ўпкалагим келаверади…

Бу ўлкалардаги уйлар бошқача. Кичик, баланд эмас, аммо ҳамма қулайликлари бор, гулларга бурканган, уй ташқарисини, остона тарафни осма тувакдаги гуллар билан безатилгани кайфиятни кўтариб юборади, машина, велосипед, мопед тураржойлари ихчам, ўзига хос. Йўл бўйи суратларни Фейсбук месенжери орқали дўстларимга улашиб келдим.

12358233_10153315251362602_1193633061_n

Аввал ҳам ёзгандим, Амстердамда Клаус шаҳзодаси жамғармаси бор. Маданият, санъат, баъзан адабиёт соҳасидаги илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Ҳар йили ўндан ортиқ киши, гуруҳ ёки жамоани мукофотлайди, тантанали маросим ҳамда шаҳзода ва малика қабулига бутун дунёдан меҳмонлар таклиф этади. Ўзбекистондан ҳозирча «Илҳом» театри ушбу жамғарма мукофотини олган. Марказий Осиёдан тақдирланганлар кўп эмас. Бу йил қозоғистонлик визуал расом ва куратор Оксана Шаталовага ҳам омад кулиб боқди. Уйғуристонлик қўшиқчи Фарҳод Холиқни мукофотланганлар орасида кўриш ва суҳбатлашишдан мамнун бўлдим. Фарҳоднинг ўзгача овози бор экан, қўшиқлари ҳам бамаъни, болалик, самовий кенгликлар, ҳаёт ва мамот ҳақида, каттакон саройга йиғилганлар мароқ билан тинглади.

Шундоқ ёнимда ўтирган истараси иссиққина киши тадбир асносида бўйнимга осиғлиқ бейжга кўзи тушиб, кўзлари яшнаб кетди: «Ўзбекистонданмисан?» деди шодланиб. «Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчисимисан?» Бир неча марта бундай тадбирда қатнашаётганимга қарамай, ҳали бирон ўзбекни учратганим йўқ эди бу ерда. «Ҳа, ўзбекман, дедим, – фақат элчи эмас.» Суҳбатимиз қизиқ тус олди. Леонард журналист экан, Амстердамда яшайди. Ўзбекистонга боришни анчадан бери орзу қиларкан. Саёҳатга ўзи билан олиб кетишни ўғлига ҳам ваъда берган. Етти нафар фарзанди бор. Қойил қолдим. Билганимча таърифлаб бердим юртимизни. Тез орада кўришиб қолсак ажабмас.

12394374_10153315251307602_1166341268_o

Берн нафис санъат музейи куратори Кэтлин, индонезиялик маданият фаоли Фаленсиа, берлинлик рассом Жулиа роса дилкаш аёллар экан. Қилаётган ишларимиз, турмуш, оила, ўзига хос маданият ва одатларимиз ҳақида суҳбаташдик. Жулиа ўзбек адабиётига қизиқиб қолди, Эркин Аъзамнинг инглиз тилига таржима қилинган китобини совға қилдим. Унга Франкфуртдалигимда меҳмонхона кўчасидан бурилганимда бекатга яқинлашиб қолган трамвайга чипта олишга улгурмай (чипта фақат бекатлардаги махсус электрон автоматлардан сотиб олинади), шошилиб чиқиб оланимни айтиб бердим. «Кондукторлар сезиб қолганда жарима солиши мумкин эди, аммо меҳмонлигингизни билдирмабсиз чоғи, омадингиз бор экан» деди. Келаси сафар трамвайга чиқсам бир марталик эмас, бир кунлик билет сотиб оламан, деб кулишдик.

