http://kh-davron.uz/kutubxona/uzbek/azam-obid-sherlar.html
Аъзам Обид 1974 йил 8 ноябрда Наманган шаҳрида туғилган. 7-ўрта мактабни олтин медаль билан битириб, Наманган давлат университети ва Тошкент давлат иқтисодиё туниверситетида таҳсил олган. Ўқувчилик йилларида «Менинг биринчи китобчам» республика ёш ижодкорлари танлови ғолиби бўлган. “Йўлимни пойлайди мўъжиза”, “Муҳаббат, оқавер томирларимда”, “Соғинтириб кетгум қадамларимни” китоблари нашр этилган. “Осиё оҳанглари” (ўзбек шеърияти антологияси инглиз тилида, 2004 йил), “Нурли тонглар орзуси” (Чўлпон ва Усмон Носир шеърлари инглиз тилида, 2000 йил) таржима китобчалари босилган. Инглиз тилида тартиб берилган “Miracle is on the way”, “Greater than patience”, “The island of anxiety” шеърий тўпламлари онлайн тизимда мавжуд. «Илонбалиқ” ва “Қуш тили” халқаро шеърий антологияларини тузиб, нашр эттирган. У Осиё, Европа ва Америкада бўлиб ўтган халқаро шеърият ва таржима анжуманлари, адабий фестиваллар ва дастурлар иштирокчиси. Бадиий, илмий, маданий соҳадаги фаолияти учун 30 дан ортиқ фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Шеърлари ўндан ортиқ тилларга таржима қилиниб, халқаро баёзларга киритилган.
ҚАЛБИМ ИШҚҚА ТЎЛА
Қалбим ишққа тўла…
Лекин қўрқаман,
Лойиқ бўлсам эди бўлмоққа уммат!
Эзгу амаллардан унса бир чаман,
Ғашликнинг ортидан чекинса зулмат!
Қалбим ишққа тўла…
Магар қон тағин…
Эрта шўр бошимга не бўлар қайтим?
Кошки Пайғамбарнинг
ёшлигидаги
Миндириб юрган бир туя бўлсайдим…
ХАВОТИР ОРОЛИ
Билаклар қалтироқ,
Овоз қалтироқ,
Тилаклар ялтироқ,
Қоғоз ялтироқ,
Гўё унут бўлган
Момоқалдироқ –
Хавотир ороли бу!
Асотир ороли бу!
Ризо жонлар қани,
Бисёр норози,
Ғаним юкин босар
Ағёр тарози,
На бир самовийдур,
Ва на арозий –
Хавотир ороли бу!
Асотир ороли бу!
Барчинлар қон кечар,
Яқинда алп йўқ,
Ёрилай дейсан-у,
Кўксингда қалб йўқ!
Букилган, тугилган
Мушт бор-у зарб йўқ! –
Хавотир ороли бу!
Асотир ороли бу!
НАҲОТ-НАҲОТ
Ҳақнинг қўли етди бўғзимга,
Кўнгил маъюс тортиб қолди жим.
Шу он савол қилдим ўзимга,
Қайтгум қандоқ, келиб ким бўлдим?
Зотан нуқул чайналди тилим,
Не иш бўлса ютдим ичимга.
Мени ҳаққақовуштир, ўлим,
Тили кесик жонга ачинма!
Бир кун илдиз отмок қасдида
Дил тубига тўкилар сирлар.
Наҳот-наҳот қабр устида
Бўй чўзади рўйи-рост шеърлар?
ДУНЁҚАРАШ
Баланд учган эркин қушим бўл,
Кўрай десанг ўздан узоқни.
Англагайсан: недир қуруқ, ҳўл,
Ҳам қўйилган гулдор тузоқни.
Чиқиш йўлин очиб юбор кенг,
Озод элга кенглик ярашар.
Қушим, сенинг парвозингга тенг
Дунёқараш, дунёқарашлар…
НЕГА СИНИҚ ОВОЗИНГ, ШОИР?
Нега синик овозинг, шоир?
Сўз айтмоқ-чун ҳурликка доир —
Садо керак, садо керак!
Дилда зарра мараз бўлса гар,
Бошиданоқ, ғараз бўлса гар,
Адо керак, адо керак!
Гуллаб ётган ҳою ҳавасдан,
Ва ё оғу – ичилур қасддан,
Жудо керак, жудо керак!
Ҳар одамнинг ўрни бор юртда,
Бул Ватанга лоақал битта
Фидо керак, фидо керак!
Шаҳдинг қани,чиқибсан йўлга?
Ҳар сония забону дилга
Худо керак, Худо керак!
Нега синиқ овозинг шоир?
Сўз айтмоқ-чун ҳурликка доир —
Садо керак, садо керак!
