Гоутама Сиддартан: Йўқлик пардаси

Гоутама Сиддартан, шоир, ҳикоянавис ва мунаққид, Ҳиндистон шарқидаги Мадрас университетида ўқиган. Тамил тилида ижод қилади, 10 дан ортиқ китоб чоп эттирган, асарларидан намуналар инглиз, француз, испан каби тилларга ҳам таржима қилинган. Ҳозир тамил тилида чиқадиган адабий журналга муҳарририрлик қилмоқда.

Ёввойи хантал

Бир финжон чой учун

чиқаман ташга

Саратон олови

ёғилар бошга

Баланд иморатлар

сояси – паноҳ

Бир бино қайрилма

томига ногоҳ

Ҳилвираб осилган

ишчи сояси

Устимдан ўтар нақ

жон ҳимояси

Офтобнинг тиғида

ҳайдалган тупроқ

Мисоли ис чиқиб

таралар шу чоқ

Майин, нафосат-ла

ўпар бошимдан

Сўнг бетон шаҳарнинг

соя-шарпаси

Чекинар ортига

йўқлик пардасин,

Бир лаҳза ичинда

хантал ёввойи

Портлайди дунёни

тутиб оҳ-войи.

Чигал вақт

Ризқимни ахтариб

Чиқаман уйдан

Остона ҳатлайсиз

ишга деб сиз ҳам

Бир кун учрашармиз

Иккимиз хуррам

Чигал вақт учади

Шаҳар устида

Соя ташлаган ул

Бургутдай ўктам.

Сариқ капалак

Тунов кун яйраркан

Гулзор қўйнида

Сариқ капалакка

Кетди-ку кўнглинг

Орқасидан учдим

Аммо бошим билан

Қалқиркан вақтнинг

Чексиз лаҳзасининг

Ичига тушдим

Бугун ул бошимга

Тиғин қадаган

Кунга айланди

Моҳир қўлларингга

Вақт узатаман

Оғзидан тинимсиз

Кўпик сачратар

Капалак қанотин

Ҳилпирашига

Уйқаш, басма-бас

Айни шу паллада

Қоқиб қанотим

Сариқ капалакка

Хайрихоҳ санаб

Оч йўлбарс юнгида

Чайқалган майин

сонсиз чизиқларда

Жўр бўламан мен.

 

(Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси)