Турон24: Самарқандда болгариялик ижодкорлар билан ўзбек адабиёти таржимаси бўйича давра суҳбати ўтказилди

САМАРҚАНД (Turon24) – Ўзбекистонда илк марта ўтказилаётган “Ёзувчи ва маданият ходими резиденцияда” халқаро ижодий дастури доирасида Болгариядан уч нафар ижодкор Самарқанд шаҳрига келди.

Меҳмонлар – Мария Филиппова, Георги Иванов (Жорж Трак) ва Любозар Фратев вилоятнинг таниқли ижодкорлари – ёзувчи ва публицист Нусрат Раҳмат, шоира Жумагул Сувонова, рассом Аҳмад Умаров, шоир Хуршид Нуруллаев ва журналист, блогер Тошпўлат Раҳматуллаев билан учрашди.

“Инсоннинг шоир сифатида шаклланишида таржимонликнинг аҳамияти катта, – деди Мария Филиппова. – Ўзга миллатга мансуб шоирнинг шеърини ўз она тилимга ўгириш баробарида уларнинг маданияти, қарашлари, анъаналари, ўзлигини англадим. Айниқса, ўзбек шоирларининг лирикаси ўзига хослиги билан ажралиб туради”.

Икки миллат ижодкорлари ўзаро мулоқотда фикр ва тажриба алмашди. Замонавий ўзбек адабиёти намояндаларининг асарларини чет тилларга таржима қилишда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Хорижий давлатдаги китобхонларни ўзбек адабиёти билан яқиндан таништиришга хизмат қилувчи бундай ижодий учрашувларни давом эттириш зарурлиги қайд этилди.

Самарқандга келган Мария Филиппова бу Ўзбекистонга биринчи ташрифи эмаслигини айтди. У 1991 йилда Тошкентда Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағишлаб ўтказилган навоийхонлик кечаларида қатнашган. Маълум муддат Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида ҳам ўқиган.

Рассом ва продюсер Георги Иванов 2017 йилда халқаро алмашув, маданий туризмни ривожлантириш тадқиқот марказини ташкил этган. Истанбул ва Пловдив шаҳарларидаги диққатга сазовор жойларда унинг лойиҳаси асосида фавворалар барпо этилган.

Маълумот учун: таржимон ва шоир Аъзам Обидов ташаббуси билан амалга оширилаётган мазкур халқаро дастур доирасида болгариялик ижодкорлар шу кунгача Фарғона, Андижон, Наманган ва Бухорода касбдошлари билан учрашган.

https://turon24.uz/sections/reports/bqgyauawhujx-samarandda-bolgariqlik-izhodkorlar-bilan-zbek-adabiti-tarzhimasi-bjicha-dawra-subati-tkazildi