НАВОИЙ БИЛАН
Замон билан сарсон гулбадан,
Мен мозийга кўчиб кетаман,
Армон асир қилган кулбадан
Қанот ёзиб учиб ўтаман.
Қайда қолди менинг ўз ўрним?
Яссавийни соғиндим жуда,
Тунов куни Машрабни кўрдим,
Мўралади менга дарчадан.
Юрагим-эй, бўзлама куйиб,
Тилло бешик-мозийга белан.
Бошгинангни кўксига қўйиб,
Йиғласайдинг Навоий билан!
ЭСКИ ШАҲАР
Дунё кенг деб кетмишдир тўзиб,
Нега келсин ахир орлари,
Эл ичида юргайлар кезиб
Эски шаҳар мардикорлари.
Бола-чақа кетмишдир йироқ,
Интиқ кутар қайтиш онини.
Шу жонларга жўнатса тезроқ
Ҳалол топган битта нонини.
Сал бўлса-да ўсгани қани,
Ёпилар-ку корхоналар бот,
Юз қарич тил бор мақтагани,
Инсоф борми сенда, иқтисод?
Оқсоч она, бормисиз омон,
Ота, қачон топгайсиз ҳузур?
Ҳарқалай-ку, яхшими-ёмон
Бозор, сенинг борингга шукур!
Демишларки, орзуга йўқ айб,
Кексайганда очиб пулдонни,
Жондош, йўлга чиқсанг атайлаб,
Кўрсанг Нью-Йорк, Париж, Лондонни…
Юрагимга ботди бигиздай,
Бир мошнадан жой талошлари..
Катта ойлик иш кўрсам сизда
Эҳ, юртимнинг кекса, ёшлари!
Афсус, ҳозир кетмишлар тўзиб,
Нечун ишга келсин орлари?
Бир кун.. шундоқ кетамиз ўзиб,
Биз ҳаммадан кетамиз ўсиб!..
Бизга ишлар бу ернинг эмас
Олис Марснинг мардикорлари!
ЭРКЛИК СИРТМОҒИ
Бир кун очиķ мактуб бўлади асрор, —
Очилиб кетади ķозон ķопķоғи.
Айни фурсат эрур бўлмоķķа иķрор,
Кучингиз етарми, эрклик сиртмоғи?
Урилган, эзилган, ķаķшаган жонлар
Чиķиб келаверар ķон зиндонлардан,
Ҳаķдан сўз очганда куйик забонлар,
Ҳурлик ķанот ķоķар хиёбонларда.
Ҳозирчаķўлларнинг калталиги бор,
Тўлиб бораверар ķабр бошлари.
Надомат илкида сўлар бир иķрор —
Ҳали ёрилмайди сабр тошлари!
Лек бир кун ҳаммага очилар асрор,
Ҳаķдир зулумотнинг эриб битмоғи!
У пайт эл кўзига ķараш-чун такрор
Кўзлар топиларми, эрклик сиртмоғи?!
ШОИРНИНГ ДИЛДОРИ
Бир шоир бўларди –
Ҳақиқий шоир!
Мансаб — ёт, мақтов — ёт,
Қоғозда дарди,
Халқдайин кун кўриб юрарди оғир,
Озодликнинг қўлин ўпарди!
Бир аёл бўларди –
Шоирга ҳасса,
Аммо айтганига тобе эди ул.
Қараб ўтирарди шоир шеър ёзса,
Ашъор ўқиганда сомеъ эди ул.
Бир йилки
шоирдан йўқ энди нишон –
Чўзиб ўтирмайин риҳлат онини,
Сўнгги бор кўзида ёнди-ю исён
Шукур деб Жабборга тутди жонини.
Йил ўтди,
Аёлдан йўқ бирор хабар,
Билсам, сотилибди ижара уй ҳам.
Балки қай юртларда кезар дарбадар,
Эҳтимол… кун кўрар беташвиш, ҳуррам.
Кўрсам,
Кўча-кўйда учратганим он,
Саволга тутардим дарҳол ботиниб:
«Шоирсиз яшамоқ эканми осон,
Шоирнинг Охирги Хотини?»
Бир аёл бўларди – шоирга далда,
Қани у, қай маҳал кетган қай сори?
Наҳот шоир зоти ўлган маҳалда
Ўлгайдир унинг ҳам дилдори?!
СЕН УЙҒОН
Яна узоқлардан келар насиба –
Шимолий ўлкага тўкилар парвоз…
Табассум-ла юртнинг остонасида
Нақ қиролнинг ўзи чиққайдир пешвоз.
Бунда буюкларнинг барчаси мезбон,
Гарчанд довруғ баланд, обрўси – қадим,
Қуллуқ қиларкансан, “Хуш келдинг!” дебон
Альфред Нобель бобо қўлинг сиқади.
