Гоҳида ёш қаламкашлар ёзганларини юбориб, таржима қилиб беришимни илтимос қилишса, уларга ётиғи билан маслаҳат бераман: нега ўзингиз қилмайсиз? “Мен таржимон эмасман-да” ё “тил билмайман”, дейди аксари. Эҳ, ёшларимиз-а! Тил ўрганаман деганга етарли шароит, ресурс ва имконият бор ҳозирги пайтда бундай баҳона қилиш ҳеч ярашмайди. Дангасалик, ўз устида ишламаслик, замонавий технологиядан фойдаланиш-у хорижий тилларни ўрганмаслик кўплаб ўзбек шоир ва ёзувчиларига теккан касаллик бўлиб қолмаяптими? Бўлар-бўлмасга ғурурланиш, тарқоқлик, тартибсизлик, принципсизлик ҳолатларини ҳам узоқдан излаш шартмас. Хуллас, ушбу мухтасар мақолада замонавий ўзбек ёзувчи ё шоири қандай бўлмоғи кераклиги, чет элга чиқиш, хорижлик адиблар билан мулоқотни йўлга қўйиш, чет элда асарлари босилишга эришиш учун нималарга эътибор қаратмоғи кераклиги хусусида озроқ фикрлашсак. Аввало, ёзувчи дегани, янаям аниқроқ айтадиган бўлсак, асарлари чет тилларига таржима қилинишга лойиқ ҳамда халқнинг дарду ҳасрати, туриш-турмушини бадиий тасвирлаш орқали дунёга ўзбек адабиёти вакили сифатида таништирса бўладиган ўзбек ёзувчи ё шоири кенг фикрли, ҳар қандай вазиятга холис баҳо бера оладиган, олдинни кўра биладиган инсон бўлмоғи керак. Энг муҳими, яхши ёзувчи ё шоир бўлиш учун у кўп яхши ва фойдали китоблар ўқиши, ахборот воситаларида ёритилаётган воқеа-ҳодисаларни бир нечта манбадан солиштириб ўрганиши, дунё воқеалари, сиёсат, жамият ҳаёти, ютуқ ва муаммолардан бохабар бўлиши лозимлигини яна эсга солсак бўлади.
Замонавий ўзбек ёзувчиси ўзбек ва рус тилларини билишдан ташқари, камида битта хорижий тилни, хусусан инглизчани яхши ўрганиб олиши керак. Тошкентда бепул суҳбат клубларига қатнашса бўлади, бир нечта элчихоналарда тил ўрганиш клублари ҳам бор. Инглиз тилини ўрганиш учун Ҳиндистондаги махсус “АйТек” (ITEC) дастурини тавсия этамиз. Ҳиндистон элчихонаси орқали йилига ўнлаб юртдошларимиз, жумладан ёзувчилар малака ошириб келмоқда. Чет элга чиққан ижодкор ўзга юртда кўплаб таниш ва дўстлар орттиради, мулоқот қилади, фикри теранлашади, ижодкорлар билан суҳбатлашади, тажриба алмашади, ижодига янги ранглар олиб киради. Чет элга боришдан аввал, ёзувчи соғлигининг мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилиши (бунинг учун спорт билан шуғулланиш, спиртли ичимлик ичмаслик, азонда туришни одат қилиш, тўғри овқатланишга эътибор қаратиш), мамлакатдан чиқиш визаси олиши, бораётган мамлакат визаси учун эртароқ ҳаракат қилиши каби масалаларни инобатга олиши даркор.
Агар ёш қаламкаш дўстимиз ҳали қаерга ўқишга киришни билмай турган бўлса, дипломатия соҳасини танлашини ва албатта шу соҳада иш топишга ҳаракат қилишини маслаҳат берамиз. Чингиз Айтматовни эсланг: у ўн йиллар давомида Европада элчилик қилди. Шу тариқа халқаро муносабатлар билан шуғулланди, халқларни ўзаро бир-бирини тушунишга кўмаклашди, асарларини чет тилларга таржима қилиниб, хорижий мамлакатларда чоп этилишига эришди. Ўзини, Ватанини, илғор умуминсоний ғояларини тарғиб қилди. “Халқаро ёзувчи” бўлишни кўзлаган шоир ё ёзувчи кўп саёҳат қилса фойдали, шу боис ҳеч бўлмаса “Жаҳон” ахборот агентлигига ё чет эл оммавий ахборот воситаларига, Ташқи ишлар вазирлигига, Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихона ва консулликларига, ё бўлмаса халқаро ташкилотларга ишга ўтишига эришиши лозим.
Инглиз ё бошқа ғарб тилларини яхши билувчи ижодкорлар учун илғор мамлакатлардаги адабий дастурларда иштирок этиш имкони мавжуд. Бундай дастурлар ўзбек ёзувчисининг бошқа мамлакатлардаги ёзувчилар билан мунтазам мулоқотини йўлга қўйишга, чет элда танилишига, асарларининг таржима қилинишига туртки бўлади.
Ёш қаламкашлар фалон пулли шартнома ё бошқа йўллар билан ўқишга кираётганда, шу пулга ва ё чет тилини кучли билиш туфайли чет элда сабоқ олиш мумкинлигини ёддан чиқаришмасин. Ўзбекистондаги қатор элчихоналарда кучли талаба ва профессионаллар учун АҚШ, Европа ва илғор Шарқ мамлакатларида бепул таълим олиш ҳамда малака ошириш дастурлари борлигини ҳам эътибордан қочирманг.
