Маймунча Люси

Маймунча Люси

Австралиялик ёзувчи Патришиа Бернард ҳикояси

Кетут банан япроғига битта банан ва бир бўлак балиқни ўраб, орқахалтасига солди-да, писмайиб, акаси, опаси, ота-онаси ва бобосининг ётоқхоналари ёнидан оёқ учида ўтди.

Ҳордиқ кунлари одатда унинг қўли қўлига тегмасди. Эрталаблари у онаси билан ҳамиша одам аримайдиган бозорчада сабзавотлар сотарди. Тушдан кейин эса уйларини ҳар ёндан ўраб олган шолипояда бобосига ёрдамлашарди. Кечқурунлари бўлса, у акаси, оиланинг тўнғичи Ваян ва иккинчи бўлиб қориндан тушган опаси Кадекка “Сув саройи” маданият марказидаги рақс тўгарагида дастёрлик қиларди.

Юмушлари кўплигидан, мабодо Кетут (учинчи фарзанд сифатида) ўзигаям мундоқ вақт ажратишни истагудек бўлса, саҳар мардонда ҳаммадан илгари уйғониши лозим бўларди.

Ҳар куни азонда у шолипоя оралаб чўзилган йўлакчада югурар, отаси таксисини тўхтатган кўприкдан ошиқиб ўтар, сўнг Жалан Райагача ҳансираб борарди. Жалан Райа дегани асосий йўл бўлиб, тўғри кетаверилса, Убуд маркази ва Муқаддас маймун оролига олиб чиқарди.

Кетут мовий осмонга чўзилган дарахтлар, кенгбаргли папоротниклар ва қаққайган ҳайкал мавжуд ўрмонни жонидан ортиқ кўрарди. Думи узун макакалар, айниқса, майин қорасочли болалари бор маймунларни боқишни жуда севарди. Аммо энг ёқтиргани – ёқимсиз, малла бир хумпарни боқиб олган ёш она-макака эди.Ўрмончилар уни эркалаб Бетти, мушукчани эса Миёвча деб чақирар, Кетут ҳар кун эрталаб уларга овқат келтиришни канда қилмасди.

Бетти ҳам Кетутдан ҳайиқмас, у олиб келган бананларни паққос туширар, балиқ бўлагини эса майда-майдалаб Миёвчага илинарди.

“Ақлингга балли!” – мақтарди у ҳар куни макакани.

Бетти бошини бир томонга хиёл эгаркан, Миёвчани маҳкам қучоқлар ва “Албатта, ақллиг-у зийракман! Кўриб турганингиздай, камина узундум азиз-у мукаррамингиз макакаойман!” дегандай бўларди.

Кетут Жалан Райа орқали Убуд бозорига кетишдан аввал ярим соатча Бетти ва Миёвча билан кўнгилхушлик қилди бугун ҳам. Йўл-йўлакай у онасининг дўконида бирга-бирга сотишадиган сабзавот ва кўкатларнинг отини такрорлаб борарди. Зардачол, занжабил, қуритилган майда қисқичбақа пастаси, кашнич, долчин, лавр япроғи, мускат ёнғоғи, қизил гармдори, лимонўт…

Бирдан у югуришдан тўхтади. Йўл четида мўйнали аллақандай жонивор ётар, қайсидир маймунни машина туртиб юборганга ўхшарди. Кетут унга яқинроқ келди. Миттигина қизғиш қўлли, кичкина бошли бир нима она ҳайвоннинг қорнига қапишиб, катта-катта кўзларини очганча, ўзига бақрайиб турганини кўрди.

“Вой бечорагина”,- дея шивирлади у раҳми келиб. Зум ўтмай, футболкасини ечиб, у билан жимитдек қора тукли маймунчани ушлади. Митти бармоқлари билан онасига қаттиқ ёпишиб олганидан иккисини авайлаб, аранг бир-биридан ажратди. Кейин тезда уни матога ўраб, орқахалтасига солиб олди.

Бозорга етиб келганида онаси сабзавотларни саралаётганди. “Мунча ҳаялламасанг? Билмайди деб ўйлама. Бир куни ўша маймунларинг тишлаб адабингни бермаса ҳали”.