Қирол саройига босасан қадам,
Димоққа урилар кўҳна ифорлар,
Сезасан, муҳтарам бундаги одам,
Хаёлингни бўлар аҳли киборлар.
Кеч тушмас, ёш-яланг ичра тун уйғоқ,
Устингда учади эрка чағалай,
Баҳайбат қайиқлар ошёни – қирғоқ,
Ҳайкаллар сояси бошга ағанар…
Тасаввур илкига қолдириб ўзни
Тутаркансан Ерни шу митти кафтда,
Олисда аёлинг уч қоракўзни
Эркалаб ухлатар сенсиз бир ҳафта.
Онанг кетганингдан топмаган хабар,
Таҳорат учун деб қайнатар қумғон…
Азизим, мен турдим, энди, бу сафар
Сен уйғон, сен уйғон, сен уйғон!
МЕН ҚЎРҚМАЙ ЯШАЙМАН
Мен қўрқмай яшайман, кунларим ботир,
Кучлидир осмонни кўзлаган хотир,
Қушдек нигоҳимдан учган хавотир,
Бир ишқнинг кўксида битмас жабрим бор.
Ўсаман, оҳ урган тунларим ёнар,
Тонг бўлиб, донг қотган йиллар уйғонар,
Бизнинг ҳам кўнгиллар бўлар тўйхона,
Ойнинг келгунича кундай сабрим бор.
Жон чексам, жонимнинг тиллари оғрир,
Сўнгсиз истаклардан қийналар бағрим,
Лек қўрқмай яшайман, шукрким, тангрим,
Дунёнинг бурчида битта қабрим бор!
БИР КЎПРИКМАН
Бир кўприкман,
Ўз билгича
ҳеч ким босиб ўтолмас,
Таққа тўхтар,
иккиланар, етиб кетиб олдимга.
Манфаатни маёқ қилган
судралувчи неки кас
Чин самимий хизматингни
чақиб кўрар олтинга.
Айтишар-ку, тошқин дарё
асли кўп-кўп ирмоқли,
Довдиратиб ташламаса
илоншакл кўрк, башанг.
Менга шараф элдан элга
бир хор кўприк бўлмоқлик!
Остимдаги оғзин очган
юҳолардан қўрқмасанг!
Кўприк бўлай,
бу заминдан узилмаса оёғинг,
Самоларга сачраганинг
Бўлса гар ҳақ ортидан.
Ўткир-ўткир чарх урилган
Айтар сўзинг – яроғинг,
Олов-олов руҳинг ёнса
Тирикликнинг шартидай!
Кўприк бўлай!
ТОМОШАБИН
Оҳ, шунчалар болми ҳаёт,
Юрак бўшлиқ аро маст.
Умид асло бўлмас қанот,
Орзу жонга оромас.
Бошим баланд, оёқлар лек
Узилганмас заминдан,
Надоматким, милёнлардек
Битта томошабинман!
Лоқайдликдан йиқилар гул,
Қон ютади субутлар.
Оҳ, бағримга тиқилар ул
Боши кесик умидлар…
БИР ҚУШ БОР
Мен бир қушга ўхшар эмишман,
Мослик топиб ҳар йил йил фаслига,
Ўзимни ҳам танийман қисман,
Энди қанот чиққан аслида.
Лекин мени ўхшатманг, ҳайҳот,
Қуруқ номга мадҳия айтиб,
Шундай қуш бор, этсанг-да озод
Учиб кирар қафасга қайтиб.
Мени ўша қушга ўхшатманг!
КЕЧИРИМ
Мен асли ҳеч нима билмаган банда,
Ақлимнинг сўнггида бор сўроқ белги.
Ҳаёт – у дунёга берилган фойда,
Пешонангни ёриб яшамоқ кулги.
Дунё, оқшомингда бўлмасин хатар,
Қўрқиб тўлғонмасин сарсона тушлар.
Тонгнинг қулоғидан тортиб уйғотар
Деразам олдида шукурли қушлар.
Мен кетсам ярим бир кечда уйғониб,
Серғалва умримнинг ғавғоси жимжит.
Қарадим, ташвишлар кетмишдир ёниб,
Сўрадим – кўнглимга тўкилди умид!
Кечир, балки умрим йўлаклари тим,
Юракка бир меҳр экканим сийрак.
Оҳ, минг бор ўзингга юкиниб келдим,
Фақат Сен истаган жон бўлмадим, Ҳақ!
Мен асли ҳеч нима билмаган банда,
Ақлимнинг сўнггида бор сўроқ белги.
Ҳаёт – у дунёга берилган фойда,
Пешонангни ёриб яшамоқ кулги.
