САЛОМ, УЧАР ТАРЕЛКА

Аъзам ОБИД

САЛОМ, УЧАР ТАРЕЛКА
(болаларга аталган шеърлар)
Қушчага

Тезроқ учгин, эй қушча,
Ёмғирда қолиб кетма.
Тағин қуёш чиққунча
Толиқиб, ҳориб кетма.

Шамол эсяпти дув-дув,
Сув шилдираб оқмоқда.
Бизникига кириб тур,
Қара, ёмғир ёғмоқда.

 

Ойим билади
Боғча опа бир куни,
Сўраб қолди Насимдан:
«Фамилиянг нимайди?
Чиқиб қолди эсимдан.»

Насимжон жавоб қилар,
Манглайин тириштириб:
«Ойимлар биладилар,
Келайми суриштириб?»

 

Қандай ютади?

Мақтанди онасига,
Мактабдан қайтган Турғун:
«Ойи, синифимиз ютди,
Рақиб синфни бугун!»

Гапни эшитиб турган
Кичик Раъно айтади:
«Синифингиз оғзи борми?
Қандай қилиб ютади?»

 

Баҳор нафаси

Эриб аста момиққина қор,
Жилдиради ариқларда сув.
Ўлкам яшнар, келди гулбаҳор,
Кўкда қушлар учмоқда тотув.

Кўм-кўк дарахт шохига яна,
Осиб қўйдим қушнинг қафасин.
Қувонингиз, яйратиб тана,
Эсмоқдадир баҳор нафаси.

 
Тиллақўнғиз

Узоқда кетар эди,
Яшил ранг бир машина.
Унга термулиб турар,
Жажжи қизча Мадина:

«Вой, акажон, -дер, -қаранг,
Учиб кетяпти ,,ғиз-ғиз”.
Боягина ўртоғим,
Тутволган тиллақўнғиз».

 

Ақлсиз жўжа

Кир-чир жўжа кўзгуда,
Ўз аксин кўриб қолди.
Жаҳли чиқиб бир зумда,
Кўзгуга қараб солди.

«Нима бўляпти сенга?»
Сўради она товуқ.
«Нега ўқраяр менга,
Анови турқи совуқ?!»

 

Нонуштада

«Овқат ейишдан олдин
Юз-қўлингни юв, Тоҳир.»
«Боягина тушимда
Ювган эдим-ку, ахир.»
Бахт элчиси

Уй шифтига икки қалдирғоч,
Солибдики бир чиройли ин.
Қараб турсам , дадам деди: «Қоч,
Уясини бузмагин тағин.

Жонзотларга берма ҳеч озор,
Меҳрибон бўл ҳамиша, ҳар дам,
Йўқса сендан бўлишиб безор,
Кетиб қолар қалдирғочлар ҳам”.

Қадирғочлар, дўстман сиз билан,
Сизлар менга асло ёт эмас.
Халқим учун ўзингиз билан
Бир қучоқ бахт келтирсангиз бас!

 

Туҳмат

«Қулоғимни единг-ку,
Бўлди, етади, бас қил!»
Деп қойиса акаси,
Қовоғин солар Оқил:

«Боя овқатландим-ку,
Тўқлигимни биласиз.
Ахир қулоқ емадим,
Нега туҳмат қиласиз?!

 
Елпиғичнинг орзуси

Ишларимни бошласам,
Кўнглингизни хушласам.
Қанийди, ғам-аламни
Тезда елпиб ташласам.

 

«Абош»

Абдулҳамид зўр бола-да,
Эркалатиб дейман «Абош».
Йиқилса ҳам у баланддан,
Ғинг демайди, тўкмайди ёш.

Қўл-оёқсиз бўлса ҳамки
Айлантириб юргум боғда.
Ҳеч бермайман унга дакки,
Ахир «Абош» – қўғирчоқ-да.

 

Илтимос

Ҳой булут, оппоқ булут,
Сенга бордир илтимос.
Илтимоси кўп дема,
Атиги битта холос.

Қорбўрон ўйнолмасдан,
Болалар кўнгли доғдир.
Шунинг учун бизларга
Момиққина қор ёғдир.

 

Дарвозабон

Дарвозабон, сен бунча
Ҳамма тўпни тўсасан?
Тўп олдингга келгунча
Пасаясан, ўсасан.

Эҳ, чарчайсан, қўяқол,
Қийнамагин ўзингни.
Мен ургунча битта гол
Юмиб тургин кўзингни.

 

Жавоб

“Даданг, уйларингдами?
Болам, чақириб юбор”
Деб сўраса Хол ака
Жавоб олиб чиқдир Нор:
“Анча тоблари қочиб,
Уйда ётган эдилар.
Мени ишга кетган, деб
Айтиб қўйгин, дедилар.”

 

Машинга сиғмади

Кўчяпмиз бошқа уйга
Олиб ҳамма кўчимиз.
Энди бизсиз ҳувиллаб
Қолар бўлди кўчамиз.

Жавон, гилам, кўрпача,
Олдик барча-барчасин.
Тозалаб териб қўйдик
Ўтин-у ғишт парчасин.

Сўнг ҳамма нарсаларни
Машина олиб кетди.
Фақат унга сиғмасдан
Уйимиз қолиб кетди.

 

Тандир

Ҳой, қучоғи кенг тандир,
Ўтинларни тез ёндир.
Нонларни олиб чиқай,
Ойим чекиб бўлгандир.

Сен қизиб тур унгача,
Сўнг дамингни ол пича.
Фақат ухлаб қолмагин
Онам нон ёпгунича.

 

Усталар

Менинг дадам усталар,
Уй солишга усталар.
Қойил қиларлар ишни,
Ҳатто лолдир усталар.

 

Олвали

Вой, пишибди олвали,
Тезроқ уз иол, Вали.
Фақат «қон»га бўялма
Қорнинг тўла солволиб.

 

Тушлик

Ғоз тамшанар:
«Ғоқ, ғоқ, ғоқ!
Қорним очди
Ҳей, ўртоқ!»

Дўсти дер:
«Кутгил бир оз,
Пиширяпман-ку хўроз!»

 

Катта бўлсам

Ювош дерди бувим қўйни,
Ўйинимни бузди-ку.
Нақ бир метр ўсиб бўйни
Биқинимга сузди-ку.

Майли, мен ҳам ката бўлиб,
Топиб фурсат-чоғини,
Шум қўчқорни тутиб олиб,
Синдираман шохини!

 

Пахтада

Қулоқ оғриб пахтазорда
Бир оз пахта теролмадим,
Ё мулойим куратордан
Уйга рухсат сўролмадим.

Кечиригиз, теримчилар,
Оғриқ ўтмай оёғимга,
Пахтангиздан бир чимчилаб
Тиқиб қўйинг қулоғимга.

 

Салом, учар тарелка

Салом, учар тарелка,
Қаёқда қолиб кетдинг?
Билсанг, қанча қалбларга
Ҳаяжон солиб кетдинг.

Яна мени ахтариб
Юргандирсан, эҳтимол.
Унутдингми манзилим?
Унда хат ёз бемалол.

Хатни жўнат Ер томон,
Учсин тўппа-тўғрига,
Етиб келсин ойисин
Энг эркатой ўғлига.

 

© Аъзам Обид