“Ёзувчи/рассом/маданият ходими резиденцияда” дастури – UzLAB – Uzbekistan’s Literature and Art Bridge – Ўзбекистонни дунё адабиёти ва санъати билан боғловчи мустақил митти кўприк. У асосан ўн кундан тўрт ҳафтагача муддат ичида Ўзбекистоннинг камида учта шаҳридаги адабий, дўстона, дилкаш давраларда бўлишни истовчи чет эллик ёзувчи, шоир, таржимон, рассом, маданият ходими учундир.
Дастур 2018 йил октябрь ойида лойиҳа-тажриба сифатида очилган ва ҳозиргача унда ўндан зиёд хорижий давлатдан 20 нафардан ортиқ ижодкор иштирок этди. Жорий йил 25 сентябрдан 10 октябргача давом этадиган резиденция дастурида эса узоқ-яқин мамлакатлардан 20 нафар шоир, рассом, ёзувчи иштирок этади.
Ушбу “Ижодий туризм” дастури бир йилда тўрт марта махсус ташкиллаштирилади. Хорижлик ижодкорларнинг катта қизиқиши туфайли, йилнинг исталган пайтида 2-4 кишилик қўшимча гуруҳларни ҳам қабул қилиш бошланди, яъни, дастур бундан буён йил бўйи давом этаверади.
“UzLAB” мустақил ташаббус сифатида адабий, маданий алмашув, чет эллик муаллифлар билан мулоқот ва ўзаро алоқага очилиш, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият соҳаси вакилларига хорижлик ҳамкасблари билан мулоқот ўрнатиши учун имкон бериш ва шароит яратиш, келгусида фойдали дастур ва лойиҳалар устида биргаликда ишлаш учун адабий, профессионал муносабатларни йўлга қўйиш, кўргазмалар қилиш, чет тиллари курслари ташкил этиш, адабий таҳрирлар қилиш, китоблар чоп этиш баробарида чет эллик ижодкор туристларни Ўзбекистонга жалб этишни кўзда тутади. Мазкур дастур келгусида Ўзбекистон ўзининг кенг кўламли Халқаро ижодий дастурларини, Халқаро ёзувчилар ва шеърият фестивалларини, Халқаро ижод уйларини очишига туртки бўлишни мақсад қилади. Бу ижодий ташаббус шартига кўра, дастур иштирокчилари меҳмонхонада эмас, ўзбекистонлик ёзувчи, шоир, рассом ва маданият ходимларининг уйларида улар билан бирга яшайди ва ижод қилади.
“UzLAB “мушоира ва бадиий ўқиш кечалари, қисқа муддатли чет тили курслари ва суҳбат клублари, ёзувчи, шоир, рассом ва талабалар билан учрашувлар, кутубхона, адабиёт ва уй-музейлари, ва албатта Ўзбекистоннинг диққатга сазовор, тарихий шаҳарлари ва зиёртгоҳларига саёҳатни ўз ичига олади.
Ўтган дастурлар аниқ натижаси ўлароқ, ўзбек ёзувчиларининг ҳикоялар тўплами, ўзбек шоиралари тўплами дастурда иштирок этган хориж ижодкорлар ёрдамида инглиз тилида китоб ҳолида нашр этилмоқда. Ўзбек шоирлари ижодидан намуналар эса инглиз, ҳинд, озарбайжон, қирғиз, болгар тилларига таржима қилинди.
Болгар тилида ўзбек ёзувчилари ҳикоялари бирин-кетин онлайн адабиёт платформаларида нашр этила бошлади. Тез орада ҳинд шоираси Рану Униялнинг ўзбек тилидаги тўплами Хоразмда, Алишер Навоийнинг инглиз тилига ўгирилган “Фарҳод ва Ширин” достони ҳамда замонавий ўзбек шеърияти антологияси Ҳиндистонда босилиши режалаштирилган. Болгарияда Ўзбекистонга бағишланган алоҳида тақдимотлар қилинди, Озарбайжон, Қирғизистонда 10 га яқин нашрлар ўзбек адабиёти ва санъатига оид мақолалар берди. Дастур иштирокчилари ўз мамлакатларидаги адабий ва маданий доираларни Ўзбекистонга жалб қилишда, саёҳатларини уюштиришда жонбозлик қилмоқда.
Шу йил август ойида бир гуруҳ ўзбекистонлик ижодкорлар Болгариянинг Пловдив шаҳрига маданий-адабий алмашув дастурида иштирок этиб қайтди. Дастур бундай ижодий алмашувларни тез-тез амалга оширишни кўзлайди.