ИЖАРАЧИ
Бутун мамлакатда мингта уйи бор,
Қайга борса топар ошу нонини.
Бир кун бахти кулиб бўлса-да пулдор,
Уй олиб ўтирмас қийнаб жонини.
Бу ёғи ўттиздан ошган, ким билар,
Боғлаб қўйилганмас ахир умр ҳам.
Фақат гоҳ жимгина дилни тимдалар,
Сал-пал эзиб қўяр битта ташвиш-ғам.
Яъни бола-чақа, хотин икковлон
Жонига тегаркан ижара турмоқ,
Қачон уй бўлар, деб қилар тўполон,
Наҳот бўлаверар ватансиз юрмоқ?
Балки ачинардир танишу жўра,
Лек у дунё ишин қилади кулгу.
Топган-тутганини ўзидан кўра
Атрофнинг бахтига сарфлайди У.
Шу тахлит яшамоқ унга зўр чирой,
Эрта бошқа уйга кўчмоққа шайдир.
Бутун ер устини қилиб олмиш жой,
Бир кун ер остини Ватан тутгайдир!
Меники эмассан, юрагим…
Юрагим,
Меники эмассан бошқа,
Энди бегонадир тўлишган ақлим,
Бугун тинч, не тушар эртага бошга,
Мен ҳам яшашгами сиз каби ҳақли?
Меҳрим,
Кўзларимни очдинг уммондай,
Чўкканинг манзилда таъна, маломат,
Дунё не кўрдики мендай ёмондан,
Кутганим бўлсинми комил ҳаловат?
Сабрим,
Сизиб киргил тафаккуримга,
Жонимни қақшатган ҳислар чекинса!
Кошки ўзим топган рангсиз нуримга
Чап бериб, бир зумга дилдан ўкинсам!..
Оҳим,
Рутубатни қўмсаган хаёл,
Икки дунёсини тутар ҳасратим,
Айтинг, ҳали бор-ку топишга завол,
Қалбхўр шайтонлардан асранг, ҳазратим!
Умрим, ҳаққинг йўқ ҳеч сўнишга шамдай,
Суя, ўз қадрингни кўтар, иродам!
Оҳ, қандоқ бахтлидир ёруғ оламда
Айтиб йиғламоққа дўсти бор одам!
ИНТИҚ
Гўзал кутиш бўлса насибам
Милён йил ҳам бўлардим рози.
Воҳ, мен бунда жуда ғарибман,
Зорман сенга етолмай, мозий…
Юрак ичра талотўп, тиқ-тиқ,
Ланг очилгай туйнук-дарича.
Томга чиқиб олару интиқ
Муҳаммадни кутар Хадича…
Ул зот келар… Бўлолмас бу жон
Бир чечак, тош йўл, ё хушхабар…
Кўзни юмдим, айтингиз, қачон
Тушларимга кирар пайғамбар?
ОЙГУЛ ДУОЛАРДА
Кузги кўзгум менинг, олмос парчиним,
Руҳим пардасига санчаверма ниш,
Ойдин дуоларда эслашайлик жим,
Кечмиш умримизга тўқимай қарғиш,
Севгинг-ку сарғиш…
Саратонни ёдла, ёзги мезбоним,
Димоғимда ухлар атиргул иси…
Эркли яшаб бўлмас мудом қизғониб,
Ялло юрак узра ғарчча тиш изи –
Рашкинг – қирмизи…
Сен сўзли бўласан ҳали бир нафас,
Рафиқлик наҳрига бўлурсан ғариқ.
Фақат бу телбадан жон қарғиш эмас,
Ойгул дуоларинг тутмагил дариғ,
Умримиз – ёруғ…
ҚАЛБМА-ҚАЛБ…
Хоҳлагил, имкон топ, кеча кундаги
Аразингни унут, дил тўлдирамиз,
Мен сени севибон дўстман, шунчаки
Ёнма-ён, қалбма-қалб,
Кел, ўлтирамиз.
На қувонч, наширин суҳбатли давра,
Бу лазиз жонингга кўроласан эп,
Ҳар уйғонган кунинг – энг асл байрам,
Лаззатнинг кўпини рад этмоқ бир зеб.
Кел, тинчлик фаслида қайғу онимас,
Тирикликни қўллаб, қўйиб бошга бош,
Уруш деб кўз юмган жоннинг динимас,
Инсонлиги учун тўкайлик кўзёш.
Имкон топ, жаҳоний севги тиғи-ла
Бузғунчи нафсимиз жим ўлдирайлик.
Майли, шодон кулиб, майли, қон йиғлаб,
Ёнма-ён, қалбма¬-қалб,
Кел, ўлтирайлик!