БЕГОНАЛАШТИРИШ КАМПАНИЯСИ 

Xurshid Davron зўр гап айтувди: “Ҳамманинг ўз даври бўлади!” Ҳали элликкаям кирмадим, аммо ҳеч даврим келишини кутмадим, ҳар яхши имкониятли лаҳза менинг даврим бўлди! Бандасидан умид қилаверадиган одамда ўз мақсадига эришиш иштиёқи сўнади-да. Шоир, таржимон, ёзувчи деб билишадими-йўқми, менга фарқи йўқ, ўз принципимда тураман, ўз позициямдан қолмайман.

Ўзбек адабиётида бегоналаштириш кампанияси аллақачон бошлаб юборилган экан, мени ҳамиша Шукрулло, Жамол Камол, Ҳалима Худойбердиева, Evril Turon, Юсуф Жума, Nabijon Boqiy, Гулчеҳра Нуруллаева, Nurulloh Muhammad RaufxonKarim Bahriyevларга ўхшаган ижодкорлар тарафидан топасиз.

Мен учун принцип дегани шуки, тутқун ё озод, эркли ё эрксиз бўлсин, тоза қалбли, сўзи бутун, жасур ва мард ижодкорлар билан ҳеч бир манфаатсиз самимий муносабатда бўлишда давом этавераман. Иккиюзламачилик, қўрқоқлик менинг принципим эмас.

Ўтган ҳафта Ҳалима опанинг маъракасида ўнлаб мурдаларга кўзим тушди; юраги зада бўлиб юрганда, опани бир бора йўқлашга журъат топмаганлар, қатор тизилиб, ғалати бахшиёналар ўқишди, энди Қуръон тиловат қилиб, руҳига бахшида этингки, шояд руҳи шод бўлса.

Бир неча ой аввал ёзувчилар уюшмасидан телефон қилишди: Хайриддин Султонов деган киши атайин мен билан “ҳамкорлик қилишларини” тайинлаганмиш. Бу “ҳамкорлик” дегани чиқарганим чет тилларидаги китобларни уюшма музейига териб қўйишдан иборат бўлди холос. Озроқ вақт ўтгач, яна бошқалари қўнғироқ қилиб, халқаро анжуман учун яхши номлардан сўрашди, улар учун биронтаси яхши бўлиб чиқмади, ҳатто келиши аниқ бўлган чет эллик ёзувчилар устидан электрон почта ишламай қолганини баҳона қилиб, чизиқ тортишди… Эҳ, Анор муаллимнинг ўрнида бўлганимда, Жамол Камолнинг зиёратига ўзим борардим-а!

Ўтган йили “Жаҳон адабиёти” журнали юбилейида баъзи гапларимни видеотақдимотда айтиб олдим. Аммо нега таржимонлар анжуманига Жамол ака, Хуршид Даврон, Карим Баҳриларни чақиришмади? Эсингизда бўлсинки, уларнинг ҳам энг яхши таржималарини босолмас экансиз, бундан буён мендан таржима сўрамангиз. Ўзимизнинг орамиздаги улуғларни ТВга, адабиёт газетасига чиқаришдан, китобини босишдан қўрқадиган бўлсангиз, мениям номимни қора рўйхатингизнинг энг бошига бемалол тиркаб қўяверингиз!

Ҳозирги даврда альтернатив минбар ва имконият ҳар доим мавжуд. Кейинги пайтларда эркин ёзаётган, фикрлаётган бир гуруҳ ёшларни кўряпман, илоё чалғиб кетишмасин, умидворлик, манфаатпарастлик ёмон.

