НОРМАН КРИСТОФОЛИ Канадада туғилган, ҳозир Монреаль шаҳрида яшайди. У бир нечта шеърий ва насрий китоблар муаллифидир. Шунингдек, у йирик мушоира иштирокчилари чиқишини иккита аудиотасмага муҳрлаган. Норман 25 йилдан буён “Севги тўлғоғи” номли адабий журнал чиқаради. У “Қаҳваҳона” ижодкорлар тармоғига қарашли сайтнинг асосчиларидан бири ва бошқарувчиси ҳамдир. “Майхона” номли пьесаси ва “Тарки ўтмиш” шеърий тўплами 2020 йили нашр этилган.
ФИРЪАВН ЭХНАТОН
Улоқтириш ўздан илоҳни
Англамоқ ё қилмоқлик қабул –
Ўзингнинг ҳеч эканлигинг-у
Ҳамма нарсалигинг ё буткул
Сувга боқ ҳам кузат ҳаётни
Қалбга назар – Ҳақни кўрмоқ ул
Билмоқ – ҳою ҳавас ўрнига
Орзу эмас – тириклик тоти
Тубсизликдан чаппа қуламоқ
Кун бағрига – Қуёш ғазоти
Тафаккур-ла билмоқ:
Ўз ичимизда
Зулмат ва нур
Манба-бисоти.
***
СИМФОНИЯМ МЕНИНГ
Сен-ла қовушмоқ
ғижжак ноласини эшитишдай гап
Эҳтиросинг
виолончель товшидай теран
Митти най сингари эшилар ногоҳ
ҳиссиётимиз
Тилларанг қўшнайдек
жонли иштиёқ
Ноғора зарбига менгзар юрагим
сен-чи сонатадай борурсан оқиб
ошар ҳайратим
Ҳар нота тобора чиқар авжига
симфоник ваҳийга кетади ўхшаб
Ҳар ишқ лаззати
***
ТАШРИФИ ИЛОҲ
Пайғамбарнинг эгнига илган
“Яҳ” деб ёзилганди кўйлаги
Ҳалоллик ва шифо ҳақинда
“регги” усулида куйлади
Кейин илоҳ кирди ичкари
Ҳилпиради сим-сиёҳ ридо
Тебраниши олис оқшомдай
Олмос кесимидай кавкаблар тожи
Болалар тилида қилди хиргойи
“Блюз” усулида айлади хониш
ўткир овози
ложувард тус олди қуёш нурлари
наҳрлар ҳам бўлди топ-тоза
ягона зид нота бузди-ку
пианино чалиш тарзини
Пайғамбар қилди сўнг овоза:
Диққат, диққат, эй аҳли мурид!
Бошлаймиз тез қатл дарсини
(Инглиз тилидан Аъзам Обид таржимаси)