Узр, деб гапирай, малол олмангиз, аммо бир илтимос қилмасам бўлмас… Фейсбукдошларимиз орасида Ўзбекистондан ташқарида, эркин, иқтисодий фаровон мамлакатларда яшаётганлар бор. Гоҳида уларнинг аксари кун бўйи онлайн, ижтимоий тармоқларга пост қўйиш-у шарҳ ёзиш билан вақтини ўтказаётгандай туюлади. Фалон нарсани писмадон қилмайсизларми, деб самимий ақл ўргатувчилар, илмоқдор шарҳлар ёзувчилар ҳам бор. Тўғриси, чет элдаги яхши ниятли миллатдошларимизнинг мустақил ва дангал ёзувларидан руҳланган, хурсанд бўлган жойим йўқ эмас. Фақат, баъзан нега улар тақдир тақозоси билан ва ё ўзлари истаб чиқиб кетган, танлаган чет мамлакатга интеграция бўлиш, ўша жамиятга фаол аралашиш, нон-тузини ичаётган ўша юртга қўлдан келганча фойда келтириш, ўша элга ватандошлик қилиш ўрнига бу ёқдагилар билан ҳуда-беҳуда баҳслашиш-у онлайн чатлашиб ўтираркин, деб ўйлаб қоламан. Албатта, бу ерда Ватан соғинчи-ю фидойилик, куйиниш борлигини истисно қилмоқчи ҳам эмасман, асло.
Хўш, фаровон юртларда юрган ҳамюртларимиз Ўзбекистонга қайтишга тайёрми ўзи? Камина чет элда кўп бўлганман, тошу тарозисидан озми-кўпми хабарим бор. Шу боис осонгина қилиб “шароит туғилса, ҳозироқ кетишга шайман”, дея кўрманг, чунки тегишли шароитни ўзимиздан бошқа яратадиган ҳеч ким йўқ. Хорижга оиласи билан кетганига анча йил бўлган, ёши улғайиб қолган, янги ва яхши шароитларга кўниккан биродарларимизнинг ҳозир юртимизга қайтиб келишидан, келмаслиги аниқроқ. Ҳеч йўқ болаларининг ўқишини, тозароқ, адолатлироқ, эркинроқ муҳитда катта бўлишини ўйлайди улар. Бу – уларнинг ҳаққи.
Мен яқинда Президентимиз АҚШга бориб, юртга қайтишни даъват қилган йигит-қизларимизнинг, етарли шароит қилиб берилган тақдирда ҳам, келиб, бу ерда яшаб ва ишлаб қолишларига унчалик ишонмайман. Ўзингиз ўйланг, масалан, чет элдан келган энг яхши мутахассисимизга яратиладиган шароит ва тўланадиган маҳаллий кадримизникидан бир неча марта ортиқ маошнинг ўзиёқ соҳа ва жамоа ичида норозилик, адолатсизликни келтириб чиқармасмикин?
Хуллас, чет элдаги юртсевар миллатдошларимизга қарата, Ватанга келиб, бору йўғимизга кўниб, яшанг, ижод ва меҳнат қилинг, дейиш осон, аммо қайтишга қарор бериш ҳечам осон эмаслигини жуда яхши тушунаман. Бироқ, модомики бизга ёрдам бермоқчи экансиз, узоқдан туриб ноўрин постлар, чиройли насиҳатлар (булар ҳам керак) билан эмас, амалий ишлар билан кўмаклашинг, деб илтимос қилмоқчиман.
Мисол учун, ўзингиз яшаётган мамлакатдаги сиёсий, иқтисодий, илмий, маданий соҳадаги энг яхши тажриабаларни қисқа, лўнда биз билан бўлишинг, бизга мосларини таклиф қилинг. Талабалар, профессионал ходимлар алмашувига қаратилган, стипендия асосидаги қандай қонуний ўқув ёки тажриба алмашиш дастурлари бор, шулар ҳақида маълумот бериб боринг.
Камина бизни кўпроқ ёзувчилар, рассомлар, ижод одамлари учун мўлжалланган,, уларни халқаро майдонга олиб чиқишда асқотадиган фойдали дастурлардан бохабар қилишингизни истардим. Масалан, сиз яшаётган мамлакатда “Ёзувчи/рассом резиденцияда” (Writer-in-residence, Artist-in-residence) дастури борми? Бадиий таржимонлар учун коллоквиумлар, тренинглар-чи? Қилганимиз тайёр таржималарни босиш, оммалаштириши мумкин бўлган нашриётларни топиб, ўзбек адабиётига қизиқтирмайсизми? Ўзбек рассомлари иштирокида кўргазма ташкил қилиш имконлими? Олимлар, иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда кўприк бўлоласизми? Булар фақат илтимос-сўров, холос, малол олмангиз.
Самимиятингиз, соғинчингизга кўз тегмасин, омон бўлинг, энг яхши кунларда, халқимиз учун энг зарур ва фойдали амаллар, лойиҳалар устида гурунглашайлик, ёруғ юз ила кўришайлик!