Қайсидир ёш қаламкашлар прописка илинжида юрганда, мен ижара уйга биқиниб олган ёшларни, набира, уй ташвишидан ортишни ўйламаётган ёши улуғроқ ижодкорларимизни фойдали, мазмунли ижодий давраларда, театрларда, адабиёт музейларида, кутубхоналардаги учрашувларда кўргим келади. Дадил ижодкор ёшларимизга чет тилларини ўқитгим келяпти, чет элдан ёзувчи, шоир, рассомларни олиб келиб, ўзимизникиларни чет элларга юбориб, алмашув дастурлари очишга янада очиқроқ йўл излаяпман. “Метродаги шеърият” деган лойиҳамни, адабиёт, бастакор уй-музейларидаги самимий ташаббусларимизни иқтидорли ёш ука-сингилларим давом эттириб кетса дейман, чунки ташаббуслар қанот ёзсагина жамиятимиз ўса бошлайди.

Марказда қурилаётган ёзувчилар уйидан бирорта квартира тегиб қолсин учун ур-сур, ҳийла-найранг ишлатиб юрган бўм-бўш одамлардан кўра, ижарада яшаб, ажойиб асарлар ёзаётган, қўшни мамлакатга чиқиши ҳам тақиқланган Набижон ака менга анча қадрлироқ ва бутун одамдай туюлади. Чет элдаги анжуманларга уюшма рухсатисиз боролмайдиганларни ҳеч тушунолмайман. Бир шоира опам квартирага эга чиқиш учун Эврил Турондан сал четроқ юришини айтиб, ҳафсаламни бироз пир қилди, бироқ барибир бошқалар ҳақида иложи борича позитив ўйлайдиган одамман.

Баъзида ёзувчилар уюшмасига аъзомисиз, деб сўрашади. 2005 йили эди шекил, раҳматли Абдулла Орипов борган эди, Зомин семинарида қабул қилинганман, фақат гувоҳномам йўқ. Ўн йилча аввал бир мулозим С. Саййидни ҳузурига чақириб, ўша номани дарҳол тўғирлаб беришни сўраган. Лекин мулозим уюшма ё у билан келишган ҳолдагина ўз сайтимда нимадир босишим ҳақидаги илтимосидан кулгим қистаб қайтиб кетганман ўшанда. Йўқ, менга бундай жойга аъзолик ҳеч ярашмайди. Менга қолса, уюшмани батамом тарқатиб юборган, ўрнига тоза ҳаволи Адабиёт ва ижод уйини барпо этган бўлардим. Ёки уюшма деган жойда халқ шоири ё ёзувчиси ва қалам аҳлидан кўра, адабиёт координаторлари, адабий агентлар, адабий тарғиботчиларнинг ишлаши миллат адабиётининг тараққиёти учун аълороқдир. Энди бизга ўшанақа ташкилотчилар, соф, профессионал адабиётни ёритадиган, таҳлил қиладиган блогерлар, журналистлар, ижтимоий тармоқ маъмурлари жудаям зарур, улар адабиёт ташкилотларининг раҳбарларини тез-тез очиқ суҳбатга, мулоқотга чорлаб турмаса, халқнинг ҳали ўзи қаёққа кетаётганини билмаётган пуллари беҳуда совурилишда давом этаверади. Murod Karimнинг Н.Боқий билан суҳбатига кўзингиз тушдими?

Миттигина квартирам, ўн йиллар сарсон бўлиб олган пропискам бор, бепул поликлиника, дача, ё китоб чиқаришга зориқтирмасин илоҳим. Ёзганларимни, таржималаримни китоб ҳолида тартибга келтириб, сайтимга, саҳифамга қўйганим етади, шеърларим 20 дан ортиқ тилларга таржима қилинди, чет элларда ҳам босилиб турибди. Ижодий саёҳатларим, бағрини очиб турган хорижлик дўстларим бисёр, Аллоҳга шукурки эркин қушдайман!

Тез орада ҳазратимизнинг “Фарҳод ва Ширин”и чет элда инглиз тилида нашрдан чиқади. Бегоналаштириш кампаниясининг бошида турганлар бундай ишларни ҳар қачонгидай “кўрмай” қолаверади, мен эса бошқалар ҳақида доим позитив ўйлашда ва ўз йўлимда мағрур-у масрур давом этавераман. Ўз принципим, ўз позициям бор ахир, алҳамдулиллаҳ!

Дарвоқе, Юсуф Жума омонмикин, биладиганлар борми?