Бахтигул опа билан Берлиндаги резиденция дастурида бирга бўлган қозоқ дўстимиз Шолпан орқали онлайн дўстлашгандик. Кулиб турган опа, резиденция дастуримизга қизиқиб, уни кенгайтириш, бирга қўшма лойиҳалар устида ишлаш каби ҳамкорлик ҳақида суҳбатлашиш учун, атайин юзма-юз гаплашиш учун автобусда Алматидан келди, барака топгур! Самимий инсон экан, анча гаплашдик, дардлашдик. Миссиямиз деярли бир хил: яхши нарсалар билан бўлишиш, маданият, адабиётимизни осонроқ йўл билан тарғиб этиш, ижодкорларга ёрдам бериш!
Олим, профессор Дандай оға ҳам дилкаш одам экан. Туркий халқлар бирлиги, ижод мустақиллиги, сиёсат, оила мустаҳкамлиги ҳақида куюниб гапирди. 20 яшар ўғлимни, “Айни уйланиш пайтинг, ҳозир оила қурсанг, оиланг мустаҳкам бўлади, йўқса, ёшинг ўтгани сайин “демократ”га айланиб, ҳали у, ҳали бу, дея камчилик топадиган, инжиқ бўлиб қоласан” дея қулоғини қизитди.
“Ўғлимни уйлатсам, резиденция дастуримни қаерда қиламан, меҳмон ижодкорларни қаерда кутаман?” ўйлардим мен. 🙂
Меҳмонларимиз билан шаҳарни айландик. Дандай оға бугун тушдан кейин Самарқанддаги анжуманга жўнаб кетди. Марказий Осиё ҳукуматлари минтақамиз учун “Шенген виза”ни тезроқ очса, резиденция дастуримизни тездан кенгайтириб олардик! Биринчи ижодий маршрутимизни ҳам ўйлаб қўйдик: Тошкент-Алмати-Ош! Олға!
29 апрел 2019 йил