Шоира, маданият ходими, куратор Инесса Финкельштейн Тошкентда туғилиб, ўсган. Саккизта китоби, жумладан, кейинги йилларда ёзган ажойиб шеърлари киритилган “Мой хадж” шеърий тўплами нашр этилган. Рус тилида ижод қилади. Бир нечта халқаро маданий лойиҳалар, кўргазмалар муаллифи. Ўзбекистон, Россия, АҚШ, Европа давлатларидаги йирик адабий, маданий тадбирларда фаол иштирок этган.
ТЕЛБАВОР
Туманларга элтар исқирт поездлар
Энг ёруғ кунларда қатнасин, дея,
Ой нури айлана ўраган кезлар
Биринчи юлдузча чақнасин, дея,
Бирдан ўпкалаб
Она табиатдан
Қиламан талаб.
Айтинг мўмингина қўшнимга шартта,
Отамнинг исмини қўшиб, номма-ном
Мени чақирмасин пирпираб лаби,
Ё икки дераза тепа қаватда
Яшаб турганимни
Билмасин, тамом –
Шу – нафс талаби.
Чорраҳалар бўйлаб кезаман сокин,
Гастроном-дўконга суқмагайман бош,
Масков сўқоқлари безабон, бетин
Қоп-қора кийимда мени этар фош.
Юраркан ўсмирга ўхшаб, қувониб,
Ўзимга
Ўз юртим
Сўрайман ёниб.
***
ЙЎҚМИ МЕНГА ЮМУШЛАРИНГИЗ
Юк тушира олгум вагондан
Сурнайми ё каттакон карнай
Чалсам, садо берар жаҳонда
Қулоғидан тортиб қуёшнинг
Оттиролгум тонгни ўтмай зум
Йиллар эмас… сонияларда
Қилолгум зўр ҳаётдан маҳрум
Нонга бўкиб қолган кимки бор
Ичиш учун беролгум соғинч
Йўқми сизда бундай юмуш ҳеч?
Ундан жудо қилдими Худо?
Демак эшик томон жимгина
Йўрғалайман дилимда ўкинч…
***
РЕПОРТАЖ
Бир ғалати
Тентиб яшайман
Ерга жисму
Жоним тўшайман
Ўлчаб чиқдим
Бўшлиқ-фазони
Ва қолдирдим
Изим-тўзоним…
(Rus tilidan A’zam Obid tarjimasi)