Тошкентда ҳар йили камида 2-3 та халқаро таълим кўргазмаси бўлиб ўтади. Ижодкорлар ана шундай ярмаркаларга бориб, ўзларига маъқул чет мамлакатдаги таълим масканларига имтиҳон топшириш ва ўқиш билан боғлиқ бошқа саволларга жавоб олишса, чет элдаги университетда ўқишса қандоқ яхши!
Чет элга чиқиш тажрибаси етарли бўлган ёзувчилар хориждаги адабиёт фестивалларига қатнашиб туриши ҳар жиҳатдан фойдали. Одатда, бундай фестивалларда ёзувчи ё шоирнинг асарларидан намуналар таржима қилинади, уларга мактаб, университет, жамоат жойларида Ўзбекистон, адабиёт ва ижод ҳақида маърузалар, ўша мамлакат оммавий ахборот воситаларида чиқишлар қилишга имкон яратилади. Халқаро адабиёт фестивалларида бутун дунёдан ижодкорлар иштирок этади, бу ўз навбатида ижодий ҳамкорликни йўлга қўйишга, халқаро адабий лойиҳалар устида биргаликда ишлашга замин яратади.
Замонамиз ёзувчилари чет элга чиқиш билан биргаликда, чет эллик ёзувчиларни Ўзбекистонга олиб келиш ишида ҳам ёрдамчи бўлишлари керак. Бу ишни “Ўзбекистонда халқаро шеърият фестивали”, “Ёзувчи резиденцияда”, “Таржимонлар семинари” каби кичикроқ тадбирлар орқали амалга оширса бўлади. Албатта, Ёзувчилар уюшмасида бундай ғояларни ҳукумат даражасида илгари сурадиган, бу дастур ва фестивалларни ташкил этишга тайёр бўлган гуруҳ тузиш биринчи галдаги вазифа бўлмаса, юртимизда халқаро тадбир ё лойиҳалар қилиш осонмас.
Юртимизда адабий таржима билан шуғулланаётган ёшлар кўпаймоқда. Юқорида кўрсатилган соҳаларда таълим олган, адабиётни жону дилидан севган, тилни пухта билган ёшлар етук таржимон бўлиб етишади. Камина кўпроқ ўзбек адабиётини хорижий тилларга таржима қилишга каттароқ куч сарфлашни маслаҳат беради. Чет тилларини бинойидай ўзлаштирган ёзувчи ва шоирлар ўша тилларда тўғридан-тўғри асарлар ёзишга ўтишсин. Буни ихчам антологиялар тузишдан бошлаш керак: ўзбек шеърияти антологияси, ўзбек ҳикоячилиги антологияси каби. Чет тилларига таржима қилганда, албатта МУҲАРРИР кўмагидан фойдаланинг, у билан биргаликда ишланг. Камина Эркин Аъзамнинг битта роман, битта қисса ва иккита ҳикояси устида лондонлик муҳаррир Кэрол билан Интернет (“Скайп”) орқали камида 2 ой ишлади. Бундай муҳаррирларни махсус адабий дастур доирасида Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда чет элдан чақиртириш имкони ҳам мавжуд.
Ижтимоий тармоқларда ёш ўзбек шоири ё ёзувчисининг асари фалон тилда, фалон жойда китоб бўлиб чиқди, деган хабарларга кўзимиз тушяпти. Чет элдаги газета, журналларда ўзбек шоири ё ёзувчисининг асари босилиши жуда яхши, жуда қувонарли гап. Фақат ёш қаламкашлар бундай ишларни устозларнинг асарларини таржима қилиш ва босишга кўмаклашиш билан биргаликда олиб боришса, инсоф ва адолатдан бўлади. Албатта, чет элнинг ўз ўлчамлари бор, бироқ тилни билмайдиган ё асари таржима қилинмаган катта ўзбек ёзувчиси турганда, ҳали талаба бўлмиш шоир укамиз ё синглимизнинг асарлари китоб ҳолида қайсидир чет мамлакатда босилса, ноқулай ҳолат юзага келиши табиий. Аслида, каминанинг ўз кучи ва салоҳияти ортидан чет элда ўқиётган, чет тилида асарлар ёзаётган, нашр эттираётган ёшларимизга “баракалла” дегиси келади, чунки ҳар кимнинг ўз тақдири, пешонасига битилган ҳаёт йўли бор. Гоҳида юртимиздаги унчалик эркин бўлмаган адабий муҳит, тегишли ташкилотларнинг ташаббускор ёш ижодкорларнинг жиддий таклифларига назар-писанд қилмаслик ҳолатлари айрим ёшлар ё гуруҳларнинг алоҳида ва ўз билгича ҳаракат қилаётганига сабаб бўлиб қолаётан бўлса бордир.
Хуллас, азиз ёзувчим ва шоирим, юқоридаги фикрларимни малол олманг, тегишли хулоса чиқаринг, ёрдамим керак бўлса, тортинмай мурожаат қилинг. Мабодо амалий ишга ўтайлик, дегувчилар бўлса, сўзимни айтиб қўяй: агар “Жаҳон адабиёти” журнали ё Ёзувчилар уюшмаси қошида фақат ёзувчи ва шоирлар учун, чет элга чиқаман, халқаро адабий лойиҳалар тузаман каби яхши ниятлар қиладиган ижодкорлар учун курслар очишса, инглиз тилидан, инглизчага таржима қилишдан билганимча сабоқ ўтишга тайёрман. Сиз-чи, сиз тайёрмисиз?