Камина 2018 йил октябрь ойида Ўзбекистонда илк бор «Ёзувчи/Рассом резиденцияда» халқаро адабий-маданий дастурини очдим. Ўтган йил охири ва шу йил бошида ушбу дастурда яна бир гуруҳ чет эллик болалар шоири, ёзувчи ва рассомлари иштирок этиб, Ўзбекистон, адабиёт ва санъатимиз, ўзига хос маданиятимиз билан яқиндан танишдилар. Дастурнинг асосий мақсади ўзбек ижодкорларини чет эллик ҳамкасблари билан дўстона ижодий мулоқотини йўлга қўйишга кўмаклашиш, ўзбек тилидаги энг яхши бадиий асарларни чет эллик дўстлар ёрдамида таржима ва таҳрир қилиш ҳамда чет элда босилишини шакллантириш, турли мавзудаги халқаро рассомлар кўргазмасини ўтказиш, ўзбек ижодкорларига чет тилларини ўргатиш, жаҳон адабиёти уммонига жадал қўшилиш ва чет элга чиқишнинг энг яхши йўллари билан ўртоқлашиш, келгусида чет мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликдаги адабий-маданий лойиҳаларни ишга тушириш, Ўзбекистоннинг ҳар йили мунтазам ўтказиладиган Халқаро ёзувчилар ва рассомлар, Халқаро шеърият фестиваллари ҳамда йирик адабий-илмий анжуманларига замин яратиш, қолаверса, чет эллик ижодкорлар воситасида Ўзбекистонга туристлар оқимини келишига кўмаклашиш ва ижодкорлараро алмашув дастурларини жадал йўлга қўйишдан иборат.