Қайдасан?

Кўчиб кетмагандирсан? Ё кечиб кетганмисан? Ишқилиб, кечикмасам бўлди. Сени топишим керак, мактабдош! Иккинчи синфда ўқирдим, сен бир синф паст. Катта танаффусда ҳайитликка олганим бир сўмни йўқотдим, йиғидан кўзларим шишди, устозим сабабини сўради, айтдим. Орқа партадаги кимдир қўшни синфдаги ўқувчида, яъни сенда бир сўмлик кўрганини қулоғимга шипшиди. Аълочи эдим, одобли, намунали ўқувчи сифатида танилгандим, сенинг ўқишларинг, хулқинг унчалик эмасди. Хуллас, устоз сендаги бир сўмликни меникилигига ишониб, уни сендан олиб, қўлимга тутди, кўзларинг лўққайганча қолди. Бир неча кун ўтиб, костюмимнинг орқа пастки қисмида бехосдан ўша йўқотган бир сўмни топиб олдим: чўнтагим тешик экан, астарига тушиб кетган. Чурқ этмадим, устозимни, ўзимни алдамчига чиқаргим келмади… Орадан ўттиз йилми ўтди? Қўлимга оз-моз пул тушди. Атрофимда қарз олиб, ойлар ва йиллар қаърига жим-жит шўнғиганларим бор. Ҳеч кимни бировга мухтожу қарздор қилмасин. Иссиқ жон, муаммо кимда йўқ? Кимларгадир ёрдамчи қилиб қўйганига шукур дейсан, аммо сўзида тургувчилар кўпаймаса ҳеч иложи йўқ, ҳеч йўқ узр айтгувчилардан бўлса эди булар. Ҳар турли баҳоналардан чарчаганимда, сен ёдимга тушдинг. Олдингдаги қарзимдан қутулганим куни улар ҳам бир-бир ҳузуримга келади, олди-бердини жойига қўяди, деб ишонаман. Қайдасан?        

«Кичик ҳикоялар» туркумидан.