Ул оқ мармар саройлар надир,
Тикмайдими Ойга сармоя!
Ким серҳашам — унут эл ғами…
“Ният қандоқ: қубургачами
Бош бўлурлар?” демиш содда бир
Саволми бўлурмиз?!
Эркобод қуриш-чун бехатар
Қонунми олд-ортда ҳимоя?
Қай илон ичимда тўлғанур?
Субҳидам тушларим булғанур,
Ўт тилаб, нур истаб то маҳшар
Уволми бўлурмиз?!
Бунчалар ширин-ай жонимиз,
Ким бизга яшаш-чун андоза?
Тириклик — топталур шаънимиз.
Етмайин тўрт такбир жаноза,
На парво — ҳеч ўлим таъқиби,
Меҳробда, ай, гўзал соҳиби
Аъмолми бўлурмиз?!
Кенг очиб дунёга дарбоза,
Руҳ мисол эсишга топ-тоза
Шамолми бўлурмиз?!
Шамолми бўлурмиз?!