ЛАЛИ ЦИПИ МИКАЭЛИ, исроиллик шоира
ПОЕЗД
Етти ёшимда ота-онам ва икки иним билан муҳожир ўлароқ Гуржистондан Исроилга отланганмиз. Наҳот энди ортга қайтиб келмаймиз, деган ҳислар аро поезд вокзалига етволганимиз эсимда. Аввал Московга, ҳашаматли меҳмонхонада тўлиқ бир кеча-кундузни ўтказишдан аввал эса, яна бошқа поездга ўтириб, Венага келгандик, у ердан Исроилга учганмиз. Тамоман бошқа бир дунёга тушиб қолгандик. 1972 йил январь ойининг ўрталари эди ўшанда. Шундан буён поездлар камина учун мисоли сафар рамзи бўлиб қолди. Ўз-ўзингга баҳо бериш рамзи. Янгича турмуш рамзи. Йўқотишлар рамзи. Темир изларга абадий сингган ва ё аксинча батамом унутилган яҳудий ДНК-си ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Мен учун овораи жаҳон кезиш-у инсоний қайғуни поезддан-да кучлироқ намоён этувчи ўзга бирор нарса мавжуд эмас. Ҳаттоки бу ер куррасидаги бошқа яралмишларга ҳеч тўхтовсиз транспорт вазифасини ўташи учун ёғочлар устига ўрнатилган темирйўл бўйлаб елиб ўтувчи яп-янги поезд бўлса ҳам. Шуларни хотирамда ёрқинроқ жонлантиришга интиларканман, ҳаётим давомида, ҳужжатли ё бадиий фильмларда, санъат кошоналарида кўрганим поездлар миямда айқаш-уйқаш жўш уради. Поезд деганлари шу тариқа поездсизликка дўнади, ўзим бўлса, қайдан келганим-у кимга тегишли эканим ҳақида ҳеч нарса билмайман, ҳеч нарса.