2016-yilning eng yaxshi adabiy yangiligi

erkin1Фароғатхон Жўраева, барака топинг! 2016 йил ўзбек адабиёти катта йўқотишлар қилди… Аммо Эркин Аъзамнинг китоби Лондонда босилишини адабиётимизнинг бу йилдаги энг катта ютуғи, деса бўлади. Бу ҳақда алламбало хабарларни кўтар-кўтар қилувчи газета-ю сайтлар ё кўрмай қолди, ё ғафлатда қолди. Китоб босилишида самимий ёрдамини аямаган муҳтарам устоз Hamid Ismailov ва муҳаррир Carol Ermakova га ташаккур! Шу икки инсоннинг ижодий фаолияти ҳақида ҳам “Китоб дунёси”да мақолалар бериб борсангиз, бағоят хурсанд қилардингиз каминани.

Kitob Dunyosi

December 28, 2016 at 6:29pm ·

ЖАҲОН БИЛАН БЎЙЛАШИБ

Ёзувчи Эркин Аъзамнинг “Буюк осий Шайх Санъон ворислари” тўплами Лондонда инглиз тилида чоп этилди
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг яна бир тўплами инглиззабон ўқувчилар китоб жавонидан ўрин олди. Ноябрь ойи охирида қароргоҳи Лондонда жойлашган Евроосиё ижодий гильдияси ҳамда “Hertfordshire Press” нашриёти V халқаро адабиёт фестивали ва китоб форумини ташкил этди. “Буюк осий Шайх Санъон ворислари” (“Heirs to the Great Sinner Sheikh San’on”) тўпламининг тақдимоти ҳам мазкур нуфузли анжуман доирасида ўтказилди.
Мутахассислар кўркам муқова ва салмоқли ҳажмдаги китобни ноширлик ишининг гўзал намунаси дея баҳоламоқда. Таъкидлаш жоизки, бу юртимиз адиблари китобининг жаҳон тафаккури марказларидан бири – Лондонда илк бор чоп этилишидир. 
Овруполик нозиктаъб ноширларнинг Эркин Аъзам асарларига харидор бўлгани бежиз эмас, албатта. Забардаст адибимиз ижодида эрк, ҳурлик, фикр дахлсизлиги каби умуминсоний ғоялар марказий ўрин тутади. Ёзувчи ижодининг ўзига хослиги унинг шахси билан ҳам боғлиқ: ҳақиқатпарвар адиб ёлғон ва сохта гаплардан ҳазар қилади, адабиётни рост сўз майдони деб билади.
“Китоб дунёси” муштарийларининг хабари бор, 2014 йили Эркин Аъзам қаламига мансуб “Эртак билан хайрлашув” тўплами Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси шафелигида инглиз ва француз тилларида чоп этилиб, Вашингтон ҳамда Парижда қўш тақдимот ўтказилган эди. Ана шу тўплам янги таржималар билан бойитилиб, “Буюк осий Шайх Санъон ворислари” китоби таълиф этилди.
Китобга адибнинг кейинги йилларда ёзган беш асари – “Шовқин” романи, “Гули-гули”, “Пакананинг ошиқ кўнгли” қиссалари, “Ёзувчининг боғи” ҳамда “Мусофирнинг қизини ит қопди” ҳикоялари киритилган. Бугунги ўзбек насрининг энг сара намуналари саналган мазкур асарларда тарихнинг бурилиш даврида яшаган инсонлар қисмати, замондошлар руҳиятида кечаётган ўзгаришлар жамики зиддиятлари, мусбату манфий жиҳатлари билан қаламга олинган. Масалан, миллий романнависликда жиддий воқеа ўлароқ баҳоланган “Шовқин” романи ўтган асрнинг 90-йилларида кечган қалтис воқеалар ҳақида. Таъкидлаш жоизки, бу – ўзбек адабиётида ўша давр ижтимоий-сиёсий эврилишлари йирик планда тадқиқ этилган илк асардир. Етмиш йил “тегирмон юритган” шўро империясининг қулаши сайёрамиздаги сиёсий иқлимни ўзгартириб юборди. Хусусан, “Бахтлар ўлкаси” дея тараннум этилган давлатда умргузаронлик қилган илм ва ижод аҳли қибласини йўқотиб, аросатда қолди. Романда ўзбек зиёлиларининг ўша мураккаб даврдаги кечмиши ишонарли тасвирланган.
Тўпламга киритилган бошқа асарлар ҳам рамз, истиора ва тагмаъноларга бойлиги билан китобхонларга унча-мунча романга татигулик таассуротлар беради.
Дарвоқе, китобнинг номланиши хусусида. Муаллиф нега айни шу сирли, жозибалини номни танлади экан?
– Асли, “Буюк осий Шайх Санъон ворислари” номини француз ва инглиз тилида чоп этилган китобларга бермоқчи эдим. Мана, икки йил ўтиб ўша ижодий ният амалга ошди, – дея мулоҳазалари билан бўлишади ёзувчи. – Тўғри, тўпламда ундай номдаги асар йўқ. Аммо китобни диққат билан мутолаа қилган ўқувчи Шайх Санъон тимсоли “Шовқин” романи метафораси эканини англаса ажаб эмас. Тарсо гўзалига кўнгил қўйиб икки жаҳон овораси бўлган Шайх Санъон ҳақидаги ривоятни ўқигансиз. “Гуноҳим йўқ деган кимсани уриб ўлдирмоқ керак – у одам эмас” деб бежиз айтилмаган эски китобларда. Хом сут эмган бандамиз-да, гоҳида кўнгил майлларига берилиб, эътиқод сарҳадларини бузамиз, маъсият саройига бош суқамиз. Одам фариштадек масъум бўлганида жаннатдан бадарға этилармиди денг. Умримнинг қирқ йили ўтган шўро даврида даҳрийликнинг куни туғиб, покиза эътиқод қувғинга учради. Оқибатда одамлар роҳи ростдан тойиб, гуноҳ дарёсига ғарқ бўлаёзди. Ҳар турли ёрлиғлар ёпиштирилаётган бугунги замоннинг қутқулари-да шўро замониникидан эмас. Сирасини айтганда, инсон ана шу гуноҳлар гирдобидан мардона ўтиб, чин инсонлик рутбасига кўтарилади. Китоб қатларига ана шу дардли ҳаётий ҳақиқат сингдирилган.
Дарҳақиқат, мутолаа асносида ёзувчи инсониятнинг бугунидан кўнгли тўлмаётгани, эртасидан эса хавотирланаётганини сезиш қийин эмас. Айни чоқда, муаллиф нажот одамзоднинг ўз қўлида экани, соғлом ва озод фикр одамзодни ҳалокатдан қутқариб қолишига ишора этади.
Бу ёруғ оламда бари ўткинчи: даврлар алмашади, кун келиб шовқинлар, тўс-тўполонлар босилади, тузумлар йўқликка юз тутади, аммо инсоннинг моҳияти ўзгармайди, унинг қалбида шайтон ва раҳмон ўртасида муттасил кураш давом этаверади… Тўпламнинг асосий ғояcини мухтасар тарзда шундай изоҳлаш мумкин.
Адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев мақолаларидан бирида Эркин Аъзамнинг “ҳар бир битиги эзгулик йўлида ёнган юракнинг алангаларидир” деб ёзган эди. Истагимиз, ёзувчи қалбидаги ана шу аланга мудом ёниб турсин!
Фароғатхон ЖЎРАЕВА