Ҳа
зратга ҳайкал ўрнатиш билан иш битадими? Немислар дунё бўйлаб бутун бошли Гёте, инглизлар Шекспир, французлар Гюго (ва ҳоказо ўзини ҳурмат қилган бошқа халқлар ҳам) каби институтларини барпо этиб, тегишли замонавий ресурслар, турли адабий-ўқув дастурлар, тил курслари, тадқиқот марказлари, музей ва кўргазмаларни жадал ишга туширган бир пайтда биз Навоий меросини тарғиб этиш учун бирор жиддий иш қилмаяпмиз! Навоий асарлари таржимаси, чет тилида саҳна асарлар, фильм ё кичик аудио-видеолар қилиш ҳеч кимга қизиқмас! Масалан, Тошкентда Фанлар академияси Навоий музейи нима иш қилаётганини ким билади? Вебсайтини янгилаш тугул, 3-4 бетли саҳифасиям ночор аҳволда. Есенин, Юдаков музейлари ундан юз чандон фаолроқ туюлади. Кўпчилик Қаҳҳор, Ойбек музейлари қайдалигиниям билмайди. Қайтараман: адабиёт, санъат соҳаси мустақил бўлсагина тараққий этиши мумкин. Давлатники бўлгани учун кичик бир музейдаям эминроқ адабий-маданий тадбир ўтказишга изн бермайдилар. Ҳеч йўқ Навоий билан боғлиқ масканларимизни гуллатвормаймизми қизиқарли дастурлар, ресурслар, тадбирлар билан?! Ҳазрат қабрлари қай аҳволда ҳозир? Кошки қабр бошида “Ёсин” ўқиб, ҳокларини кўзимга суртиб келолсам! Юринглар, Ҳиротга борамиз!