Наманган фидойилари

Азиз инсонлар хотираси

Бугун жонажон Ватанимиз Ўзбекистон катта ўзгаришлар, янгиланиш ва дунёга очилиш палласида турибди. Унинг яқин ўтмишида фидокорона меҳнати, самимий хизмати билан ривожланишга ўз ҳиссасини қўшган жуда кўп мўътабар инсонлар яшаб ўтишди бу заминда. Хусусан, Наманган вилоятининг ҳозирги қиёфаси, чирой очишида кўплаб заҳматкаш инсонларнинг пешона тери, шу ўлкага садоқати, меҳр-муҳаббати катта аҳамият касб этган.

Таваллуд куни арафасида эсга олиб, эзгу ишларини, ўрнак бўлгулик ҳаёт йўлини яна бир карра эътироф этишни истаганимиз бугунги қаҳрамон – бу раҳматли ИРМАТОВ АДҲАМЖОН. Марҳамат, қизлари, моҳир педагог, кўп йиллар таълим соҳасида ҳормай-толмай ёш авлодга энг зарур билимларни бериб келаётган Гулнора Адҳамовнанинг дил сўзларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

Дадажоним Ирматов Адҳамжон 1931 йил 10 май куни Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида таваллуд топганлар. Онажоним Ирматова Хатима Якубовна эса 1933 йил 29 декабрда Урганч шаҳрида туғилганлар. Улар биргаликда Тошкент иқтисодиёт институтида ўқишган. Ўқишлари тугагач, уларга Андижон шаҳрида ишлаш учун йўлланма беришган.

Онам мебель ишлаб чиқрувчи фабрика режалаштириш бўлими мудираси бўлганлар. Отам Ирматов Адҳамжонни эса шаҳар партия қўмитасига, кейинчалик вилоят партия қўмитасига ишга ўтказишган.

1961 йили Андижон ва Наманган вилоятлари бўлинганда, отамни Наманган вилоятини ривожлантириш ишларига сафарбар қилишган. Қисқа муддат ичида улар жуда катта ишни амалга оширишган. Масалан, улар шаҳарга Жийдакапа ва Учқўрғондан ичимлик суви, Бухородан газ тортиб келишган, “Мингчинор” ва бошқа йирик массивларни барпо этиб, ободонлаштириш ишига бош-қош бўлишган.

Шаҳарда мусиқа билим юрти, мусиқа мактаблари, спорт масканлари, концерт заллари, истироҳат боғлари ва бошқа йирик иншоотлар қуришган.

Ота-онам тўрт нафар фарзанд кўриб, ҳаммамизни илмли, ўқимишли қилиб тарбиялашган. Фарзандларининг ҳаммалари олий ўқув юртларини тамомлаб, ҳозирда турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда.

Катта қизлари Тошкентдаги Консерваторияда ишлайди, ўғиллари Москва давлат университетида доцент, яна икки нафар қизлари эса Наманган шаҳридаги 7-мактабда ўқувчиларга таълим бермоқда.

Инсон ҳаёти қизиқ-да: Ўшда туғилиб, Тошкентда ўқиб, Андижонда ишлаб, кейинчалик Наманганни гуллаб-яшнатишда жонбозлик қилиш… Албатта, бу ишларни отамнинг бир ўзи амалга оширган эмас. Унинг ёнида ҳамиша дилкаш ҳамкасблари, меҳрибон шогирдлари ва ҳаммаслак дўстлари бўлган.

Булар орасида Тен Ҳай Дон, Ҳайитвой ака Азимов, Иброҳим Камолович Ҳусниддинов, Мелихон-ая Ибрагимова, Хосият Мамажоновна ва бошқа муҳтарам зотларни алоҳида санаб ўтса арзийди. Уларнинг барчаларига машаққатли меҳнат ва фидокорона хизматлари учун ташаккур айтгим келади.

Падари бузкурворимнинг 90 йилликлари муносабати билан у кишини ёд этарканман, улар қилган меҳнат, бошларидан ўтказган ҳаёт ва катта тажриба бошқалар учун ҳам ўрнак бўлса ажаб эмас, деган умиддаман. Аллоҳ ота-онамизнинг руҳларини шод айласин!

Ирматова Гулнора Адҳамовна