“Йўқ, тишламайди. Улар мени яхши кўради,”- жавоб қилди Кетут.

“Ҳайвон борки, тишлайди”. Онаси ёнидаги қўшниси Кейд хонимга ўгирилди. “Бу боласи тушмагур доим жониворлар билан ўралашгани-ўралашган: жўжа ё ўрдак, кучук ё мушук, ва ё бобосининг қўтоси демайди, ҳаммаси билан ўйнашишга ишқибоз. Ўтган ҳафта ҳатто шолипоя сичқонини уйга кўтариб келибди.”

Кейд хоним кулди.

“Мол дўхтир бўлишим учун ҳайвонларни яхшилаб ўрганишим керак-да”,- бўш келмади Кетут.

“Бали оролида мол дўхтир йўқ”,- деди Кейд хоним. “Қишлоқдагилар қўтос, сигир ва чўчқаларига ўзлари ғамхўрлик қилишса, шаҳарликлар мушук ва итларининг уддасидан ўзлари чиқишади”.

“Мен эса зоопаркдаги ҳайвонлар дўхтири бўлсам, дейман”,- гап бергиси келмайди Кетутнинг.

“Ундан кўра аканг билан опангга ўхшаб раққос бўл”,- деди онаси аввалги гапини миллион марта такрорларкан. “Туристларнинг қадами узилмаса, уларнинг ҳар доим қиладиган иши бўлади”.

“Менинг рақсга тушгим келмайди. Мен маймунларга ғамхўрлик қилишни ёқтираман”,- минғиллайди Кетут. Бироқ онаси харидорга қалампир уруғи сотаётгани учун унинг гапини эшитмади.

Кетут бир соатча онасига ёрдам бераркан, бутун ўй-хаёли халтасидаги маймунчада бўлди. У роса очиққандир, деб юраги томилиб кетди.

“Ойи, бориб озроқ сув келтирсам майлими?”- сўради у онасидан.

“Яхшиси уйга боргин-да иккаламизгаям кокос олиб келақол, болам”,- жавоб қилди онаси.

Кетут хурсанд бўлиб уйга чопди, кокос ёнғоқларини топиб, тепа қисмини кесиб ташлади ва олиб кетиш учун эшик тагига тайёрлаб қўйди. Кейин бир парча матони сутга ботириб, футболкасидан секин маймунчани чиқарди ва сутни шошилмай унинг оғзига томизди. Жонивор сутни чўлпиллатиб юта бошлади, бироқ Кетут сут унга зарар қилмасмикин, деган хавотирда унга озроқ сув қўшиб берди. Сўнгра бананни эзиб, худди Бетти Миёвчани боққанида кўрганидек, оз-оздан маймунчанинг оғзига солди.

Маймунча бошқа овқат ейишни истамади, шунда Кетут уни кўтариб, ўғил ё қизлигини кўрмоқчи бўлди. Аҳ, у қиз экан. “Унда сенга Люси деб от қўяман. Қани, халтамга туш-чи, Люси, ойим кокосини кутиб қолди, тезроқ боришимиз керак”.

Қоқ тушда Кетут уйга қайтиб, бобосига шолипояда ёрдамлашди.

“Бобожон, маймун боласи онасининг сутидан бошқа нима ейди?”- сўради у.

“Ёнғоқ чақгулик тиши ўсиб чиққунча мева-чева билан озиқланади”,- жавоб қилди бобоси. “Аммо сен Муқаддас маймун оролидаги маймунларни боқишинг шартмас. Туристлар кун бўйи уларга бир нималар беради”.

Ўша куни кечқурун у халтасига Люсини яширганча “Сув саройи” маданият марказига Ваян ва Кадекка дастёрликка борди. Гарчи у ясан-тусан қилиб, рақсга тушишни истамаса ҳам, нафис раққос-у раққосаларга тикилиб ўтиришни ёқтирарди. Қолаверса, у балиликларнинг чангсимон чолғу асбоби, ноғораси ва бамбукли гамелан номли мусиқа асбоблар оркестри ижросини роҳатланиб эшитиб ўтирарди. Аммо бугун у кўздан панароқда Люсини овқатлантиришни истади.

