Эҳ, хом каллам! (митти баёнот ўрнида)
Камина шу кунгача Аллоҳ изни билан ва Унинг розилиги учун шу эл-юрт адабиёти ва санъати халқаро тарғиботи йўлида қуйидаги арзимас ишларни қилди, беадад шукур:
– 100 га яқин ўзбек шоир ва ёзувчиси, шу жумладан, ҳазрат Навоий асарлари инглиз тилига таржимаси; чет элларда газета, журналда чиқариш, китоб ҳолида босиш;
– Ўзбек шеърияти ва насрининг қатор хорижий тилларга таржимасида кўприк бўлиш;
– Ўзбекистонлик ўнлаб ёзувчи, шоир ва рассомларнинг халқаро фестиваль, ижодий дастур ва анжуманларга боришида техник кўмак ва маънавий рағбат;
– “Қуш тили”, “Илонбалиқ” халқаро шеърият антологиялари;
– “Тошкент метросида шеърият” митти видеолар лойиҳаси;
– Ойбек ва Сулаймон Юдаков уй-музейларида адабий, маданий, мусиқий тадбирлар, кўргазмалар ташкиллаштириш;
– Инглиз тилида суҳбат клубини юритиш;
– “Устозларни йўқлаб” лойиҳаси;
– “UzLAB” халқаро ижодий туризм дастури;
– “Чет эллик ёзувчи, шоир, рассом, музей ходими, маданият тарғиботчиси Ўзбекистонда резиденцияда” 15 кунлик ижодий резиденция дастури;
– Қамчиқ довони, Регистон майдони, Ичан қалъа, Арк саҳнаси ва деҳқон бозори каби гавжум жойларда халқаро ижодкорларнинг бадиий ўқиш сессиялари;
– Чет элларда ўзбек адабиёти ва санъати кунлари ташкил этиш;
– Чет элларда Ўзбекистонга бағишланган фото ва видео кўргазмалар, фильмлар намойишини ўтказиш;
– “Митти адабий видеолар” лойиҳаси;
– Тошкент маҳаллаларидан бирида Халқаро ижод уйи барпо этиш ташаббуси;
– Нью-Йорк, Берлин, Париж, Лондон каби йирик шаҳарларда Навоий институтларини очиш таклифи;
– “Митти кўприк” Телеграм каналида энг илғор халақаро адабий ташаббуслар, адабиёт ва санъат мустақиллиги, ижодкорлар учун грантлар, чет элга чиқиш ва танилиш йўллари, саёҳатномалар бўйича оригинал постлар;
– Наманганни ЮНЕСКО адабиёт шаҳарлари рўйхатига киритиш бўйича жиддий таклиф ва амалий ҳаракат;
– Ўзбекистонда йиллик халқаро шеърият ва ёзувчилар фестивалини тезроқ бошлаш таклифи;
– Университетларда адабиёт, санъат лойиҳалари координаторлари, адабиёт тарғиботчилари номли махсус мутахассисиликлар очиш таклифи;
– Ўзбек шоир, ёзувчиларини чет элдаги элчихоналаримизга маданият атташеси, элчи сифатида юбориш таклифи;
– Адабий агентликлар, мустақил ижодий ташкилотлар очиш ташаббуси;
– Ўзбек адабиёти ва санъатини мустақил ривожлантиришга йўл очишини сўраб мамлакат президентига мурожаат ва ҳоказо.
Нимаики қилган бўлсам, ҳамма хизматларимдан мингдан-минг розиман, қилолмаганларим учун халқимиз рози бўлар, деб умид қиламан. Албатта, бу ишларнинг аксарини оилам ва дўстларим кўмагисиз ҳечам амалга ошира олмаган бўлардим. Аммо ҳеч қачон ҳукумат ёрдамига кўз тикмадим, мукофот ё манфаат тиламадим.
Бундан буён бу лойиҳа, дастур ва ташаббусларни шу келган жойида тўхтатаман. Яъни “адабиёт ва санъатимизнинг халқаро майдондаги тарғиботчиси” бўлишдай вазифамни чеклашга қарор қилдим. Мабодо кимдирам (балки ёш ижодкорлар кенгаши?) ва ё ўз ишини очишни истаган фаол ижодкор ёшлар уларни давом эттиришни истаса, каминага қўнғироқ қилишса, икки қўллаб уларга бу ташаббусларни узатишга тайёрман.
Мен ўзимча бу ухлоқ, мудроқ қалбларни уйғотаман, илҳомлантираман, деб орзу қилган эканман. Ваҳоланки, бунга ҳали неча ўн йиллар керак бўлади, валлоҳу аълам! Ўзбилармонлик, манфаатпарастлик, коррупция, танбаллик, такасалтанглик, ҳасад,, мулоқотга очилмаслик, қўллаб-қувватламаслик, нафсга қуллик, тагига сув қуйиш нафақт энг катта мулозимлар, балки ижод аҳли даврасига ҳам чуқур илдиз отиб кетган эканки, шунча йил кўриб-кўрмасликка олиб юрган эдим.
Албатта, ўз ижодим давом этади. Ёзганларим ва насиб этса ёзадиганларимни мана бу муаллифлик сайтимда кўриб боришингиз мумкин: www.azamabidov.uz. Телеграмдаги “Mitti ko’prik” каналимни ҳам ўчирмайман, “халқаро ижодкор” бўлишни истаганлар ундаги материаллардан бемалол фойдаланишса бўлади.
“Ҳадеб умримнинг Яратгангагина аён қолган қисмини беҳуда чиранишларга сарфлашни бас қил энди, эй, хом каллам!”дейман ўзимга-ўзим бундан буён! Бир дўстим айтмоқчи, кўзим очилгани ва ақлим киргани рост бўлсин-да ишқилиб.
Аъзам Обид