Кэтлин каттакон ижара уйида турмуш ўртоғи билан яшаркан, Фаленсиа иккимиз кичкина бўлса ҳам ўз уйимиз борлигини айтганимизда, ҳавас қилди. Беш киши яшайдиган квартирамизда ҳатто пианинога ҳам жой ажратилганини эшитиб, ҳайрати янада ошди. Оилада фарзанднинг ўрни, завқи ва ширин ташвишларидан гапирдим. Булар барибир бошқача фикрлайди. Кеэтлиннинг опа-сингил ва ака-укалари бўлган, оила ташвиши билан онаси ўзига ва ўзи қизиққан соҳага етарли эътибор беролмаган, бу Кэтлинга салбий таъсир қилган, фарзанд кўришни истамас экан, аммо ҳаётидан, ишидан мамнун. Швейцарияда музейлар фаолиятини қўллаб турадиган бадавлат одамлар борлигидан хурсандлигини яширмади, йўқса яқинда ишсизлар сафига қўшилишига бир баҳя қолибди. Швейцарияликлар асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади, маданият ва санъатга эътибори у қадар катта эмас, қўшимча қилди у.

12358416_10153315251172602_1765273517_n

Амстердам – каналлар ва кўприклар шаҳри. Қиш кунлари қоронғу тез тушади, аммо шаҳар чироқлар билан безатилган, эрталабгача сайёҳлар шаҳар кезиб тинмайди. Гул бозорлари, антиқа саройлари, кўҳна ва замонавий бинолари, музейлари, қизил фонуслар мавзеси, пишлоқ дўконлари маълуму машҳур. Кечқурун усти ёпиқ махсус қайиқларда кезиш, марказдан шаҳарнинг турли томонларига бепул олиб ўтиб қўядиган, одамлар велосипед ва мопедлари билан бемалол чиқиб оладиган катта-кичик кемаларга миниш, соҳилдаги қушларни, осмонни, узоқ кенгликларни томоша қилишнинг ўзгача гашти бор.

Яна бир тадбирда адабиётшунос, ношир, ёзувчилар дастури директори, адиблар билан учрашдим. Адабий лойиҳаларимиз ва ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилдик. Норвегияда жойлашган Халқаро ёзувчилар тармоғи директори Ҳелг Лунд таклиф этаётган дастур биздаги айрим ёзувчилар учун фойдали бўлиши мумкин. Танзаниялик шоир, ливиялик ёзувчи ва суратчи, Африка ёзувчилар уюшмаси раҳбари, “Лондонда босиладиган араб ёзувчилари ижодига қаратилган “Банипал” журнали муҳаррири билан адабий таржималар, алмашинув дастурлари ҳақида гаплашдик.

12366776_10153315250947602_1250867343_n

Автобусимиз Амстердамдан Парижга олиб келганда кун ҳали ёришмаганди, чемоданимни судраб, тонгги Париж кварталларида кездим, олдимдан кичик ва кўримсиз меҳмонхона чиқди. Ўзи ер қиммат бўлгани сабабли бу ерларда кафе, дўкон, меҳмонхона кабилар жуда кичик. Қўнғироқ чалувдим, кўзини ишқалаб, тетиккина кампир эшикни очди, 50 евро чиқар, деди, узатдим. Митти ва тор зиналар орқали учинчи қаватга кўтарилиб, тор хонадаги каравотда мазза қилиб ухладим.

Парижга келиб, Эйфель минорасини кўрмай кетиб бўлармиди? Аслида бу ерга иккинчи бор ташриф буюришим. Аввал кечки соат 12 ларда келиб кетганим эсимга тушди. Ўшанда тасодифан Парижга тушиб қолгандим. Режа бўйича Мюнхенда бир кеча тунаб, кейин Америкага учишим керак эди. Аммо Тошкент аэропортида “Люфтганза” ходимлари бир неча йўловчидан агар сал кечроқ манзилга боришнинг иложи бўлса, ўрнимизга бошқа йўловчиларни юбориш, қолганларни албатта ўша куниёқ Германияга етказишга кўндиришди. Аксига олиб, ўша куни Москвага учадиган самолётдаям бўш жой йўқ экан, фақат тушдан кейин Парижга учишимга тўғри келувди, кеч бўлишига қарамай, тунги поездга ўтириб, атайин Эйфель олдига келгандим бир неча йил аввал ҳам.

12388231_10153315250602602_10962054_n

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Меҳмонхонадан чиқаётганимда диванда нимадир тўқиб ўтирган кампир анчагина очилиб хайрлашди, қаерданлигимни сўради, Ватанимнинг жойлашган ўрнини билмаса ҳам, унга энг яхши тилакларимни билганимча французчада чулдираб, юртимизга меҳмонга таклиф этдим. Буларнинг кексайганда дунё кезишини яхши кўраман ва жуда маъқуллайман, Ўзбекистонга келганлари олам-олам таассурот билан қайтганини кўп эшитганман.