“Кетут!”- чақирди уни акаси Кадек. “Қизғиш толадан келтириб берсанг-чи, костюмимни тикишим керак эди”.

Кетут Люсини қайтиб халтасига солди, нафас олиб туриши учун уни бўшроқ боғлади, халтани ўриндиқ тагига яшириб, тола келтиришга чопиб кетди.

Аммо Люсининг халтада қолишга тоқати йўқ эди. Шу боис у эпчиллик қилиб бармоқчалари билан халта тугунини бўшатди-да, ўн икки нафар раққоса қизларнинг нақ ўртасига сакраб чиқиб олди.

Раққосалар сербезак шляпаларини бошларига қўндирганча тилларанг куйлак ва жиринг-жиринг тақинчоқларини жаранглатиб саҳнада хиром айлар экан, Люси уларга жўр бўлди, ортларидан қолмай, ликиллаб-ликиллаб ўйнади. Раққоса қизлар бошларини бир томон буриб, бармоқларини орқага эгган маҳал, Люси ҳам уларга тақлид қилиб, чунонам яйрадики, томошабинлар хахолаб кулиб юборди.

Шу маҳал Кетут қизғиш тола кўтариб, қайтиб келди.

“Саҳнада маймун пайдо бўлди”,- шивирлади опаси. “Ҳамма қотиб куляпти”.

Кетут раққосалар ва Люси томошани тугатиб, саҳнадан бирин-кетин тушгунча кутиб турди, сўнг Люсини тутиб, тағин халтасига солволди.

“Мен уни Муқаддас маймунлар ўрмонига олиб бораман”,- деди у ҳаммага қарата.

Эртасига у битта банан, кичик балиқ бўлаги ва Люсини олиб, ўрмон тарафга чопиб кетди.

Аввал банан ва балиқ билан Беттини сийлади, кейин Люсини халтасидан чиқарди.Уни кўриши заҳоти Бетти ириллай бошлади, Люси эса Кетутга маҳкам ёпишиб олди. Шундан кейин Кетут Люсини бошқа маймунлар билан таништиргиси келди, аммо биронтасиям бунга қизиқиш билдирмади.

Кетут бозорга кечикиб келгани учун онаси унга қовоғини уйди:

“Кадек менга Сув саройида хиром қилган маймун ҳақида айтиб берди. Сен уни ўрмонга олиб кетмаганмидинг?”

“Ҳа, ўрмонга олиб боргандим”,- жавоб берди Кетут эҳтиёткорлик билан, аммо маймунчани у ерга ташлаб келмаганини айтгани йўқ.

“Яхши. Қани, кадамон (занжабилгуллилар оиласига мансуб ўсимлик), занжабил ва лимон-райҳонни узатвор-чи менга”.

Кейинги кун эрталаб Кетут Муқаддас маймунлар ўрмонига бормади. Бунинг ўрнига шолипояда куймаланиб, Люси билан андармон бўлди. Ҳарқалай, бу сафар мактабга боришдан аввал ойисига дўконда ёрдам бериш учун кеч қолгани йўқ.

Мактабда келгач, Кетут орқахалтасини парта остига яширди, бироқ Люсини овқатлантириш, унга яхшилаб керишиб ва увушган қўлларини ёзиб олишига имкон бериш учун ҳадеб ташқарига чиқишига тўғри келди. Устози, жаноб Буди бундан жуда асабийлашди.

“Агар дўхтириликка ўқимоқчи бўлсанг, диққатингни жаъм қилишни ўрганишинг лозим. Ҳадеб ташқарига чиқиб, ҳаммани безовта қилмаслигинг керак”,- деди у.

Тушликдан сўнг Кетут синфхонадан тез-тез чиқавермасликка ҳаракат қилди. Аммо Люси тушмагур роса зерикиб кетди ва Кетут синфдошлари билан ташқарига ўйнаш учун чиқиб кетганда, орқахалтанинг ипини секингина очиб, ташқарига чиқволди. Бошида у парталар устида ирғишлади, кейин бошқа ўқувчиларнинг сумкаларини титкилади, ичидаги озиқ-овқатни паққос туширди, ахири синфдаги китобларнинг варағини йиртиб, ҳаммаёқни тўзитиб ташлади.

