Биплаб Мажи

Биплаб Мажи, шоир, ёзувчи, таржимон, жамоат арбоби, 1947 йили Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгал штатида туғилган. Калькутта университети ҳамда Москвада ўқиган. Ўнлаб шеърий ва насрий китоблар муаллифи, адабий мукофотлар соҳиби. Бенгал тилида ижод қилувчи замонамизнинг энг яхши ижодкорларидан бири саналади.

Ортга кетиб борамиз…

Тентираб орқага кетиб борамиз,
Қораси кўринур, ана, тош аср,
Оппоқ тишларини намойиш этиб
Тошшаҳарлар турар кулиб, бетаъсир.
Алмисоқ қаъридан келур ҳайвонлар
Тўда-тўда бўлиб чиқади пешвоз.
Ўйлайман: шу тобда менинг ҳам наҳот
Шаклу шамойилим жониворга хос?
Афсона асридан чиққанмидим ё?
Йигирма биринчи шунчалар йироқ.
Қорнида судралиб юрувчилару
Қушу паррандага айландикми, оҳ?
Компьютер бошқарган совуқ хонада
Биз – ғор одамлари – топганмиз паноҳ…

***

Санъат уйидаги асарлар мисол
Хотирамда илиқ, нурафшон туйғу –
Юрагим тўрида тиниқ, безавол,
Яшовчан хотирот – денгиз тубида
Чиғаноқ бағрида исинган инжу.
Гоҳо зеҳнимдаги лазиз ҳиссиёт
Исён кўтаргайдир, тарк этиб уйқу,
Ундар: Қўзларингни очгил, топ қадр!
Уйғон, уйғонақол, отди ал-фажр…