Болгариянинг пойтахт Софиядан кейинги ўринда турувчи Пловдив шаҳрида Мария Филиппова каминани интиқ кутаётганди. Париждан учоқда Софияга учиб келдим, у ердан автобусга ўтириб, икки соатларда Пловдивга етиб олдим. Мария 90-йиллар бошида бир йил Тошкент педагогика институтида ўқиган. Ўзбекистонни туғилган жойи каби жонидан ортиқ севади, хотираларини эшитиб, мазза қилади одам. Тошкентда ўқиган кезлари вилоятларга ҳам чиққан, Ёзувчилар уюшмаси тадбирларида иштирок этган, ўзбек шоирларининг асарларини болгар тилига таржима қилган.

12366595_10153315250392602_1890237608_n

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

У билан виртуал танишганимизгаям камида ўн йиллар бўлди, ҳар сафар Европага келсам, уйига таклиф қиларди, бу сафар, мана, кўришиш насиб этди, Худога шукр. Бирга ўтказганимиз уч кун тезда қанот қоқиб учиб кетди, адабиёт, таржима, ҳаёт ташвишлари ва қувончлари ҳақида гаплашдик, шаҳарнинг асосан Усмонийлардан қолган эски қисмини томоша қилдик, хиёбонларда кездик, атиргуллар ифорига кўмилдик.

12366880_10153315250502602_1942191725_nПловдивдаги ўзимизнинг Афандига ўхшаган Милё ва у билан боғлиқ ҳикоялар жуда қизиқ. Милёга шаҳар марказий кўчаларидан бирида ҳайкал ҳам ўрнатишган. Хиёбонларда тентираб юриб, ўтган-кетгандан дастхат сўраб юрувчи яна бир дарвешнамо кишининг ўзига хос олами бор. Дарвоқе, Пловдив 2019 йилнинг Европа маданияти маркази этиб белгиланган, шаҳарда маданий тадбирларга қизғин тайёргарлик авжидалигини сезиш мумкин.

12358395_10153315247442602_799466403_n

Афина жуда тоза шаҳар экан. Ҳаво шунақа чиройли бўлдики, хонадон, марказий кўчалар ва порт яқинидаги мандарин дарахтлари кун бўйи қуёш нурида товланди. Метроси қулай ва кўркам, маҳаллалари ям-яшил. Грекларни ўзига бино қўйган, дейишади, фақат мени буни сезмадим, «эго» – мен дегани экан, аммо афиналик ажойиб оиланинг меҳмондўстлиги-ю эътиборидан бошим фақат осмонга етди.

Рим қайсидир жиҳати билан Хивани эслатди менга. Узун кўчалар бўйлаб қатор тарихий обидалар жойлашган, пиёда бирма-бир бемалол томоша қилиб юрса арзийди. Каттакон қасрлари, қасролди кенг майдонлари, ҳайбатли галереялари завқу шавққа тўлдиради, тарих ичида сузиб юргандай сезади одам ўзини. Туристлар кўп, хавфсизлик кучайтирилган, отлиқ полициячилар, машинада кузатиб юрган патруллар гоҳ-гоҳ кўзга ташланиб туради. Кечга томон осмонни майда қушлар қоплаб оларкан, хиёбонлардан бирида чордона қуриб ўтириб, уларни томоша қилиш мароқли. Қора тусли, чироқ нурларида ялтираб, гала-гала учаётган номаълум қушлар бутун осмонни қоплаб олаётгандай, баланддан туриб, сизга салом бераётгандай, гоҳ завқли ва ҳузурбахш, гоҳ армонли ва беҳаловат ҳаёт қўшиғини, эркинлик ва бахт таронасини жўр бўлиб куйлашга чорлаётгандай.

12367033_10153315244407602_1999882319_n

Тушга яқин ҳавога кўтарилган учоғимиз қоронғуда Тошкентга қўнди. Ассалом, она Ўзбекистон!

2015 йил декабрь