Жаноб Буди ва болалар хонага қайтиб келишганда, Люси уларнинг орасида Кетутни кўриб чунонам ўзини бахтиёр ҳис қилдики, қувонганидан югурганча унинг бўйнига осилиб, маҳкам қучоқлаб олди.

Ўша куни кечқурун жаноб Буди Кетутнинг ота-онаси билан гаплашиб олиш учун уйларига келди.

“Хабарим бор, Кетутнинг жониворларга меҳри жуда баланд, катта бўлса, ундан зўр мол дўхтири чиқишига шубҳам йўқ, аммо у маймунчасини мактабга олиб келиши мумкинмас, шуни тушунтириб қўйинглар унга”,- дея илтимос қилди у.

“Вой, қанақа маймун!”- чўчиб тушди ойиси. “Кетутнинг ҳеч қанақа маймунчаси йўқ!”

“Ахир у миттигина маймун-ку”- аралашди Кетут. “Унинг онаси вафот этди, бу эса мени ўз онасидай кўради”.

Эртасига Кетутнинг отаси оила аъзоларини машинада Муқаддас маймунлар ўрмонига олиб борди ва у ернинг хўжайини билан учрашди. Хўжайин Кетутга жилмайиб қаради, бироқ Кетутнинг авзойи бузуқ эди. Отаси нега келганларини айтаркан, Кетут орқахалтасини очиб, Люсини чиқарди.

“Уни Беттига беришни истагандим, лекин у фақат Миёвчани хушлар экан, бошқа маймунлар бўлса Люсига ҳеч қизиқмади”,- тушунтирди Кетут.

“Чунки Люси сени ўзининг онаси деб билади, маймунлар эса бегоналарнинг боласини ҳечам ўзига олмайди”- тушунтирди хўжайин.

“Кетут асло маймуннинг онаси эмас, у бор-йўғи саккиз ёшли болакай холос”,- аралашди Кетутнинг отаси. “Люси бўлса Кетутга мактабда ташвиш туғдириб юрибди”.

Хўжайин бошини қимирлатаркан, “Ҳа, муаммо бўлиши бор гап, аммо Кетутнинг маймунларга бўлган муносабати таҳсинга лойиқ”, деди.

“У катта бўлса ҳайвонларни даволовчи дўхтир бўлмоқчи”,- деди Ваян айни пайтда укасига ачиниб.

“Ҳа, у менга буни айтди. Хўш, унда мана бундай қилсак, нима дейсизлар? Кетут ҳар кун эрталаб ўрмонга келиб, менга ёрдам берса, қандоқ бўларкин? Эвазига мен Люсига кўз-қулоқ бўлиб турардим, Кетут эса у билан ҳар куни кўришиб турарди, дам олиш кунлари эса уйгаям олиб кетиши мумкин”, – таклиф киритди хўжайин.

Кетутнинг ота-онасиям айнан шуни ўйлаб туришувди.

“Раҳмат сизга, жаноб. Бу чинданам зўр таклиф, бироқ мен оилада учинчи фарзандман ва ҳар куни бозорда ойимга ёрдам бермасам бўлмайди”. Шу гапни айтаркан, Кетутнинг кўзлари жиққа ёшга тўлди.

“Хавотир олма, бозорда мен ёрдам бериб тураман!”- деди Ваян. “Саккиз ёшимда қилган ишим-ку ахир”.

“Менам эплайман бу ишни. Галма галдан қилаверамиз”,- қўшимча қилди Кадек.

Ўрмон хўжайини Кетутнинг онасига қаради, аммо у дарҳол рози бўлмади, сал ўтгач, меҳри ийиб, “майли, розиман!” деди жилмайиб.

Сўнг хўжайин Люсига қўлини чўзди.

“У сени асло унутмайди, Кетут.” Кейин Люсига қарата “Сен зумрашани Бетти неча кундан бери кутиб ўтирибди. У жуда ақлли маймун,” деди.

“Люсиям жуда яхши маймун”,- деди Кетут маймунчани худди Бетти Миёвчани бағрига босгандай маҳкам қучоқларкан. “Нимага десангиз, бу маймунларнинг барчаси табаррук, узун думли макакалардир.”

 

Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси