ЭМИЛИО ПАЗ 1990 йили Перу пойтахти Лимада туғилган. Фалсафа ва диншунослик фанидан сабоқ беради. “Сокин сентябрь”, “Айқаш-уйқаш ашъор”, “Ҳайдалганлар ялласи” каби шеърий китоблари нашр этилган, чет элларда ҳам босилган. Эстетика, таълим ва назм ўртасидаги боғлиқлик ҳақида тадқиқот олиб борган. “Каметса” номли журнал муҳаррири. Эмилио “Колибри қўшиғи” бадиий ўқиш тўгарагини ҳам бошқаради. Интернетда шеъриятга оид алоҳида блог юритади.
Шеърият
Назм –
Охирги ҳалқаси
Узун занжирнинг
Занжир –
Инсон маҳкам ушлаган матоҳ
Бўлмасин-чун унут
Унутмоқ –
Сўнгги ҳалқасидир
Узун занжирнинг
Ки ишора қилур
Тангрига мудом.
Ўргимчак
Ўргимчак – бу
Саккизоёқ шеър.
Ҳар оёқ – бир оят
Ҳар оят – бир қурбон
Ҳар қурбон – сукунат.
Дақиқа
Турлича ва махсус
Ҳолатда
Бир бўсага етар
Фурсатда
Бир дақиқа ичинда
Ширин
Мангулик яширин.
Ғайритабиий
Ушбу шеърнинг
Сеҳрли кучи
Тулки оғзидаги
Узунқулоқнинг
Озод бўлмоғига
Теппа-тенг.
Лўливаш
Базм-у жамшид,
Шароб,
Яланғоч замин
Ачом,
Ўпич-ўпич
Баддуо.
Марҳамат –
Бўз йиллар,
Қирмиз шифт.
Бурчакда
Бир хумпар
Аврар бир қизни
Ҳовлида
Чағалай
Қучади йигит.
Бу кун нарёғида
Нима бор ўзи?
Қизил кўйлак кийди
Ваҳоланки
Субҳ.
(Инглизчадан Аъзам Обид таржимаси)