Ману Деш 1956 йили Ҳиндистоннинг Одиша штатида туғилган. Шоир, муҳаррир, таржимон, ношир, маданият ходими; одиа ва инглиз тилларида ижод қилади. Ўндан ортиқ шеър ва ҳикоялар тўплами нашр этилган. Ҳар йили ўтказиладиган Одиша Адабиёт ва санъат фестивали директори. Ўзбек шеърияти антологияси, Алишер Навоий ғазаллари ҳамда “Фарҳод ва Ширин” достонини “Dhauli Books” нашриётида инглиз тилида чоп этишга тайёрламоқда. Янги таржима қилганим бир жуфт шеърини сизларга илиндим.
Ниқоб
Уйғониб, юзимга тортаман ниқоб
Ёстиққа етгунча токи бу бошим.
Йиллар ўтса ҳам у бермайин иқоб
Бўлолди юракка азиз сирдошим.
Мен уни кияркан, турфа ифода
Хилма-хил ролларда қиламан ижро,
Ким топар ўзига зўр маъно-шода,
Яна кимдир бошқа – тушунар айро.
Солиб ишга қўлда бори имконим
Ҳамма бахтли бўлсин, деб ҳалак жоним.
Фақат бир нарсани унутмиш омма:
Бор ахир менинг ҳам ўз юз, қиёфам..,
Намойиш этаман, кўринг, деб, аммо
Асло танимайди мени ҳеч одам!
***
Чорлов
Биз хуш кўрган боғи айвонга
Бу оқшом Ой тушмас атайин,
Кел, чўмилгин бўйи райҳонга,
Бир пиёла қаҳва тутайин!
Айни фурсат: юз кўрсат бир зум,
Бир маъвоки – мақсудинг ҳосил,
Сен бўласан бунда, онт ичгум, –
Энг комила, энг яхши қотил!